Халқаро семинарда мамлакатимиз номидан юртимизда аёллар спортининг фаол тарғиботчилари, хусусан, ўзбек ва жаҳон гимнастикаси афсонаси Оксана Чусовитина, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси бош котиби Ксения Гулямова, МОҚ Халқаро алоқалар департаменти бош мутахассиси Наргиза Холмирзаева қатнашяпти.
Тадбирда Халқаро Олимпия қўмитасининг (ХОҚ) стратегик йўл харитаси, Олимпия кун тартибига мувофиқ Осиё мамлакатлари спорт ҳамжамиятида гендер тенглигига эришиш, хусусан, раҳбарлик лавозимларидаги аёллар ўрнини камида 30 фоизга етказиш каби масалалар муҳокама қилинмоқда.
Иштирокчиларга Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах видеомурожаат йўллади. ООКнинг амалдаги раҳбари Ража Рандхир Сингх, Баҳрайн МОҚ президенти Шайх Холид бин Ҳамад Ал Халифа, ООК Ижроия қўмитаси аъзоси, ташкилотнинг гендер тенглик масалалари масъули Шейха Ҳаят бин Абдул Азиз Ал Халифа мавзу юзасидан нутқ сўзлади.
Семинар кун тартибида Оксана Чусовитинанинг чиқиши ҳам белгиланган.