Қуюқ туман туфайли “Aэрофлот” авиакомпаниясининг Москва шаҳридан SU-1976 қатновини бажараётган самолёт саҳнидаги 131 йўловчиси билан соат 06:40да Урганчга қўна олмади ва Нукусдаги захира аэродромига юборилди. 

Яна бир қатнов - “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг HY053  қатнови Тошкент аэропортида Урганчга парвозини кутмоқда. Жадвалга кўра, борт соат 08:20 да Урганчга қўниб, сўнгра  HY279  қатнови билан Истанбулга йўл олиши керак эди. Бироқ Урганч аэропортида ҳамон туман сақланиб турибди. Кўриш имконияти 200 метрдан 400 метргача яхшиланди. Аммо учиш учун мақбул кўриш имконияти камида 800 метрни ташкил қилади. Синоптикларнинг фикрича, туман 11:00 дан 11:30 гача тарқалиши керак. 

Туман Тошкентдан Aндижонга бажариладиган HY091 қатновининг ҳам кечиктирилишига сабаб бўлди. Самолёт 08:30 да парвоз қилиши керак эди, бироқ қабул қилувчи аэропортдаги туман туфайли у ҳамон Тошкентда об-ҳаво яхшиланишини кутмоқда. Тахминий учиш вақти — маҳаллий вақт билан 12:00 да.