— Ҳар қандай давлатнинг барқарорлиги учта омилга боғлиқ. Бу иқтисодий ўсиш, ижтимоий ҳимоя ва экологик хавфсизликни таъминлашдир. Ўзбекистон барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида кейинги йилларда салмоқли қадамларни ташлади.
Биз ҳозир тубдан ўзгарган даврда яшаяпмиз. Пандемия бутун дунёга бошқача назар билан қарашга мажбур қилди. Барқарор ривожланишга эришиш, унинг мезонларини бажариш асосий вазифага айланди. Бу борада парламентнинг зиммасидаги вазифаларни аниқ-тиниқ белгилаб олиш ушбу анжуманнинг асосий мақсаддир.
Экологик муаммоларга келсак, улар дунёдаги энг муҳим, айтиш мумкинки, хавфли масалага айланди. Иқлим ўзгариши, айниқса, минтақамиз учун долзарб аҳамият касб этмоқда. Иқлим ўзгариши бу ҳарорат ўзгариши дегани эмас. У кенгроқ тушунча. Иқлим ўзгарганда нафақат ҳарорат, ўша ердаги жуғрофий тузилмалар, литосфера, ернинг ландшафти ўзгаради, сув ресурслари камаяди.
Пировардида қишлоқ хўжалигига, иқтисодиётга таъсир кўрсатиши оқибатида бу ерда одамлар яшаши учун номақбул ҳолат юзага келади. Бу эса экологик миграцияга олиб келиши мумкин. Ҳозирги ҳисоб- китобларга кўра, агар ҳарорат кўтарилиши шундай давом этаверадиган бўлса, 2040 – 2050 йилларга бориб, бутун дунёда 220 миллион нафардан зиёд аҳоли ўзи яшаб турган жойларни ташлаб кетишга мажбур бўлади. Бинобарин биз ҳозир нафақат коронавирус пандемияси, балки табиат пандемиясига ҳам йўл қўймаслигимиз керак.