Ташкилот сафи Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва Беларусь билан кенгайди. Евроосиёнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий хилма-хиллигини ифодаловчи шерик ва кузатувчи мамлакатлар ҳам қўшма фаолиятга жалб этилди.

Ташкилотнинг бундай жозибадорлиги сири жуда оддий: бу бунёдкорлик фалсафасига қатъий содиқлик, тенг ҳуқуқли ҳамкорлик учун очиқлик, учинчи давлатларга қарши йўналтирилмаслик, ҳар бир халқнинг миллий хусусиятлари, ўзига хослигини ҳурмат қилишдир. Энг муҳим ютуғи генетик коди, яъни “Шанхай руҳи”дир. У ўзаро ҳурмат, ишонч, тенглик, маслаҳатлашув, маданиятлар хилма- хиллигини ҳурмат қилиш ва биргаликда ривожланишга интилишни англатади.

 Ушбу концепция ШҲТни минтақавий ташкилотдан тўлақонли халқаро ташкилотга айлантирди. Ташкилотнинг мана шу олтита асосий принципи бошқа давлатлар учун ҳам жалб этувчи омилдир. Ушбу ташкилотга қўшилишга тайёр давлатлар йилдан йилга кўпайиб бормоқда. У ҳарбий блок эмас, учинчи давлатларга қарши қаратилмаган. Ташкилотнинг муваффақияти ҳам шунда.

Ана шу қадриятларга таяниб, БМТнинг марказий мувофиқлаштирувчи роли остида халқаро ҳуқуққа асосланган, янада адолатли кўп қутбли дунё қурилишида иштирок этмоқда. Ушбу глобал мақсадга эришишга катта ҳисса қўшиш учун Евроосиёда тенг ва бўлинмас хавфсизлик архитектурасини шаклланти-риш, жумладан, ШҲТга аъзо давлатларнинг яқин ҳамкорлигига эришиш кўзда тутилган. Унинг ижтимоий-иқтисодий пойдевори сифатида тузилма доирасида миллий тараққиёт стратегиялари ва минтақавий интеграция ташаббусларини бирлаштиришдек Катта Евроосиё шериклигини кўриш мумкин. Шу билан бирга, бошқа мамлакатларнинг ушбу тузилма билан у ёки бу форматда ўзаро ҳамкорликка қизиқиши тобора ўсиб бормоқда.

Нисбатан қисқа муддатда ШҲТ ривожланишнинг узоқ йўлини босиб ўтди ва глобал сиёсий ҳамда иқтисодий воқеликнинг ажралмас қисми бўлиб қолди. Бугун у дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот. Аъзо мамлакатларнинг умумий ҳудуди 35 миллион квадрат километрдан ошади. Бу Евроосиё қитъаси ҳудудининг 60 фоиздан ортиғи, дегани. Унга аъзо мамлакатларнинг умумий аҳолиси 3,5 миллиарддан кўп. Бу дунё аҳолисининг қарийб ярмидир. Ташкилот доимий аъзо 10 та, кузатувчи 2 та ва мулоқот бўйича шерик 14 та давлатни бирлаштирган. 26 мамлакатдан иборат “ШҲТнинг катта оиласи” уч қитъани — Осиё, Европа ва Африкани қамраб олган.

Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида ШҲТ очиқ, прагматик ва кенг кўламли манфаатли ҳамкорлик йўлини амалга ошириш нуқтаи назаридан ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин, мамлакатимизнинг ташкилотга нисбатан замонавий стратегияси ташаббускорлик, конструктивлик, прагма-тизм ва ҳамкорликка очиқлик каби асосий тамойилларга асосланади. Ўзбекистон, аввало, барча иштирокчи мамлакатнинг эҳтиёжларига хизмат қиладиган истиқболли йўналишларда амалий ҳамкорлик ўрнатиш орқали ташкилотнинг салоҳиятини тўлиқ очиб беришдан манфаатдор. Ўзбекистон минтақалараро савдо, саноат кооперацияси, инновация, “яшил” ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш каби муҳим йўналишларда кўп томонлама ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган муҳим таклифлари орқали ШҲТ салоҳиятини янада мустаҳкамлашга интилаётгани шундан далолат беради.

Ўзбекистон раислиги даври (2021-2022 йиллар)да давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида 14 та янги концептуал ҳужжат ишлаб чиқилди. Улар ташкилот доирасидаги ҳамкорликни мазмунан бойитиш ва институционал кенгайтиришга қаратилган. Транспорт боғлиқлигини ривожлантириш бўйича ШҲТ стратегияси, Минтақалараро савдони ривожлантириш режаси, Инфратузилмани ривожлантириш дастури, “ШҲТ Эзгу ният элчиси” институтини ташкил этиш кабиларни алоҳида таъкидлаш зарур.

Президентимизнинг барча ташаббуси мантиқан ўзаро боғлиқ ва бир-бирини тўлдиради. Масалан, ички савдони ривожлантириш орқали савдо тўсиқларини бартараф этиш, техник регламентларни яқинлаштириш ва божхона тартиб-таомилларини рақамлаштиришга эришиш мумкин.

Ўз навбатида, ШҲТ доирасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича Тошкент томонидан фаол илгари сурилган ва сурилаётган ташаббуслар ташкилот ҳудудидаги улкан транспорт ва транзит салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган. Ушбу саъй-ҳаракатлар орқали Ўзбекистон ҳамкорлари билан бирга “Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой”, “Термиз — Мозори шариф — Кобул — Пешовар”, “Ланчжоу — Қашқар — Иркештам — Ўш — Андижон — Тошкент — Мари” ва ҳозирги геоиқтисодий шароитда ўзига хос стратегик аҳамиятга эга бошқа транспорт йўлакларини амалиётга татбиқ этишни жадаллаштириш ниятида. Бу лойиҳаларнинг рўёби Евроосиё минтақасидаги давлатларнинг ўз маҳсулотларини Хитойдан Европагача бўлган улкан ҳудудга арзон ва қулай ташиш имкониятини кенгайтиради.

Ўзбекистон Президентининг Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ ва “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувлардаги нутқи иштирокчи давлатлар манфаатига мос келадиган прагматик кун тартибини белгилаб берди. Ташкилотни “Глобал Жануб” билан ўзаро ҳамкорлик учун очиқ платформага айлантириш ғояси, шунингдек, ШҲТ Ягона транспорт маконини шакллантириш ҳамда Шарқ — Ғарб ва Шимол — Жануб йўлакларини улашгача бўлган ишлаб чиқариш ва логистика занжирларини кенгайтириш бўйича таклифлар бевосита Евроосиё билан алоқаларни диверсификациялаш ва транзит хатарларини камайтиришга хизмат қилади.

Ушбу ташаббуслар Жанубий, Марказий ҳамда Жануби-шарқий Осиёдаги минтақавий лойиҳалар билан бирлашиш учун реал имкониятдир. Ўзбекистоннинг ШҲТ маконидаги ўзаро боғлиқлик стратегияси Афғонистоннинг бутун Евроосиё учун ноёб иқтисодий ва транзит мавқеини тиклашга ҳам хизмат қилади. Афғонистон минтақада узоқ муддатли хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг асосий омили эканига шубҳа йўқ. ШҲТга аъзо бирор-бир давлат Евроосиё марказидаги беқарорлик ўчоғи янада алангаланиши ва Афғонистон ҳудудидан қўшни давлатлар хавфсизлигига келиб чиқадиган таҳдиддан манфаатдор эмас. Бугунги воқелик ШҲТдан янада аниқ саъй-ҳаракатларни амалга ошириш ва Афғонистонни минтақавий ташаббуслар, жумладан, инфратузилма лойиҳаларига жалб этишни талаб қилади. Демак, “ШҲТ — Афғонистон” мулоқот гуруҳи фаолиятини қайта тиклаш таклифи стратегик аҳамиятга эга.

Мазкур мулоқот гуруҳи ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма ёндашувларни ишлаб чиқиш ва афғон жамияти билан мулоқот қилиш имконини беради. Бу эса, шубҳасиз, минтақанинг умумий хавфсизлигига таъсир қилади. Шу боис, ШҲТ доирасида Афғонистоннинг урушдан кейинги ривожланиш стратегиясига доир консолидациялашган ёндашувларни ишлаб чиқиш, табиийки, Ўзбекистон Президентининг ташаббусида ўз аксини топди. Давлатимиз раҳбари илгари сурган таклиф ва ташаббуслар ШҲТ маконида хавфсизлик, барқарор ривожланиш, дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган.

Фаластин муаммоси бўйича позиция ҳам эътиборга молик. Расмий Тошкент зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, инсонпарварлик ёрдами ва БМТ резолюциялари асосида икки давлат келишувини амалга ошириш тарафдори. Бу Ўзбекистоннинг ишончли ва тинчликсевар давлат сифатидаги мақомини мустаҳкамлайди.

“Яшил” саноатлаштириш ва ШҲТ доирасида барқарор ҳамкорлик бўйича таклифлар ҳам Осиё, Африка ва Европа давлатлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтиришга хизмат қилади. Бундай “кўприк” логистика, энергетика ва юқори технологиялар соҳасидаги янги лойиҳалар учун мустаҳкам пойдевордир.

Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон янги трансқитъавий йўлакларнинг асосий чорраҳасига айланиб бормоқда. Ушбу ўзгариш жараёнини иккита асосий омил белгилайди: ШҲТдаги фаол иштирок ва Транскаспий йўлининг стратегик аҳамияти. Уларнинг уйғунлиги Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро мавқеини мустаҳкамлаш учун ноёб имкониятлар яратади.

Ўзбекистон учун Транскаспий йўналиши Каспий денгизи портлари ва Жанубий Кавказ мамлакатлари орқали Туркияга олиб борадиган қўшимча логистика йўлини очади. Кейинчалик у савдо географиясини кенгайтириб, Европа бозорларига чиқиш имконини беради.

Транскаспий йўналишини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар натижасида сўнгги 5 йилда Ўзбекистон ва Европа ўртасида Каспий денгизи орқали ташилган юклар ҳажми 4 баробар ошди. 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистоннинг Каспий денгизи орқали экспорт-импорт юк ташиш ҳажми қарийб 500 минг тоннани ташкил этди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоиз кўпдир.

Хитой ва Россия каби йирик давлатлар, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари, Ҳиндистон, Покистон ва Эронни бирлаштирган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистон учун ўз транспорт ташаббусларини илгари суриш мақсадида идеал майдон вазифасини ўтайди.

Тяньцзинь шаҳрида ўтказилган ШҲТ саммити ва Тяньаньмэнь майдонида нишонланган Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантаналар жаҳон ҳамжамияти диққат-эътиборини тортган йирик ва муҳим сиёсий воқеа бўлди. Ютуқлар, натижалар, прогнозлар ҳақида кўп гапирилди. Шу билан бирга, тарихни алоҳида шахслар яратишини тушуниш керак. Энг аввало, нуфузли халқаро доиралар ва экспертлар Ўзбекистон Президентининг ана шу хислатлари, муҳим ташаббусларининг аҳамиятини эътироф этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг изчил, мантиқий ўзаро боғлиқ сиёсати ички ва ташқи сиёсатда ижобий натижаларга эришиш имконини берди. Бу ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида сўзлаган нутқида ҳам яққол ўз ифодасини топди. Президентимиз Тяньцзинда Ўзбекистоннинг муаммоларни биргаликда ҳал этишга қаратилган ва ривожланиш истиқболларини яққол намоён қилган ташаббусларини илгари сурди.

Ўзбекистон етакчиси, аввало, аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатларда “Шанхай руҳи” мавжудлигини буюк Конфуцийнинг “Ўзингни қарор топтириш, бошқаларга ёрдам бериш, муваффақиятга интилиш, бош-қаларнинг муваффақиятига ҳисса қўшиш” деган ҳикматли сўзлари орқали тасдиқлади.

Тяньцзин саммитининг якуни сифатида Тошкентда ШҲТ МАТТ негизида доимий фаолият юритувчи орган — аъзо давлатлар хавфсизлигига хавф ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича универсал марказни таш-кил этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Унинг ҳузурида ШҲТ Ахборот хавфсизлиги маркази ҳам очилмоқда.

Ўзбекистон ташкилот доирасида тобора муҳим ўрин эгалламоқда. Мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатидаги стратегик тузатишлар ва чуқур ўзгаришлар унинг ривожланиши, барқарорлиги ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш баробарида минтақавий ҳамкорликнинг бутун архитектураси ва ривожланиш йўналишларига тобора чуқур таъсир кўрсатмоқда. Ўсиб бораётган геосиёсий нотинчлик ва халқаро тартиб ўзгаришлари муҳитида Ўзбекистоннинг стратегик танлови ва ташқи сиёсий йўналишлари нафақат миллий, балки минтақавий аҳамиятга эга бўлиб, ШҲТнинг келажакдаги ривожланиш йўли ва самарадорлигини кўп жиҳатдан белгилаб беради.

Минтақавий етакчилик изчил мустаҳкамланиши Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги дипломатик ўзгаришлари ва ривожланишининг ўзига хос хусусиятидир. Минтақавий масалалар ва кўп томонлама механизмларда иштирок этиш, яхши қўшничилик ва минтақавий интеграцияни фаол илгари суриш мамлакатнинг Марказий Осиёдаги таъсири ва жозибадорлигини оширди.

Ушбу ижобий силжиш Ўзбекистоннинг ШҲТ доирасидаги иштирокини сезиларли даражада ошириб, кун тартибини шакллантириш, қоидалар ва қарорлар қабул қилиш жараёнида самаралироқ иштирок этиш, шу орқали минтақавий ҳамкорликка янада прагматик ечимларни жорий этиш имконини берди. Ўзбекистоннинг минтақавий низоларни ҳал этиш, мулоқот ва маслаҳатлашувларни ривожлантиришдаги конструктив роли барча иштирокчилар томонидан эътироф этилди. Марказий Осиёда ички ҳамкорликни ривожлантиришда мамлакатимизнинг фаол позицияси ва амалий қадамлари ШҲТ доирасида минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш учун қулай муҳит ва шарт-шароит яратди.

Президентимизнинг хавфсизлик соҳасидаги ташаббусларини алоҳида таъкидлаш жоиз. ШҲТнинг Ядро хавфсизлиги бўйича декларациясини қабул қилишга чақириқ Ўзбекистоннинг глобал барқарорлик масалалари бўйича масъулиятли позициясини акс эттиради. Бу нафақат БМТ шафелигида ядровий қуролларни тарқатмаслик режимини мустаҳкамлайди, балки барқарор тараққиёт манфаатлари йўлида тинч атом энергетикасини ривожлантириш учун заминдир.

Ўзбекистон терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, чегараларни бошқариш ва киберхавфсизлик каби соҳаларда бой ва қимматли тажриба тўплаган, хавфсизлик соҳасида ШҲТ ҳамкорлигини ривожлантириш учун муҳим амалий мисол ва моделларни тақдим этган. Жумладан, Ўзбекистон томонидан таклиф этилган минтақавий аксилтеррор ахборот алмашиш платформасини ташкил этиш ва чегара назорати бўйича ҳамкорликни кучайтиришга оид ташаббусларни аъзо давлатлар якдил қўллаб-қувватлади. Бу ташаббуслар ШҲТ ҳамкорлигини янада прагматик ва самарали йўналишда ривожлантиришга туртки берди. Бундай аниқ қадамлар минтақадаги хавфсизликнинг умумий даражасини ошириш билан бирга иштирокчи давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва стратегик мувофиқликни мустаҳкамлади.

Мамлакатимизнинг иқтисодий ҳамкорликни ҳаракатлантирувчи кучи сифатидаги мавқеи муттасил мустаҳкамланиб, кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон тизимли иқтисодий ислоҳотлар ва очиқлик стратегиясини амалга ошириш билан бир қаторда глобал ва минтақавий иқтисодиётни бошқаришда ҳам фаол иштирок этмоқда. Шу орқали ШҲТ доирасидаги минтақавий иқтисодий ҳамкорликка янги динамика ва туртки бағишламоқда.

Маданий алмашинувларнинг ташаббускори сифатидаги ўрнимиз ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Ўзбекистон бой маданий мероси ва кўп асрлик тарихий анъаналари билан Буюк ипак йўлидаги муҳим цивилизация маркази сифатида ШҲТ маданий ҳамкорлигида ўзига хос ва муҳим ўрин тутади. Мамлакатимизда ўтказилаётган турли маданий тадбирлар ва илмий лойиҳалар ШҲТ доирасида цивилизациялар мулоқотининг муҳим платформалари ва муваффақиятли намуналарини тақдим этиб, минтақавий ҳамкорликни янада ранг-баранг қилиш ва халққа йўналтириш имконини берди.

Ўзбекистон аъзо давлатлар ўртасида ўзаро мулоқот, тушуниш ва сиёсатни мувофиқлаштиришга кўмаклашувчи, шунингдек, қўшма консенсус ҳамда амалий ечимларни шакллантиришга ҳисса қўшувчи координатор вазифасини ўтайди. Барча томонлар манфаатларини мувозанатлаштириш ва энг олий умумий хусусиятни излаш қобилиятида намоён бўлган дипломатик донолиги мураккаб халқаро шароитда ШҲТнинг бирлиги, ҳамкорлиги ва барқарор ривожланишини сақлашга салмоқли ҳисса қўшди. Ташкилот доирасидаги ҳамкорликка қўшган ҳиссаси ва фаол иштироки орқали нафақат ўзининг халқаро мавқеи ва минтақавий таъсирини сезиларли даражада оширди, балки ташкилот ривожига янги динамика қўшди ва инновацион ғояларни олиб кирди.

Президентимизнинг ШҲТ саммитидаги мазмунли ва серқирра нутқида илгари сурилган ҳар бир таклиф нафақат декларатив, балки амалий характерга эга бўлиб, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ташкилот фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган. Айниқса, иқтисодиёт ва инновациялар соҳасидаги так-лифлар ниҳоятда долзарб. Хусусан, муҳим материаллар минтақавий маркази, энергетика консорциуми ва венчур компаниялар тармоғининг ташкил этилиши илмий-техникавий тараққиётнинг янги истиқболларини очади. Бу қадамлар ШҲТни ҳақиқий саноат кооперацияси ва технологик ютуқ платформасига айлантиради.

Гуманитар ҳамкорлик йўналишидаги ташаббуслар ҳам аҳамиятли. Халқаро халқ ижодиёти фестивалини ўтказиш, “ШҲТ университети”нинг онлайн кампусини ишга тушириш, сайёҳлик йўлагини ривожлантириш ғоялари эътирофга лойиқ. Булар “халқ дипломатияси” институтини мустаҳкамловчи, билим, маданий бойликлар алмашинуви учун шарт-шароит яратувчи ва иштирокчи давлатлар ўртасида чинакам ҳамжиҳатлик туйғусини шакллантирадиган лойиҳалардир.

Эътиборни тортадиган яна бир жиҳат бор: Ўзбекистон раҳбари ШҲТ улкан иқтисодий, интеллектуал, ресурс ва технологик салоҳиятга эга бўлиб, халқаро майдонда тобора муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади. Глобал инқироз ва можаролар авж олиши шароитида ШҲТга аъзо давлатларнинг ўзаро англашуви ва бирдамлиги минтақада тинчликни сақлашнинг асосий омилидир. Давлатимиз раҳбари ШҲТ тенг ҳуқуқли мулоқот ва ўзаро ҳурмат макони бўлиб қолаётганини, бу эса замонавийликнинг энг мураккаб муаммоларига мувозанатли ечимлар топишга имкон беришини қайд этди.

ШҲТнинг овози янада қатъий янграши учун давлатимиз раҳбари ташкилотни изчил кенгайтиришга чақирди ва унинг муваффақияти очиқлик ва кенг ҳамкорликка, жумладан, глобал Жануб давлатлари билан ҳамкорликка йўналтирилганида эканини таъкидлади. Президентимиз нутқида халқаро вазиятнинг чуқур таҳлили ва амалий ечимлар узвий мужассамлашганини алоҳида таъкидлаш жоиз. У замонамизнинг асосий муаммолари — ўзаро ишонч инқирози, кўп томонлама институтларнинг заифлашуви, жаҳон иқтисодиётининг парчаланишини тўғри белгилаб берди ва уларни бартараф этишнинг аниқ йўлларини таклиф қилди.

Шу тариқа Ўзбекистон Президенти узоқни кўра олиш, сиёсий етуклик, адолат ва ҳамжиҳатлик ғояларига садоқатини намоён этди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари нафақат ШҲТнинг асосий халқаро таш-килот сифатидаги нуфузини мустаҳкамлаш, балки бутун Евроосиё маконини ривожлантиришнинг янги йўналишларини белгилашга қодир. Шу маънода, Тяньцзиндаги ШҲТ саммити, шунингдек, “ШҲТ плюс” учрашуви тузилма тарихида муҳим босқич бўлди. Ушбу саммитнинг самарали натижалари барқарорликни янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали шерикликни кенгайтириш ва барча мамлакатларнинг изчил тараққиётига хизмат қилади.

Исмоил САИФНАЗАРОВ,

фалсафа фанлари доктори, профессор