Ташриф доирасида айни дақиқаларда “Lotte Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Хитойнинг Тошкентдаги элчихонаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Марказий Осиё халқаро институти, ШҲТ Халқ дипломатияси маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамкорлигида “Икки томонлама ҳамкорлик ва давлат бошқаруви соҳасида тажриба алмашиш” мавзуида симпозиум ўтказилмоқда.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил бўлди.
Шу муносабат билан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Президентимиз Шавкат Мирзиёевга йўллаган табригида, жумладан, шундай деди: “Мен Хитой-Ўзбекистон муносабатларининг ривожига катта аҳамият қаратмоқдаман ҳамда дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигидан фойдаланиб, Сиз билан биргаликда мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги йўлида ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларимиз тарихида янги саҳифа очиш мақсадида бор куч ва имкониятларни ишга солишга тайёрлигимини билдираман”.
Таъкидлаш жоизки, дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 30 йилда Хитой-Ўзбекистон алоқалари изчил ривожланиб борди. Халқларимиз тинчлик-тотувлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик руҳидаги давлатлараро муносабатларнинг ёрқин намуналарига гувоҳ бўлди.
Пандемия шароитига қарамай, ҳар томонлама стратегик шериклигимиз жадал ривожланиб борди.
Бугунги симпозиумда ана шу муносабатларни янгича формат ва азалий дўстлик руҳида давом эттириш ҳақида илиқ фикрлар билдирилди.
— Тошкентга икки йил олдин келган эдим. Шу қисқа вақт мобайнида катта ўзгаришлар бўлибди. Осмонўпар, чиройли бинолар қурилибди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Етакчиси раҳбарлигида амалга оширилаётган катта ислоҳотлар самарасидир.
Ўзбекистонда сезиларли иқтисодий юксалишлар кузатилмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида барча соҳадаги ҳамкорлик алоқаларини олқишлаган ҳолда, Буюк ипак йўлидан бошланган тарихий муносабатларимиз мамлакатларимиз етакчилари раҳбарлигида янги форматда ривожланишига шубҳа йўқ, — деди Хитой Халқ Республикаси ҳукуматининг Евроосиё ишлари бўйича махсус вакили Ли Хуэй.