Мамлакатимиз аввалдан Афғонистонда вазиятни барқарорлаштириш, яхши қўшничилик алоқаларини йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш тарафдори бўлиб келган. Сўнгги йилларда Ўзбекистон қўшни давлат билан муносабатларда тамомила ўзгача ёндашув асосида ўз позициясини намоён қилаётгани ҳамда икки томонлама ҳамкорлик янгича қарашлар асосида ривожланаётгани халқаро доираларда эътироф этилмоқда. 

Аввало, Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича позицияси тинчликпарварликка таянгани, мамлакат ичидаги барча масалаларни ўзаро изчил мулоқот орқали бартараф этишга, шунингдек, жафокаш афғон халқининг кундалик турмуш шароитини яхшилашга қаратилгани билан жаҳон ҳамжамияти эътиборига сазовор бўлмоқда.

Мамлакатимизнинг йиллар давомида Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан тортиб, қатор халқаро ва минтақавий тузилмалар фаолиятида Афғонистонга доир истиқболли таклиф ва ташаббусларни илгари сураётгани ҳамда уларнинг бевосита ҳаётга татбиқ этилишида амалий қадамлар қўяётгани барчанинг диққат-эътиборида бўлиб келмоқда.

Ўзбекистоннинг Афғонистон билан муносабатлардаги янгича қараш ва ёндашувининг ўзига хос жиҳатлари қатор омилларда намоён бўлади. Биринчидан, мамлакатимизнинг халқаро муносабатларида Афғонистон масаласи асосий мавзуга айланди. Хусусан, сўнгги беш йилда Ўзбекистон етакчи халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг барча учрашув, форум ва йиғилишларида, албатта, қўшни давлат хусусида тўхталиб ўтмоқда.

Бу борада сўз кетганда, Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеялари йиғилишида уч маротаба, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари саммитларида беш маротаба, шунингдек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларида билдирган фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббусларини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ташаббуси билан Афғонистон мавзусида алоҳида халқаро даражадаги конференция ва учрашувлар ташкил этилаётгани ва юқори савияда ўтказилаётганини ҳам ўзбек дипломатиясининг Афғонистон йўналишидаги салмоқли саъй-ҳаракатлари натижаси сифатида баҳолаш лозим. 2018 йилнинг 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича олий даражадаги “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференция ҳамда 2021 йилнинг 15-16 июль кунлари Тошкентда ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция шулар жумласидан.

Иккинчидан, Афғонистонда, аввало, тинчлик ўрнатиш ва хавфсизликни таъминлаш зарур, шундан сўнг бошқа масалалар билан шуғулланиш мумкин, деган қарашлардан фарқли равишда Ўзбекистон афғон жамиятидаги ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш зарурлиги ва шу орқали мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий кескинликни бирмунча юмшатиш ҳамда қўшни халқнинг турмуш даражасини бир қадар яхшилаш мумкинлиги ҳақидаги қарашни илгари сурган эди.

Бу борада давлатимиз томонидан Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий инфратузилмага доир қатор лойиҳалар амалга оширилгани ҳамда ушбу саъй-ҳаракатлар орқали жафокаш афғон халқининг манфаатдорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш жоиз. Ўзбекистоннинг Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий инфратузилмага доир йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ташаббуслари ва амалий саъй-ҳаракатларини мамлакатимизнинг афғон можаросини бартараф этишдаги янгича ёндашуви сифатида эътироф қилиш ҳамда мазкур фаолият бугунги кунда янада юқори босқичга кўтарилаётганини қайд этиш ўринли.

Зеро, давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги чиқишида халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатлари, биринчи навбатда, Афғонистондаги ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратилиши кераклигига урғу бергани ҳам бежиз эмас.

Учинчидан, Ўзбекистон Афғонистонга катта муаммо ва хавф-хатар ўчоғи сифатида қарашдан тамомила воз кечиб, ушбу замин истиқболда бутун Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим кўприк вазифасини бажариши мумкинлиги борасидаги ёндашувида намоён бўлди.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Афғонистоннинг барқарор тараққиётини таъминлаш ва мамлакатни минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграция қилиш мақсадида Мозори Шариф шаҳридан Ҳинд океани портларига олиб чиқадиган янги “Мозори Шариф — Кобул — Пешовар” темир йўлини қуриш таклифини илгари сурган эди.

Президентимизнинг ушбу ташаббуси янги ва халқаро даражада қизиқиш уйғотган лойиҳа сифатида эътироф этилди. Покистон ҳудуди орқали халқаро денгиз портларига олиб чиқувчи ушбу стратегик темир йўлни қуриш келгусида Ўзбекистон ва Покистон билан бирга Марказий ҳамда Жанубий Осиё минтақасидаги кўплаб мамлакатларнинг умумий равнақига катта ҳисса қўшади. Шу боис, мазкур ташаббус халқаро даражада қўллаб-қувватланди ва айни пайтда мазкур йирик лойиҳани амалга ошириш бўйича амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Афғонистондаги ички сиёсий жараёнлар иштирокчиси бўлиб келган “Толибон” ҳаракати билан 2018 йилдан бошлаб бевосита мулоқотга киришган эди. Мамлакатимиз томонидан бундай муносабатларга киришишдан мақсад толибларни афғон заминидаги фаол сиёсий куч сифатида музокаралар жараёнига жалб этишдан иборат эди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2018 йилнинг 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Афғонистон бўйича олий даражадаги “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференция муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Мазкур конференцияда иштирок этиш учун “Толибон” ҳаракатининг Доҳадаги ваколатхонасига Ўзбекистон номидан расмий таклифнома юборилган эди. Гарчи толиблар ушбу конференцияда бевосита иштирок этмаган бўлса-да, анжуман бошланиши арафасида улар мазкур анжуманга хайрихоҳлик билдирган ва ўзларига қулай пайтда, албатта, Ўзбекистонга ташриф буюриш истагида эканлигини маълум қилган эди.

“Толибон” ҳаракати Ўзбекистон Республикасининг Афғонистондаги вазиятга нисбатан позицияси самимий эканига ва амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари жиддийлигига гувоҳ бўлгач, ҳукуматимиз билан ўзаро фикр алмашиш ва учрашув ўтказишга, бир сўз билан айтганда, бевосита муносабатлар олиб боришга тайёрлигини билдирди.

2019 йилнинг августида “Толибон” ҳаракати раҳбари ўринбосари ва Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбари Мулла Абдулғани Бародар бошчилигидаги толиблар ҳайъати мамлакатимизга ташриф буюрди ва давлатимиз расмийлари томонидан илиқ кутиб олинди. Ўзаро учрашувлар чоғида “Толибон” ҳаракати вакиллари мамлакатимизнинг афғон йўналишидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини ҳамда ўзаро муносабатларда ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилди.

Ушбу учрашувдан сўнг мамлакатимиз ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида бевосита муносабатлар ўрнатилди, деб айтиш мумкин. Мазкур муносабатларни ўрнатиш орқали Ўзбекистон афғон заминида низолашаётган томонларни қуролли хатти-ҳаракатларни тўхтатишга, тинч музокаралар олиб боришга даъват этиб келди. Бир сўз билан айтганда, юқоридаги қараш ва ёндашувлардан ўтган йиллар давомида мамлакатимизнинг Афғонистондаги мураккаб вазиятга доир позицияси қай тарзда шакллангани ва муносабатларнинг ўрнатилиш тадрижийлигини кўриш мумкин.

Энди замонавий дунёда рўй бераётган глобал ўзгаришлар, хусусан, Марказий Осиё минтақаси атрофида кечаётган жараёнлар таҳлилидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг минтақамиз ва унга ёндош ҳудудлар билан ҳамкорлигини янада ривожлантириш ҳамда янги поғонага кўтариш нуқтаи назаридан олиб бораётган амалий саъй-ҳаракатига эътибор қаратмоқчимиз.

Жумладан, қўшни Афғонистонни ҳам минтақавий жараёнлар иштирокчисига айлантириш ва шу орқали ушбу мамлакатдаги сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш, шунингдек, Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги амалий қадамлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг эътиборга молик жиҳати сифатида кўзга ташланмоқда.

2021 йилнинг августида Афғонистонда ҳукуматга келган “Толибон” ҳаракати минтақадаги барча давлатлар, жумладан, Ўзбекистон билан ҳам яқин қўшничилик муносабатлари ҳамда олдинги ҳамкорлик алоқаларини давом эттириш истагида эканини маълум қилди. Бу толибларнинг минтақавий жараёнларга бефарқ эмаслигини, уларнинг ўзаро ҳамкорлик ва алоқаларга хайрихоҳлигини намоён этди. Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон томони ва “Толибон” ҳаракати ўртасидаги ўзаро муносабатлар янги мазмун ва кўламда олиб борилмоқда.

Ўтган бир йилга яқин вақт мобайнида иккала томон ҳукуматлари ҳамда турли вазирликлари даражасида бир неча маротаба учрашув ва мулоқотлар олиб борилгани томонларнинг ўзаро ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдорлигини кўрсатмоқда. Ўзбекистон томони жаҳон ҳамжамияти олдида толиблар ҳокимиятга келгач, улар билан муносабатларни юритиш зарурлигини илгари сурган илк давлатлардан бўлганини қайд этиш лозим. Бу борада мамлакатимизнинг тутган позицияси қатор омилларда акс этди:

биринчидан, ҳақиқатни қабул қилиш, Афғонистондаги янги кучлар мувозанатини тан олиш ва афғон муаммосининг қўшни давлатлар ҳудудига силжимаслигига эришиш;

иккинчидан, Толибон ҳукуматини сиёсий жиҳатдан яккаламаслик принципида собит қолиш;

учинчидан, Афғонистоннинг халқаро ҳамжамиятдан ажралиб қолишига йўл қўймаслик;

тўртинчидан, мамлакатдаги гуманитар инқирознинг олдини олиш, хусусан, халқаро инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш;

бешинчидан, афғонларнинг хорижий банклардаги активларини фаоллаштириш ва бизнесни қайта тиклашига эришиш;

олтинчидан, “Толибон” ҳаракати ҳеч қачон Афғонистоннинг миллий чегараларидан ташқарида ҳеч қандай ҳаракатни амалга оширмаганини тан олиш.

“Толибон” ҳаракати ҳокимиятга келгач, минтақа давлатлари, хусусан, Афғонистон билан қўшни давлатлар ўртасидаги муносабатларни ўзаро мувофиқлаштириш, позицияларни келишиб олиш мақсадида ташқи ишлар вазирлари даражасида учрашувлар йўлга қўйилди. 2021 йил сентябрь-октябрь ойларида ҳамда жорий йилнинг мартида Покистон, Эрон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Хитой, шунингдек, Россия ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари иштирокида Афғонистон масаласи бўйича ўтказилган учта учрашувда иштирокчи давлатлар толиблар томонидан ҳокимиятнинг эгалланиши аниқ реаллик экани, халқаро ҳамжамият ҳам ушбу реал вазиятдан келиб чиқиб ёндашиши лозимлиги хусусида аниқ тўхтамга келган эди.

Мазкур форматдаги учрашувларда Ўзбекистон томони Толибон ҳукумати билан ўзаро муносабатларга доир қуйидаги таклифларни илгари сурди:

— “Толибон” бутун Афғонистон ҳудудини қамраб олган муваққат ҳукумат ташкил қилди ва халқаро ҳамкорлик ўрнатишга ҳаракат қилмоқда — бу мамлакатдаги янгича реалликдир;

— мамлакат халқаро изоляцияга тушиб қолмаслиги учун Афғонистон бўйича можародан кейинги стратегияни ишлаб чиқиш зарур; — Афғонистон минтақавий хавфсизликнинг муҳим фактори бўлиб қолмоқда;

— “Толибон” ҳаракатидан инклюзив ҳукумат тузиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш кутиляпти;

— Афғонистоннинг музлатилган маблағларини эркинлаштириш, уни иқтисодий ҳамкорликка ва инфратузилмавий лойиҳаларга чорлаш, мамлакатга инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш ва уни юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш керак.

Толиблар ҳокимиятга келганидан кейин ўтган бир йилга яқин вақт мобайнида мамлакатда, аввало, тинчлик-осойишталикни сақлаш, гуманитар инқирознинг, ялпи очарчилик рўй беришининг олдини олиш, давлат тузилмалари фаолиятининг давом эттирилишига эришди ҳамда минтақадаги қўшни давлатлар билан илиқ муносабатларни ўрнатишга интилди.

Бу паллада мамлакатда хавфсизлик ва барқарорлик муайян даражада таъминланди, турли терактлар ва жиноятлар кескин камайди, илгаридан Афғонистонда бирмунча фаол бўлган баъзи террорчи гуруҳларнинг ҳаракати ҳам анча чекланди. Ўзбекистон ҳукумати ўтган давр мобайнида Афғонистондаги вазиятни кузата туриб ҳамда толиблар билан бугунги кундаги илиқ муносабатларнинг ҳолатидан келиб чиқиб, шунингдек, қўшни давлат билан бўладиган келгуси алоқаларнинг истиқболини яхши англаган ҳолда, “Толибон” ҳаракатини халқаро даражада тан олиш ишларини тезлаштириш зарурлиги хусусида ташаббус билан чиқди.

Бу ҳақда Афғонистонга қўшни Покистон, Эрон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Хитой давлатлари, шунингдек, Россия расмийлари иштирокида Афғонистон масаласи бўйича шу йилнинг 30-31 март кунлари Хитойда бўлиб ўтган учинчи халқаро даражадаги учрашувда маълум қилинди.

Ушбу ташаббус замирида ҳам Ўзбекистон Афғонистонга муаммолар макони эмас, балки имкониятлар замини сифатида қараётгани, ўз навбатида, толиблар ҳам минтақа доирасидаги ўзаро алоқалар ва ҳамкорлик барча учун манфаатли бўлишини яхши англаётгани мужассамлиги яққол акс этади.

Ушбу масала Афғонистоннинг минтақа даражасидаги ва халқаро миқёсдаги турли савдо-иқтисодий, транспорт-логистик, молиявий, гуманитар жараёнларга киришиши ва интеграциялашуви тезлаштирилишини кўзда тутади ва унинг ўзига хос жиҳатлари қуйидагиларда намоён бўлади: Хусусан, Ўзбекистон томони илгари сурган ва Афғонистон ҳудуди орқали Покистонга ўтувчи, қиймати 5 миллиард АҚШ долларига тенг деб баҳоланган “Мозори Шариф — Кобул — Пешовар” темир йўлининг қурилиши муайян халқаро битим ва шартномалар тузилиши ҳамда имзоланишини талаб этади.

Сабаби, ушбу йирик лойиҳага бир қатор чет эллик инвесторлар, малакали мутахассисларни жалб этиш эҳтиёжи мавжуд. Табиийки, темир йўл қурилишида бевосита иштирок этувчи чет эллик қурувчи-муҳандис ва ишчиларнинг Афғонистон ҳудудида фаолият олиб бориши, уларга тегишли рухсатнома, виза ҳужжатлари берилиши, хавфсизлиги таъминланиши кафолатланиши лозим.

Қолаверса, темир йўл қурилиши учун зарур материаллар ва махсус техник воситаларни Афғонистон ҳудудига олиб кириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби каби бошқа кўплаб жиҳатлар мавжудки, ушбу масалаларни бевосита афғон ҳукумати билан келишиш ҳамда тегишли битим ва шартномалар орқали мустаҳкамлаш зарур.

Шунингдек, Афғонистон билан савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этишини назарда тутган ҳолда, мамлакатнинг янги ҳукумати билан ушбу соҳада тегишли тартибда ҳужжатларни имзолаш зарурати мавжудлигини таъкидлаш лозим. Мамлакатимизнинг Афғонистон билан кейинги йиллардаги ўзаро савдо айланмасига эътибор қаратар эканмиз, бу борада ижобий ўсиш кузатилаётганига гувоҳ бўламиз.

Жумладан, кейинги 5 йилда ўзаро товар ва хизматлар айланмаси ҳажми 600 миллион АҚШ долларидан 800 миллион АҚШ долларига кўтарилган. Ушбу кўрсаткични келгусида 2 миллиард АҚШ долларигача етказиш имконияти мавжуд ҳамда мазкур йўналишда бир қатор тегишли савдо-иқтисодий келишувлар ва битимлар имзолаш зарурати юзага келган. Ушбу келишув ва битимлар толиблар ҳукумати билан имзоланиши ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келиши лозим.

Бундан ташқари, толиблар ҳукумати билан минтақадаги қўшни давлатлар ўртасида чегаралар дахлсизлиги, чегара ҳудудларида хавфсизликни таъминлаш, гиёҳвандлик моддалари етиштирилиши ва олди-сотдисига чек қўйиш, фуқароларнинг ўзаро қўшни давлатларга кириш-чиқиши ва ҳаракатланиши масалаларида ҳам ҳамкорликни ўрнатиш ҳамда олиб бориш зарур.

Ўзбекистон томони минтақа давлатлари, ҳамкор мамлакатлар ва Афғонистон билан барча устувор йўналишлардаги муносабатларни чуқурлаштириш ҳамда афғон халқининг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни давом эттиришга содиқлигини намоён қилмоқда. Бу барча иштирокчи томонлар манфаатига тўла мос келади ҳамда бутун минтақанинг келгуси тараққиёти учун муҳим пойдевор бўлади.