Ҳамюртимиз Ш.А. Европага юк автомобили ҳайдовчиси сифатида меҳнат фаолиятини олиб бориш учун борган. У Францияда бўлиб турган пайтида соғлиғи кескин ёмонлашиб, Тур шаҳридаги шифохонага ётқизилган ва у ерда узоқ вақт даволанган.
У шифохонада бўлган вақтда Ўзбекистоннинг Франциядаги дипломатик миссияси ҳамюртимиз ҳамда тиббиёт муассасаси билан доимий алоқа ўрнатиб, зарур кўмак кўрсатди.
Ватандошимизнинг соғлиғи яхшилангач, у эсон-омон Ўзбекистонга олиб келинди. У эндиликда оиласи бағрида соғлиғини тиклаб, кейинги муолажаларини давом эттиради.
Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси хориждаги ватандошларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мушкул вазиятга тушиб қолган ҳамюртларга тезкор консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасидаги тизимли ишларни давом эттирмоқда.