“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини Янги Ўзбекистоннинг порлоқ келажаги, унинг эртанги тараққиёти, ўзбек халқининг фаровон ҳаёти учун босиб ўтиладиган йўлларнинг маълум босқичдаги мукаммал режаси дейишимиз мумкин. Илгари ҳар беш йиллик давр учун стратегия тузилар эди: 2017 йилда 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”, 2022 йилда эса 2022-2026 йилларда “Янги Ўзбекистонни ривожлантириш” стратегияси қабул қилинган. “Ўзбекистон – 2030” эса етти йиллик муддат учун ишлаб чиқилди.

Айтиш керакки, кенг жамоатчилик муҳокамаси, халқаро экспертиза, мутахассислар фикри ва таҳлиллари ҳамда йиллар давомида орттирилган тажриба асосида тузилган мазкур режада ватанимизнинг 2030 йилгача амалга ошириши керак бўлган муҳим вазифалари рўйхати белгилаб олинган бўлиб, ушбу ҳужжат мамлакатда тизимли равишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг узвийлиги ва мантиқийлигини таъминлашга хизмат қилади.

Стратегияда бешта устувор йўналиш танланган бўлиб, улар таркибида 100 та муҳим мақсад ўрин олган:

  • ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш;
  • барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш;
  • сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
  • қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш;
  • “хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш.

Мазкур йўналишлар рўйхатининг энг аввалида таълим ислоҳоти тургани барча соҳалар ривожи ушбу тизим сифатига боғлиқ эканини кўрсатади. Дарҳақиқат, қайси соҳани олмайлик, ундаги кадрлар фаолияти, албатта, олган билими ва эгаллаган тажрибасига боғлиқ эканлиги яққол намоён бўлмоқда. Яхши таълим олган педагог яхши ўқитади, яхши таълим олган юрист кучли адвокат бўлади ва ҳоказо. Яъни таълим тараққиёт пойдевори эканлиги баайни ҳақиқатдир.

Мазкур ҳужжатда мактабгача, умумий ўрта, профессионал ва олий таълим муассасаларини янада ривожлантириш, айниқса барча йўналишларда инновацион фаолиятни кенг жорий этиш, илмий тадқиқотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган мақсад-вазифалар ҳамда уларнинг амалдаги ижросини таъминлаш муҳим вазифа сифатида белгилаб қўйилган. Тизимдаги ислоҳотлар билан танишар эканмиз, олий таълим соҳасида 2030 йилгача рўй берадиган ўзгариш ва янгиланишлар замирида мамлакатимиз тараққиётининг шундан кейинги босқичларида фаолият юритадиган етук, салоҳиятли кадрларни тарбиялашга қаратилган долзарб вазифалар белгиланганлигига амин бўламиз.

Ислоҳотлар бошланғич таълимдан то олий таълимгача узвийлик асосида, босқичма–босқич белгилангани эътиборга моликдир. Бу ўринда олий таълим қамровини кенгайтириш пировардида билимли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш борасида қатор муайян кўрсатмалар берилади. Ёшларнинг олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш, умумий ўрта таълим ташкилотларини олий маълумотли педагог кадрлар билан тўлиқ таъминлашга доир вазифалар шу жумладандир. Соҳани жаҳоннинг илғор тажрибалари асосида такомиллаштириш юзасидан 30 та олий таълим муассасасининг таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, “Топ-500”га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури асосида “икки дипломли тизим”ни жорий этиш, 10 та олий таълим муассасасини дунёнинг энг нуфузли “Топ-1000” олий таълим ташкилотлари рейтингига киритишга эришиш, илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш ва илмий салоҳиятни 70 фоизга етказиш каби кўрсатмалар белгиланганлиги мазкур йўналишда том маънода янги давр бошланаётганидан дарак беради.

Стратегияда ёшларимизнинг тўлақонли шарт-шароитларда, шахсий ривожланишнинг халқаро тамойиллари асосида билим олишларини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаш керак. Қўшимча 120 минг ўринли ўқув бинолари ҳамда 150 минг ўринли талабалар турар жойларини қуриш, кутубхоналарни камида 1 миллионта замонавий адабиётлар билан тўлдириш ва кутубхона фондини тўлиқ рақамлаштириш, фундаментал тадқиқот йўналишини ривожлантириш ва 8 та етакчи хорижий илмий мактаблар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, тил ва адабиёт, тарих, археология, маданият ва санъат йўналишларидаги илмий дастурлар учун 2 триллион сўм ажратиш белгилангани юқоридаги фикримизнинг ёрқин далилидир.

Илм-фан тараққиётини жадаллаштириш мақсадида ёш тадқиқотчиларнинг улушини ошириш, уларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлашга доир аниқ мезонлар ишлаб чиқилгани ёшларга ва хусусан илм аҳлига қаратилган юксак эътибор тимсолидир. Бу борада 40 ёшгача бўлган тадқиқотчиларнинг улушини камида 60 фоизга етказиш, илмий ташкилот ходимларининг иш ҳақини ўртача 2 баробарга ошириш,  илмий, амалий, инновацион ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш бўйича йиллик танловлар сонини 20 тага етказиш, стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура, докторантура ҳамда мақсадли докторантура квоталари сонини 5 200 тага етказиш белгилангани ғоят қувонарлидир.

Халқ муҳокамасига ҳавола этилган мазкур ҳужжат айнан халқ фаровонлиги ва унинг ижтимоий-маънавий тараққиётига қаратилганилиги билан улуғвордир. Унда аҳолига ғамхўрликни кучайтириш, ижтимоий ҳимоя қилиш ва қулайликлар яратиш мақсадида ҳар бир шаҳар ва туманларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолиятини ташкил этиш, камбағаллик даражасини қисқартириш, аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш, ижтимоий суғурта тизимини такомиллаштириш, фуқароларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш сингари ўнлаб ҳаётбаҳш ислоҳотлар белгилаб қўйилган. Жумладан, одамларнинг замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш бўйича касбий кўникма ва малакаларини ривожлантириш, ҳунар ва замонавий касбларга ўқитиш орқали ишсизликни камайтириш, ҳудудларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш орқали хизмат кўрсатиш ҳажмини 3 бараварга ошириш, ўрта ва йирик шаҳарлар ҳамда аҳолиси 300 мингдан кўп бўлган туманларда замонавий бозор хизматлари, IT, таълим, тиббиёт, юридик, санъат, туризм, меҳмонхона ва умумий овқатланиш ҳамда транспорт хизматларини ривожлантириш каби кенг кўламли вазифалар замирида элнинг турмуш тарзини яхшилаш, моддий таъминотини мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда.

2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 2 баробар ошириш ва “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш Янги Ўзбекистон учун катта мақсаддир. Бу борада белгиланган ишлар сирасида маҳаллий хомашё базасидан самарали фойдаланиш ва илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик йўналишларида 8 та илмий-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш, саноатнинг “драйвер” соҳаларини ривожлантириш ва ҳудудларнинг саноат салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, банк тизимида ислоҳотларни жадаллаштириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини 25 минг МВт ҳамда жами истеъмолдаги улушини 40 фоизга етказиш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини зарур энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва рентабеллик даражасини кескин ошириш каби муҳим йўналишлар алоҳида ўрин олган.

Сўнгги йилларда муҳим соҳалар сирасидан мустаҳкам ўрин эгаллаган табиат имуҳофазаси борасида ҳам талай вазифалар илгари сурилган. Экология ва сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини ривожлантириш, қонун устуворлигини таъминлаш, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини халқнинг чинакам “овозига” айлантириш, халқ билан мулоқотни янада кенгайтириш орқали аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича белгиланган кўрсатмалар атроф оламдаги жараёнларни бошқариш ва мавжуд ресурсларни асрашда янгича ёндашувни таъминлайди. Шунингдек, эркин фуқаролик жамиятини ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, Ўзбекистонни фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича хабга айлантириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ва энг муҳими, коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш борасида ҳам аниқ вазифалар рўйхати тузилгани аҳамиятлидир.

Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатини халқ ва давлатнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда изчил амалга ошириш, Марказий Осиё минтақасида амалий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш, хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш, улар билан доимий мулоқот тизимини жорий этиш, чегаралар хавфсизлигини мустаҳкамлаш каби долзарб вазифалар бажарилиши юртимиз тараққиётининг асосий омиллари сифатида алоҳида белгилаб қўйилган. 

Хулоса қилиб айтганда, ушбу маҳобатли режа давлатимиз тараққиёти учун зарур барча мезонлар пухта ишлаб чиқилганлиги билан тарихий аҳамиятга эга эканлиги тайин. Шубҳасизки, бу жаҳон ҳамжамияти  олдида давлатимиз мавқеи ва обрўсини янада мустаҳкамлашга ва олий мақсадимиз  бўлмиш инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади.

Акмал Ўринов,

ФарДУ аграр қўшма факультети декани,

доцент,

Иқтисодиёт фанлари номзоди