Умумий оғирлиги қарийб 390 тоннани ташкил этган мазкур гуманитар юк «Termez Cargo Centre» майдончасида шакллантирилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар ҳамда тиббий ускуналардан иборат.

Гуманитар юк таркиби билан танишиш жараёнида Балх вилояти ҳокими М.Вафо Афғонистон халқига кўрсатилаётган доимий ёрдам учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдирди. Ушбу ёрдам Ўзбекистон раҳбарияти томонидан афғон халқини қўллаб-қувватлаш йўлидаги изчил саъй-ҳаракатларнинг ифодаси экани таъкидланди.

Қайд этилишича, мазкур акция 2025 йил давомида Афғонистон халқига йўналтирилган тўртинчи гуманитар ёрдам ҳисобланади.

Шунингдек, Балх вилояти ҳокими Ўзбекистон томонидан икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган аниқ чора-тадбирларга эътибор қаратди. Натижада сўнгги йилларда афғон маҳсулотлари экспорти ҳажмлари сезиларли даражада ошгани, шунингдек, мамлакатда ижтимоий-иқтисодий шароит ва аҳоли фаровонлиги яхшилангани қайд этилди.