Мухбиримиз Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов билан боғланиб, ташрифнинг аҳамияти, мазмун-моҳияти ҳақида сўради.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётга эришиш йўлида қатор конструктив ғоя ва ташаббусларни илгари сургани натижаси ўлароқ, бугунги кунда минтақамизда буткул янги – ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик муҳити ўрнатилди ва мустаҳкамланмоқда, – деди У.Иноятов. –  Кейинги йилларда халқларимиз ўртасидаги муносабатлар икки мамлакат Президентларининг кучли сиёсий иродалари, ўзаро юксак ишонч ва устувор йўналишларга асосланган стратегик қарашлари муштараклиги самарасида янада дўстона руҳда қўр олмоқда.

Эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ўрнатилган илиқ муносабатлар бошқа мамлакатлар учун ўзаро самарали ҳамкорликнинг “намунавий шакли” бўлиб хизмат қилмоқда. 

Бу жиҳатлар Ўзбекистон парламент делегациясининг 21 сентябрь куни Душанбе шаҳрида Тожикистон Республикаси Мажлиси милли Мажлиси Оли раиси Рустами Эмомали билан учрашувида алоҳида қайд этилди.

Жумладан, Р.Эмомали Тожикистон раҳбарияти ва халқи Президент Шавкат Мирзиёевнинг икки томонлама дўстона муносабатларни шакллантириш йўлидаги ташаббусларини ва саъй-ҳаракатларини юксак қадрлашини айтди.

Тожикистон Республикаси қўшни Ўзбекистон Республикаси ва биродар ўзбек халқига муҳим стратегик шерик сифатида қараши, шу маънода барча соҳалардаги ҳамкорликда икки томонлама ва минтақа миқёсида ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилишдан манфаатдор экани таъкидланди.

Суҳбат аввалида Р.Эмомали 2019 йили Ўзбекистонга ташрифи доирасида эришилган ижобий натижаларни такрор қайд этар экан, ўшанда Президент Шавкат Мирзиёев Тожикистон делегациясини юксак меҳр, меҳмондўстлик кўрсатиб қабул қилганини илиқ таассурот билан эслади.   

Мажлиси милли Мажлиси Оли раиси халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва янада мустаҳкамлаш масаласига устувор аҳамият қаратаётгани учун Президент Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик изҳор этди.  

Коронавирус пандемияси тарқалишнинг олдини олиш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар таҳсинга лойиқлиги, бу касалликнинг икки қўшни давлат иқтисодиёти ва халқларимиз маиший ҳаётига салбий оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилаётган чоралар ижобий самара бераётгани айтилди. 

– Биз коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш доирасида Ўзбекистон томонидан кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами учун чуқур миннатдорлик билдирамиз. Тожикистон томони бу йўналишдаги Ўзбекистоннинг ташаббус ва ғояларини доим қўллаб-қувватлашга тайёр, – деди Р.Эмомали.  

Делегациямизнинг Мажлиси намоёндагон Мажлиси Оли раиси Маҳмадтоир Зокирзода билан ўтган учрашувида бугунги кунда Тошкент ва Душанбе ўртасида ҳамкорликни изчил ривожлантириш учун барча шарт-шароитлар яратилгани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларни қамраб олган қатор икки томонлама тадбирлар, жумладан, парламентлараро мулоқотлар, Ўзбекистон Бош вазирининг расмий ташрифи ва Ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилишининг ўтказилиши  Тожикистон  ҳукумати учун долзарб аҳамият касб этиши қайд этилди. 

Маҳмадтоир Зокирзода етук давлат арбоби, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ўктам Барноевнинг бевақт вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқига чуқур ҳамдардлик билдирди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси парламентлараро дўстлик гуруҳлари йиғилиши ўтказилди.

Тожикистон томони гуруҳ раҳбари – Мажлиси намоёндагон Мажлиси Оли раисининг ўринбосари Мансури Дилрабо хоним Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида олиб борилаётган стратегик шериклик алоқалари ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик икки мамлакат Президентларининг бошчилигида янада кенгайиб бораётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг Парламентараро Иттифоқ  раислигига номзоди Тожикистон парламенти томонидан қўллаб-қувватлангани маълум қилинди.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликни янада фаоллаштириш, хусусан делегациялар алмашуви, ўзаро тадбирларда қатнашиш ҳамда долзарб халқаро ва минтақавий  масалалар  юзасидан очиқ мулоқот олиб боришдан манфаатдор экани таъкидланди.

Дўстлик гуруҳлари учрашуви чоғида Тожикистон томони коронавирус  пандемиясига қарамасдан  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ўзаро мулоқотларни изчил давом эттираётгани юқори баҳоланди. 

Тожикистон парламенти икки томонлама савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада жадаллаштиришга қаратилган ҳуқуқий базани такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан ҳамжиҳатликда саъй-ҳаракатлар олиб боришга тайёр экани айтилди.  

Тожикистон томони 2019 йил октябрь ойида имзоланган қуйи палаталар ўртасидаги ҳамкорлик битимини босқичма-босқич биргаликда амалга оширишга тайёрлиги маълум қилинди. Шунингдек, чегараолди минтақалардан сайланган парламент депутатлари ўртасида фаол ҳамкорлик ўрнатиш таклифи билдирилди.  

Учрашувлар чоғида томонлар парламентлараро алоқаларни янада ривожлантиршга қаратилган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар. 

Музокаралар якунида икки мамлакат парламентлараро гуруҳлари учрашувининг баённомаси имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари делегациясининг Тожикистон Республикасига ташрифи давом этмоқда. Бугун делегация аъзоларининг Турсунзода шаҳрига ташрифи режалаштирилган.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

У.Асроров ёзиб олди.