Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов, Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ҳукумат ишлари вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гергави, БАА Бош вазири Девони Бош директори Абдуллоҳ Лута, Дубай келажак жамғармаси раҳбари Халфан Белхул ва бошқа расмийлар ҳамда мамлакат илғор ёшларининг вакиллари – «One million Uzbek coders» лойиҳаси иштирокчилари ва «IT-Park» резидентлари қатнашди.

Тадбир меҳмонлари лойиҳа тарихи ва натижалари билан танишдилар. Лойиҳа доирасида 2019 йилда энг оммабоп 4та йўналишда, жумладан, маълумотларни таҳлил қилиш, Android дастурларини яратиш, веб-дастурларни яратиш ва тўлиқ циклли дастурий таъминотни ишлаб чиқиш бўйича масофадан туриб дастурлашни ўрганишга имкон берадиган «uzbekcoders.uz» электрон портали ишга туширилгани ҳақида сўз борди.

Лойиҳа бошлангандан буён «uzbekcoders.uz» платформасида 2,5 миллиондан ортиқ ёшлар рўйхатдан ўтди, 1 миллион 557 минг киши биринчи босқични якунлади, шундан 1 миллион 175 мингдан ортиқ ўқувчилар курсни муваффақиятли тугатганлиги тўғрисидаги сертификатларга эга бўлди. Лойиҳани амалга ошириш давомида умумий мукофот жамғармаси 350 минг доллар ва «Udacity Nanodegree» тренинги учун 370 грантдан иборат бўлган 20 дан ортиқ танлов ўтказилди.

Лойиҳа доирасида 2 200 нафардан ортиқ мактаб ўқитувчилари, Ёшлар Иттифоқининг 450 нафар фаоллари, 400 нафарга яқин махсус ва 250 нафар олий ўқув юртлари ўқитувчилари учун ҳам онлайн семинарлар ташкил этилди. 2020 йилда мукофот жамғармаси 30 минг долларлик «IT Park Cup» биринчи спорт дастурлаш чемпионати, Тошкентдаги 8 та университет талабалари учун тадбиркорлик ва стартап экотизимини ривожлантириш бўйича умумий совринлари 30 минг долларлик «Students Cup» мусобақаси, шунингдек Дубай Келажак жамғармаси билан ҳамкорликда ҳар йили ўтказиладиган ва Ўзбекистон ахборот технологиялари, тадбиркорлик ва иқтисодиётида очиқ маълумотлар соҳасини ривожлантиришга қаратилган «Open Data Challenge 2020» танлови ўтказилди. 2021 йилдан бошлаб Давлат раҳбарининг қарори билан лойиҳанинг сертификатланган битирувчиларига компьютер сотиб олиш учун фоизсиз кредитлар бериляпти.

Тадбир якунида лойиҳанинг турли номинациялари бўйича ғолиблар эълон қилинди. Жумладан, «энг яхши талаба» номинациясида мукофот Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабаси Фаррух Салиевга топширилди; «энг яхши ўқитувчи» номинациясида соврин ғолиб деб топилган IT-Park Самарқанд вилоят филиалининг стартап-менежери Бобомурод Тошбоевга топширилди; «энг яхши мактаб» номинациясида Қашқадарё вилояти 9-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ғолиб деб топилди; Олий ўқув юртлари орасида мукофот Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиалига топширилди; «энг яхши ҳудуд» номинациясида Хоразм вилояти пешқадам бўлди ва «энг фаол оила» номинациясида Тошкент вилояти Паркент туманидан Холовлар оиласи соврин билан тақдирланди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.