Бунда янада тараққий этишимиз учун амалга ошириладиган ишларни белгиловчи ҳужжат қабул қилишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Бугунги кунда кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси айнан шундай ҳужжатдир.

“Ўзбекистон – 2030” лойиҳасида бешта асосий йўналишни кўришимиз мумкин. Уларни амалга ошириш учун 12 кичик йўналиш ҳамда 100 мақсад қамраб олинган.

Биринчи устувор йўналиш ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратишга бағишланиб, унда 5 кичик йўналиш ва 44 мақсад акс этган. Мазкур устувор йўналиш кўриб чиқилаётган стратегиянинг энг катта қисми саналади. Унда таълим тизими, аҳоли саломатлиги, ёшларга оид давлат сиёсати ва спорт йўналиши, маънавий тараққиётни таъминлаш ҳамда маданият соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва қамбағалликни қисқартириш бўйича ислоҳотлар назарда тутилган.

Биринчи устувор йўналишда аксарият мақсадли кўрсаткичлар таълим қамровини ошириш, илм-фан ва таълим инфратузилмасини такомиллаштириш билан боғлиқ бўлиб, айрим ҳолларда эришиш кўрсаткичлари умумий тусга эга. Фикримизча, бунда асосий эътибор манзилли ёндашувга қаратилиши лозим.

Хусусан, лойиҳада мактабгача таълим ва тайёрлов гуруҳлари билан қамров даражасини 100 фоизга етказиш назарда тутилган. Мазкур режани амалга оширишда ҳудудлар бўйича манзилли ишлаш мақсадга мувофиқ. Чунки 2019 йил ҳолатига кўра 3–7 ёшли болаларнинг мактабгача таълим билан қамрови Тошкент шаҳрида 102 фоизни, Сирдарё, Жиззах, Хоразм, Самарқанд вилоятларида 80 фоиздан кўпроқни, Тошкент, Наманган, Фарғона, Навоий вилоятларида 70–80 фоиз атрофида, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида 70 фоиздан камроқни ташкил этган. Шу сабабли мактабгача таълим билан қамровни ошириш масаласини айнан қамров даражаси паст бўлган ҳудудлардан бошлаш лозим.

Республикада 2 мингта боғчани ташкил қилиш режаси ҳам қамров даражаси паст бўлган ҳудудларда амалга оширилиши мақсадга мувофиқ (мисол учун Сурхондарё вилояти Денов ва Олтинсон туманларида, Бухоро вилояти Когон ва Қоракўл туманларида 2019 йил ҳолатига кўра 3–7 ёшли болаларнинг мактабгача таълим билан қамрови 30–40 фоизни ташкил этган).

Давлат-хусусий шериклик асосида умумий ўрта таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, 700 та поликлиника барпо этиш, 28 минг шифо ўрни яратиш, 16 минг шифокор штатини ташкил этиш, 56 минг километр йўлларни қуриш ва таъмирлаш каби лойиҳаларни амалга оширишда ҳам тегишли ҳудудларни белгилаш лозим. Бу каби масалаларни “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини муайян йилларда амалга ошириш режасида назарда тутиш ҳамда ҳудудларни аниқлаштириш зарур.

Таълим соҳасидаги институционал таклифлардан бири 208 та “Истеъдод – Интилиш – Истиқбол” номли мактаб-интернатлар ташкил этиш масаласи саналади. Бунда ҳам чуқур таҳлил бор. Чунки умумий ўрта таълим соҳасини ихтисослаштириш афзалликлар (муайян ихтисослик бўйича кадрларни тайёрлаш, иқтидорли ёшларни танлаш) билан бир қаторда айрим камчиликларга (мактаблардаги таълим сифатидаги фарқлар, ўқувчилар орасидаги норасмий бўлиниш) эга. Ихтисослаштирилган мактабларга ота-оналарнинг қизиқиши фарзандларига умумий ўрта таълимдан кўра ихтисослаштирилган мактаблардаги таълимни афзал кўраётганида ҳам кўринади. Лекин барча мамлакатларда ҳам ихтисослаштириш таълим сифатини оширишга ёндашув сифатида қаралмайди. Мисол учун, тажрибаси дунёга машҳур Финляндияда мактаблар болаларнинг билим ва кўникмасига қараб ихтисослаштирилмаган. Хусусан, Ўзбекистонда Финляндиянинг мактаб таълими соҳасидаги тажрибасини жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда (2023/2024 ўқув йилида Қашқадарё вилоятидаги 48 мактабда Финляндия таълим тизимини жорий этиш топширилган эди). Мазкур масалани амалга оширишда таълим сифатини барча таълим тизимларида бир хил юқори даражада бўлишига эришиш лозим.

Иккинчи устувор йўналиш барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилиб, унда 17 мақсад акс этган.

Мазкур йўналишдаги айрим масалаларни ҳам аниқлаштириш, хусусан, амалга ошириш механизмларини батафсил баён этиш керак. Жумладан, давлат қарзини бошқариш стратегияси, “натижага йўналтирилган бюджетлаштириш” амалиётига ўтиш, маҳаллий инвесторларга хорижий инвесторларга берилганидан кам бўлмаган имтиёзлар бериш, судга киритилган даъволар бўйича кредитларга оширилган фоиз ва жарима ҳисоблашни тўхтатиб туриш механизмларини жорий қилиш каби масалалар иқтисодий таҳлиллар билан бир қаторда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилишини тақозо этади. Шу билан бирга, иқтисодиёт соҳасини қонунчилик асосида тартибга солишда жуда эҳтиёткор бўлиш ва бозор иқтисодиёти негизларига путур етказмаслик лозим.

Йўналиш доирасида жойларда муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни қуришда ҳудуднинг узоқ муддатли (камида 20 йилгача) ижтимоий-иқтисодий ва демографик ривожланишини инобатга олган ҳолда амалга ошириш назарда тутилган. Бугунги кунда энергия тақчиллиги ва янги қурилиш ишлари олиб борилаётганини инобатга олган ҳолда, йирик шаҳарлар ва туманларда, вилоят марказларида мавжуд инфратузилма ҳамда энергия тармоқларининг амалда мавжуд ва қурилаётган объектларни таъминлаш учун етарли эканини текшириш амалиётини йўлга қўйиб, барча тугалланган объектларни хатловдан ўтказиш мақсадга мувофиқ. Айни пайтда, иқтисодий-ижтимоий инфратузилмани яратишда авваламбор шаҳар ва туманларнинг бош режасини ишлаб чиқиш ва кейинчалик тегишли лойиҳаларни амалга ошириш зарур.

Учинчи устувор йўналиш сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бағишланиб, унда 2 кичик йўналиш ва 12 мақсад назарда тутилган. Мазкур йўналишда сув ресурсларини тежаш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ислоҳотлар белгиланган.

Мазкур устувор йўналишда сувга алоҳида эътибор берилгани бежиз эмас. Айнан сув ресурслари энг долзарб муаммолардан бири. Маълумотларга қараганда 2030 йилга бориб Ўзбекистонга 7 миллиард куб метр сув етишмаслиги мумкин. Сувдан мақсадсиз фойдаланиш ва сув ресурслари етказиб беришда назорат масалаларини ҳал этиш биз учун фавқулодда муҳимдир. Бинобарин, мазкур йўналиш доирасида сув истеъмоли ва сувдан фойдаланиш устидан таъсирчан назорат қилиш механизмини яратиш масаласини ҳам киритиш мақсадга мувофиқ.

Яна бир муҳим масала – атроф-муҳит барқарорлигини таъминлаш. Мазкур устувор йўналишда бу масалага оид 8 мақсад акс этган. Бу соҳа, афсуски, энг муаммоли соҳалардан бири бўлмоқда. Статистик маълумотларга кўра, ҳар дақиқада Ўзбекистоннинг 9 квадрат метр ҳудуди чўлланиб боряпти. Шу сабабли лойиҳада республикада яшиллик даражасини ошириш, атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш, биохилма-хилликни таъминлаш бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгиланган. Бироқ бу борада ҳам амалиётда турли муаммолар вужудга келиши мумкин. Хусусан, “Яшил макон” лойиҳаси амалга оширилаётганига қарамай, кўчат экишни қўшиб ёзиш, кўчатлар қуриб қолиши кузатилмоқда. Хусусан, суғориш тизими йўқ жойларга экилгани сабаб 10 миллион ниҳол нобуд бўлган, дарахт кўчатларини йўллар бўйида экиш ишлари 33 туман ва шаҳарда умуман бажарилмаган. Шу сабабли ҳам экологик чора-тадбирларни, хусусан, “Яшил макон” лойиҳасини амалга оширишда экологик вазиятни яхшилаш, аҳолига қулай яшаш ва тоза ҳаво муҳитини яратиш бўйича масъул идоралар жавобгарлиги ва бажариши лозим бўлган вазифаларини аниқ белгилаш керак. Лойиҳаларни амалга оширишда ҳудудларнинг географик жойлашуви ва иқлими, мавжуд ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини инобатга олиш мақсадга мувофиқ.

Тўрттинчи устувор йўналиш қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, деб номланиб, унда 2 кичик йўналиш ва 16 мақсад ўрин олган. Мазкур устувор йўналиш халқ хизматидаги давлатни ташкил этиш, жамоатчилик бошқарувини такомиллаштириш ва қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларга бағишланган.

Эътиборли жиҳати, мазкур устувор йўналиш доирасида қонунчиликни ихчамлаштириш ишлари назарда тутилган. Хусусан, қонунчилик ҳужжатларини мақбуллаштириш натижасида тартибга солиш юкини камида 30 фоизга қисқартириш, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларни қабул қилиш амалиётини кенгайтириш, улар улушини камида 60 фоизга етказиш, маҳаллий кенгашлар фаолиятига оид 500 дан ҳамда ҳокимликлар фаолиятига оид 500 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатини тизимлаштириш режалаштирилмоқда. Бу каби ишларни амалга оширишда ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амалиётдаги ижроси аниқ таҳлил қилиниши, шу асосда тизимлаштирилиши ва мақбуллаштирилиши керак. Бунда асосий эътибор қонунчиликни тартибга солиш таъсирини тўлиқ баҳолашга қаратилиши мақсадга мувофиқ.

Яна бир муҳим масала айрим давлат функцияларини қайта тақсимлаш ва бекор қилиш билан боғлиқ. Лойиҳада маҳаллий кенгашларнинг 300 дан ортиқ функциясни қайта кўриб чиқиб, ўзига хос бўлмаганини бекор қилиш, ҳокимликлар ва вазирликлар бўлинмаларининг бир-бирини такрорловчи 70 дан ортиқ функциясини оптималлаштириш, ҳокимликларга юклатилган 500 дан ортиқ вазифа орасидан улар фаолиятига хос бўлмаганларини бекор қилиш назарда тутилган. Фикримизча, бу ишларни амалга оширишда ҳуқуқий эксперимент сифатида режаларни амалиётда синаб кўриш ва шу асосда тегишли ваколат ва функцияларни бекор қилиш ёки мақбуллаштириш лозим. Шунингдек, республика миқёсида амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлардан олинган тажрибани қўллаш ҳам фойдадан холи эмас.

Иқтисодиёт ва молия, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари, Солиқ қўмитаси каби давлат органларининг камида 30 фоиз ваколатларини маҳалла даражасига тушириш ҳамда маҳаллаларда 100 дан ортиқ давлат хизматларини “бир қадам”да кўрсатишни йўлга қўйиш вазифаларини амалга оширишда маҳалла давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимига кирмаслигини ҳам инобатга олиш зарур.

Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар доирасидаги айрим мақсадли кўрсаткичлар объектив сабабларга боғлиқ. Хусусан, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш амалиётини 2 баробарга камайтириш ҳамда гаров ва бошқа муқобил эҳтиёт чоралари улушини 2 баробар ошириш, озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш каби кўрсаткичларга эришиш бевосита содир этилган жиноятлар сони ва уларнинг ижтимоий хавфлилик даражасига боғлиқ. Бундай мақсадли кўрсаткичларни қайта кўриб чиқиш, унинг ўрнига жиноятчилик сабаб ва шарт-шароитларининг олдини олиш механизмларига эътибор қаратиш яхши самара бериши мумкин.

Судга қадар босқичда ҳал этиладиган низолар тоифасини 50 фоизга ошириш, судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сонини 50 фоизга камайтириш каби мақсадли кўрсаткичларга эришишда ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатланганини эътиборга олиш лозим Бу мақсадларнинг мазмуни бўйича кўпроқ низоларни судга қадар ҳал қилиш механизми афзалликларини тарғиб қилиш, мазкур амалиётни қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.

Бешинчи устувор йўналиш мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттириш бўлиб, унда 2 кичик йўналиш ва 11 мақсад акс эттирилган. Мазкур устувор йўналиш очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш ҳамда мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтиришга йўналтирилган. Бу йўналишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни ҳам алоҳида кўрсатиб ўтиш керак. Чунки бугунги кунда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиб содир этилаётган турли ҳуқуқбузарликлар сони ортиб бормоқда. Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилда кибержиноятлар натижасида дунё миқёсида етказилган зарар 6 триллион долларни ташкил этади, ҳар куни ўртача 2328 та  кибержиноят содир этилади. Ўзбекистонда ҳам рақамлаштириш жараёни жадаллашаётган бир вақтда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш муҳим саналади.

Умуман олганда, лойиҳада муайян масалаларни ҳал этишда хусусий секторни жалб қилиш, давлат-хусусий шериклик улушини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 12 мақсадли кўрсаткичда давлат-хусусий шериклик шартлари қўлланилиши, 17 ҳолатда соҳага хусусий секторни жалб этиш назарда тутилган. Мазкур ишларни амалга оширишда турли коррупциоген ҳолатлар вужудга келишининг олдини олишга, ишларни очиқлик ва шаффофлик асосида адолатли ўтказишга эътибор қаратиш лозим. Айниқса, давлат хизматларини хусусий секторга ўтказиш, соғлиқни сақлаш, қурилиш, транспорт, таълим, қишлоқ хўжалиги соҳаларида хусусий сектор улушини ошириш каби ишлар муҳимдир.

Лойиҳада акс этган айрим масалаларни тегишли соҳадаги дастурлар ва бошқа ҳужжатлар доирасида амалга ошириш масаласи ҳам жиддий. Жумладан, 14 ҳудудда медиастудия ташкил этиш, 7 тадан йирик ижтимоий акция ва фестиваль ўтказиш, 2 та янги қўғирчоқ театри ташкил этиш, миллатлараро муносабатлар соҳасида илмий-оммабоп мақолалар сонини 3 баробар ошириш каби масалалар хусусий ва тор доирадаги масалалар бўлиб, уларни стратегик жиҳатдан қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишда 2017–2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида бажарилган ишларнинг таҳлили, вужудга келган муаммолар ва тўлиқ ёки қисман амалга оширилмаган вазифаларнинг сабабларини инобатга олиш лозим. Бундан ташқари, ҳар бир соҳа бўйича қабул қилинган манзилли ҳужжатлар ҳам чуқур таҳлил қилиниши зарур. Мисол учун, сўнгги тўрт йил давомида муайян соҳаларни 2030 йилга қадар ривожлантиришга қаратилган 12 та дастурий ҳужжат қабул қилинган. “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси, мактабгача ва мактаб, олий таълим тизимлари, илм-фанни, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув ва ўрмон хўжалиги тизимини ривожлантиришга оид концепциялар, “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси, “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва “яшил” ўсишни таъминлаш дастури, қишлоқ хўжалигини ҳамда аграр таълим тизимини инновацион ривожлантииш стратегиялари шулар жумласидан.

Ҳужжатда назарда тутилган масалаларнинг айримлари ўз ифодасини топган. Шу сабабли уларнинг ўзаро мувофиқлиги ва монандлигини таъминлаш зарур.

Умуман олганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси етти йилда амалга ошириладиган муҳим ишларни белгилаб бергани сабабли уни қабул қилишда чуқур таҳлил ва зарур асосларга таяниш лозим. Айнан ҳар томонлама пухта тузилган ва бажарилиш эҳтимоли реал имкониятдан келиб чиқадиган дастурий ҳужжат кўзланган мақсадларга эришишга имкон беради.

Абдулазиз РАСУЛЕВ,

юридик фанлар доктори, профессор