Ўзбекистон дзюдо академияси Спортни ривожлантириш вазирлиги тизимига кирувчи дзюдо, шу жумладан, парадзюдо бўйича профессионал, юқори малакали спортчилар, тренерлар, тренер-селекционерлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларни халқаро талаблар асосида тайёрлашга кўмаклашадиган муассаса ҳисобланади.
Қуйидагилар Ўзбекистон дзюдо академиясининг қўшимча вазифалари этиб белгиланади:
– дзюдо бўйича бўйича миллий терма жамоалар (катталар, ёшлар, ўсмирлар ёш тоифалари спортчилари, шунингдек спорт фахрийлари) аъзоларининг жисмоний ривожланиши, жисмоний тайёргарлиги, функционал ҳолати, техник-тактик ва психологик тайёргарлигини ўрганиш;
– дзюдо бўйича миллий терма жамоаларни халқаро мусобақаларга тайёрлашда уларга амалий ва илмий-методик жиҳатдан кўмаклашиш;
– дзюдо бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш ва мамлакатимизда жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, хорижий мамлакатларнинг етакчи муассасалари билан халқаро алоқаларни ривожлантириш;
– дзюдо бўйича илмий-услубий тавсияномалар, ўқув-қўлланмалар, дарсликларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш.
Спортни ривожлантириш вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон дзюдо федерацияси билан биргаликда 2023 йил 1 октябргача Япония, Хитой, Корея, Россия, Беларусь, Германия, Австралия ва бошқа давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон дзюдо академиясини талаб даражасида замонавий анжомлар, жиҳозлар ва ускуналар билан таъминлайди.
Ўзбекистон дзюдо академиясига хорижлик профессор-ўқитувчилар, олимлар ва маъмурий ходимлар жалб этилади.