Тадбирда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Л.Қудратов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Латвия Иш берувчилар конфедерацияси (LDDK) президенти Виталийс Гавриловс ва бошқа вазирлик, идоралар ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Унда асосий эътибор ўзаро сармоявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг ҳал қилувчи омили сифатида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов мамлакатларимиз ўртасидаги фаол ҳамкорлик туфайли Латвия — Ўзбекистон ишбилармон доиралари савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда қўшма ҳамкорликни жадал амалга ошираётганини таъкидлади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон — Латвия ишбилармонлар кенгаши, ўз навбатида, икки мамлакат ишбилармон доираларининг яқин, тўғридан-тўғри ҳамкорлиги, савдо-иқтисодий, сармоявий алоқаларни янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришга қаратилган кўплаб қўшма тадбирларни ўтказиш, Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги технологик, транспорт-логистика ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик қилишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.

Латвия Иш берувчилар конфедерацияси президенти Виталийс Гавриловс Ўзбекистон ва Латвия учун устувор йўналишлар бўйича иқтисодий шерикликни изчил кенгайтириш ва икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, у бугунги учрашув Ўзбекистон ва Латвия ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар учун қулай платформасига айланишига умид билдирди.

Учрашув давомида меҳмонлар Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳияти, шунингдек, мамлакатимизда бизнес юритиш учун яратилган барча шароитлар ҳақидаги тақдимот материаллари билан танишди.

Тадбир сўнггида ҳамкорликка оид икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Маълумот учун: 2021 йил якунига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 228 миллион долларни ташкил этди, жумладан, экспорт – 52,8 миллион доллар, импорт 175 миллион доллар.

Ҳозирда мамлакатимизда Латвия инвесторлари иштирокидаги 68 та компания фаолият юритаётган бўлиб, улардан 46 таси қўшма корхона бўлса, 22 таси 100 фоиз Латвия капиталига эга корхоналар ҳисобланади. Шунингдек, Латвиянинг Ўзбекистонда 1 та ваколатхонаси фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон маҳсулотларини Болтиқбўйи мамлакатлари ва Европа Иттифоқига етказиб беришни кенгайтириш мақсадида 2021 йил 10 сентябрь куни Рига шаҳрида Ўзбекистон савдо уйининг очилиш маросими бўлиб ўтган эди.