Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори Раҳматулла Нуримбетов мухбиримизга ана шу муҳим стратегик ҳужжатнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.

– Самарқанд саммити доирасида ШҲТнинг бундай стратегик аҳамиятга эга соҳаларда ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантиришга қаратилган концептуал ҳужжати қабул қилиниши мамлакатларимиз транзит ва иқтиосдий салоҳиятини тўлиқ ишга солиш ҳамда Шарқ–Ғарб ва Шимол–Жануб коридорлари тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилади, – деди Р.Нуримбетов. – Бу, албатта, тарихий янгиланиш даврига асос солиши билан изоҳланади. Яъни, биз қайтадан тикланаётган Буюк ипак йўлининг муҳим асосчиларидан бирига айланяпмиз ва бунда Президентимиз илгари сураётган ўзаро боғлиқлик стратегиясининг аҳамияти катта.

Бу стратегик ҳужжатнинг ҳаётга татбиқ этилиши, биринчидан, ШҲТга аъзо давлатларнинг биргаликда ривожланиш мақсадларига хизмат қилса, иккинчидан, коронавирус пандемиясига ўхшаган глобал инқирозларнинг олдини олишга қаратилган жуда муҳим қадам, истиқболни кўра билишга қаратилган ташаббус, дейиш мумкин.

Марказий Осиё минтақаси географик жиҳатдан табиий изоляция маконида жойлашган. Шу боис, бугунги таҳликали дунёда биз учун муқобил, кўп тармоқли транспорт коридорлари жуда муҳим. Бугун фақат битта давлат ёки битта минтақага боғлиқ коридорларга ишонч ҳосил қилиш етарли эмас. Биз учун дунёнинг тўрт томонига муқобил транспорт коридорлари керак. Бу иқтисодий ўсишимизнинг ва барқарор тараққиётимизнинг энг муҳим шартларидан бири. Бу бутун Марказий Осиё учун бирдек манфаатли.

Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистоннинг минг йиллар давомидаги тараққиёти Буюк ипак йўли билан боғлиқ бўлган. Буюк ипак йўлининг инқирозга учраши минтақамизнинг тараққиёт марказларидан узилиб қолишига олиб келган.

Орадан неча асрлар ўтиб бугун дунёда янги тарих, янги халқаро вазият юзага келмоқда. Марказий Осиёнинг роли яна тарих саҳнасига қайтмоқда. Бу жараёнлар, табиийки, Ўзбекистондан ташаббускорликни талаб қилмоқда ва бу Президентимизнинг узоқни кўзлаган дипломатик стратегиясида ўз ифодасини топмоқда. Чунки бугунги Ўзбекистон янги Буюк ипак йўли марказида жойлашган қудратли, демографик, тарихий-маданий алоқалар, геосиёсий, иқтисодий жиҳатдан жуда муҳим ва ишончли давлатга айланган.

Энг асосийси, Ўзбекистон бугунги кунда очиқ ташқи сиёсат юритмоқда. Бу очиқлик Ўзбекистонга янги дунёда ўзаро боғлиқликни илгари суриш учун катта имконият, ишонч беради. Мана шу ишонч туфайли ШҲТдаги барча шерикларимиз Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ўзаро боғлиқлик концепциясини бир овоздан қўллаб-қувватламоқда. Жоиз бўлса, бу стратегик ҳужжат янада кенгайиб бораётган ШҲТ учун янги кун тартибини белгилаб беришга қаратилган, десак тўғри бўлади. Хитой билан Марказий Осиёни, Марказий Осиё билан Жанубий Осиёни боғлаб турган ШҲТ Самарқанд саммитида Яқин Шарқ томон кенгайиш арафасида турибди.

Бир сўз билан айтганда, Президентимиз илгари сурган ўзаро боғлиқлик концепцияси ШҲТ макони кенгайиши билан ҳамоҳанг ва шунга асос яратади. Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар тараққиётга, фаровон келажакка, ШҲТ давлатлари ва умуман Евроосиёда кенг ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган стратегик ташаббуслардир.