Икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжат Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили, элчи Бахтиёр Ибрагимов ҳамда  Сент-Винсент ва Гренадин оролларининг БМТдаги доимий вакили Инга Ронга Кинг томонидан имзоланди.

Сент-Винсент ва Гренадин ороллари Кариб денгизи ҳавзасининг ғарбий қисмида жойлашган давлат ҳисобланади. Мамлакат БМТ фаолиятида фаол иштирок этиб келади, 2020-2021 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси, 2018-2019 йилларда эса ташкилотнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши раиси бўлган.

Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган ташкилотлари доирасида биргаликдаги ишларни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини тасдиқлади. Икки ва кўп томонлама кун тартибининг долзарб масалалари бўйича мунтазам алоқаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан келишувга эришилди.

Қўшма баёнотни имзолаш маросимидан сўнг Санкт-Винсент ва Гренадин оролларининг БМТдаги доимий вакили Инга Ронда Кинг «Дунё» ахборот агентлигига интервью берар экан, Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашди.

— Бугун менинг мўъжаз мамлакатим – Сент-Винсент ва Гренадин ороллари учун алоҳида  кун. Бир неча дақиқа аввал биз Ўзбекистон Республикаси билан дипломатия муносабатлари ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма коммюникени имзоладик. Бу тарихий воқеадир. Бизнинг давлатларимиз географик жиҳатдан бир-биридан узоқ масофада жойлашган, турли маданият ва динларга мансуб, аммо уларни ҳозирги кунда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳақиқий руҳи рамзи бўлган дипломатия алоқалари боғлайди.

Мен қарийб 9 йилдан буён дипломат сифатида Нью-Йоркда фаолият кўрсатаяпман. Шуни таъкидлашни истардимки, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётганига, шу жумладан, унинг БМТ жараёнларидаги фаол ва чуқур иштирокига гувоҳ бўлдим. Ўзбекистонлик ҳамкасбим билан дипломатия алоқалари ўрнатиш бўйича қўшма ҳужжатни имзолаш мен учун мамлакатим вакили сифатида катта шарафдир.

Ўзбекистон барча соҳаларда амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотлар бизни ҳайратлантиради ва ана шундай давлат билан дўст ва ҳамкор бўлишдан фахрланамиз. Биз яхши дунё ва порлоқ келажак учун яқин ҳамкорлик қиламиз. Яна бир бор барчани ушбу муҳим воқеа билан чин қалбимдан табриклайман.

Шуни қайд этиш жоизки, мазкур ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Кариб денгизи ҳавзаси мамлакатлари билан ҳамкорлигини фаоллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

2022 йил  9 март куни мамлакатимиз Сент-Китс ва Невис Федерацияси билан дипломатия алоқалари ўрнатган эди.