Аввал хабар қилганимиздек, нуфузли мусобақада 110 мамлакатдан 3 минг 600 нафардан ортиқ атлет ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Спортни ривожлантириш вазирлиги хабарига кўра, Ўзбекистон делегацияси ушбу мусобақада 5 нафар спортчи билан иштирок этди. Ҳамюртларимиз орасида дастлаб каратэчимиз Достон Отаболаев татамига чиқди. - 75 килограмм вазн тоифасида жанг олиб борган 2021 йилги жаҳон чемпиони якунда бронза медали билан тақдирланди.

Шунингдек, Индонезияда ўтган 2018 йилги Осиё ўйинларида кумуш медалга сазовор бўлган у-шучи қизимиз Даря Латишева бу гал ҳам шоҳсупанинг иккинчи поғонасига кўтарилди.

Афсуски, мусобақада бадиий гимнастикачимиз Екатерина Фетисова, жиу-житсучи Баҳром Машрапов ҳамда муай-тай устаси Фанат Қаҳрамонга бироз омад етишмади. Шу тариқа, делегациямиз Бирмингемда 1 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, навбатдаги Бутунжаҳон ўйинлари 2025 йилда Хитойнинг Ченгду шаҳрида ўтказилади.