Жорий йил 20 июнда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда Президентимиз қисқа муддат ичида фуқароларимиздан 48 минг 492 та таклиф келиб тушганлиги ва бу ҳолат конституциявий ислоҳотлар объектив ҳаётий зарурат сифатида кун тартибига чиқаётганини, “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда тарихий заруриятга айланган Конституциявий ислоҳотлар жараёнида янги ғояларни Бош Қонунимизнинг мазмун-моҳиятига сингдириш халқимизнинг эҳтиёж ва манфаатлари, хақ-ҳуқуқи ва эркинликлари билан боғлиқдир. Президентимиз томонидан илгари сурилган - “Инсон қадри учун” ғояси Конституциявий ислоҳотларнинг асосини ташкил этмоқда.

Инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликлари халқаро меъёрий-ҳуқуқий хужжатларда, шунингдек, дунёнинг ривожланган давлатларининг конституцияларида ҳам ўз аксини топган.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда амалга оширилаётган мазкур сиёсий ислоҳотларни дунёнинг ривожланган мамлакатлари Асосий Қонунларига қиёслаган ҳолда уларнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашга доир моддаларини ўрганиш ўз олдимизга қўйган мақсадни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. 

Жумладан, Россия Федерацияси Конституциясининг 2-моддасида, “Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадриятдир. Инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини тан олиш, уларга риоя этиш ва ҳимоя қилиш давлатнинг бурчидир” дейилса, Германия Федератив Республикаси Конституциясининг 1-моддасида, Инсон қадр-қиммати даҳлсиздир. Уни ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш ҳар бир давлат ҳокимиятининг бурчидир. Шунинг учун немис халқи дахлсиз ва ажралмас инсон ҳуқуқларини ҳар бир инсоният жамияти, дунёдаги тинчлик ва адолатнинг асоси сифатида тан олади.

Швеция конституциясининг 2-моддасида, Давлат ҳокимияти барча одамларнинг қадр-қимматини, ҳар бир шахснинг эркинлиги ва қадр-қимматини ҳурмат қилган ҳолда амалга ошириши керак

Молдова Республикаси Конституциясининг 1-моддасида, Молдова Республикаси демократик ҳуқуқий давлат бўлиб, унда инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари, инсон шахсининг эркин ривожланиши, адолат ва сиёсий плюрализм олий қадрият ҳисобланади ва кафолатланади.

Белорусия Республикаси Конституциясининг 2-моддасида, Инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва уларни амалга ошириш кафолатлари жамият ва давлатнинг олий қадрияти ва мақсадидир.

Япония Конституциясининг 13-моддасида, Ҳамма одамлар шахс сифатида ҳурмат қилиниши керак. Уларнинг яшаш, эркинлик ва бахтга интилиш ҳуқуқи, агар у жамоат фаровонлигини бузмаса, қонунчилик ва бошқа давлат ишлари соҳасида энг юқори ғамҳўрликдир.

Испания Конституциясининг 10-моддасида, Инсон қадр-қиммати ва унинг ҳуқуқлари даҳлсизлиги, эркин шахс ривожланиши, қонунлар ва бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш сиёсий тизим ва ижтимоий тинчликнинг асосидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади дея белгилаб қўйилган.

Ҳалқаро меъёрий-ҳуқуқий хужжатлар тизими ва дунёнинг ривожланган давлатларининг конституцияларини ўрганиш асосида қуйидаги тарзда Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 13-моддасига таклиф бериш мақсадга мувофиқдир:

“Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Мамлакатда инсон қадри учун тамойили ва демократиянинг умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Инсоннинг демократик ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ келувчи Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан ҳимоя қилинади”.

Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимизда уюшқоқлик билан амалга оширилаётган мазкур сиёсий жараёнларда жамиятимиз ҳар бир аъзосининг иштироки Бахтимиз Қомуси саналган Конституциянинг ҳаётбаҳшлигини белгилайди. Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилни мустаҳкамлаш тўғрида илгари сурилган таклифлари туб негизида, аввало инсон қадрини улуғлаш, инсонга хизмат қилишдек, олижаноб мақсад мужассамдир.

 Ғулом Мирзаев,

 Йўлчи Худойқулов,

Жамоат хавфсизлиги университети доцентлари