Жаҳонда рақамлаштириш жараёни кечмоқда. Бу термин иқтисодиётга ҳам кириб келган. Барча соҳалар замонавий рақамлаштиришга ўтиб боряпти. Баъзи тармоқлар аллақачон ахборот технологияларининг кучли таъсирига учраган бўлса, бошқалари бу йўлнинг бошида турибди. Ўзбекистондаги рақамли иқтисодиёт ривожи эса охирги йилларда сезиларли тарзда жадаллашди. Айниқса, унинг асосий қисми ҳисобланган электрон тижорат фаол ривожланиш йўлида ҳаракатланяпти.

Ҳозир онлайн тижорат ҳар қандай тармоқ вакиллари учун мижоз топишнинг энг қулай ва осон усули ҳисобланади. Интернет дўкон, онлайн савдо каби тушунчалар турмушимизда анчайин оммалашиб улгурди. Бир пайтлар “ўта замонавийлик” белгиси бўлган бу каби савдолар бугун аҳоли учун қулай харидлар, тадбиркорлар учун эса бизнесини ривожлантирувчи манбалардан бирига айланди.

Мамлакат иқтисодиётида электрон тижоратни ривожлантиришнинг аҳамияти янада муҳим. Янги Ўзбекистоннинг 2022—2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида рақамли иқтисодиётни иқтисодий ривожланишнинг асосий “драйвери”га айлантириш ва унинг ҳажмини камида 2,5 баравар ошириш режалаштирилган бўлиб, бунда электрон тижорат асосий ўринлардан бирини эгаллайди.

Ҳозир дунёда электрон тижорат интенсив ўсиш босқичида ва у бир неча йил давом этади. Бу тенденция бизни ҳам четлаб ўтмайди. Шу боис, мазкур йўналиш охирги йилларда юртимизда жадал ривожланаётганига гувоҳмиз. Биргина мисол, ахборот иқтисодиёти ва электрон тижорат соҳаларида яратилган ялпи қўшилган қиймат ҳажми 2015—2020 йиллар оралиғида қарийб 3 баробарга кўпайган ва бу кўрсаткичнинг ЯИМдаги улуши 2 фоизни ташкил этди.

Албатта, мазкур йўналишнинг ҳуқуқий асослари ҳам яратилган. Ўтган йили 20 август куни давлатимиз раҳбари юртимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқоти чоғида электрон тижорат платформаларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. 2021 йилнинг 17 ноябрида эса Президентнинг “Электрон тижорат маъмурчилигини такомиллаштириш ва уни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш тўғрисида”ги қарори кучга кирди.

Мазкур қарорда электрон тижоратни амалга ошириш тартибини эркинлаштириш ва аҳолининг кенг қатламини тадбиркорликка жалб қилиш ва натижада аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида ўзини ўзи банд қилувчи шахсларга электрон тижоратни амалга ошириш ҳуқуқининг берилиши энг катта янгиликлардан бири бўлди. Шунингдек, ҳуқуқий ҳужжатда электрон тижорат билан шуғулланадиган барча субъектларнинг айланмадан олинадиган солиқ ва фойда солиғи ставкалари электрон тижоратдан олинган даромад миқдоридан қатъи назар, пасайтирилган солиқ ставкалари қўлланилади.

Интернет бўлса — бўлгани!

Интернет тармоқлари тобора ривожланиб бораётган бугунги шароитда электрон тижорат тадбиркор учун ҳам, харидор учун ҳам қулай савдо майдони ҳисобланади. Юртимиз таҳлилчиларининг охирги маълумотларига кўра, 35 миллиондан ортиқ аҳолига эга Ўзбекистон Республикасида интернет фойдаланувчилари сони 27,2 миллиондан ошган. Бунда мобил интернет фойдаланувчилари сони 25,3 миллион кишини ташкил этмоқда. Ҳозирги вақтда 95 фоиз аҳоли масканлари мобил интернет билан қамраб олинган бўлса, 54 фоиз уй хўжаликларида юқори тезликдаги интернетга уланиш имкони яратилган. Бу ўз-ўзидан онлайн савдолар кўлами кенгайишига йўл очмоқда.

Электрон тижорат атамаси у қадар қадимий сўз эмас, шунга қарамай, кенг маънодаги тушунчани англатади ва кўплаб таърифларга эга. Ўзбекистон Республикасининг “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонунида ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган товарларни сотиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишга доир тадбиркорлик фаолияти электрон тижоратдир, дейилади. Содда қилиб изоҳлаганда, интернет орқали амалга ошириладиган ҳар қандай савдо ёки транзакцияга электрон тижорат, дейилади. Бу йўналиш ҳам иқтисодиётнинг бир соҳаси бўлгани ҳолда, тўловларни амалга ошириш, мижозлар ва етказиб берувчиларни қидириш, реклама тарқатиш, интернет иловалари орқали товарларни сотиб олиш ва сотиш каби кўплаб бизнес операцияларни бажаришга имкон беради.

Электрон тижорат аввало, вақт, транспорт ва меҳнат харажатларини тежаш, исталган жойда тез ва самарали онлайн савдо-сотиқ амалиётини олиб бориш имкониятидир. Бошқа томондан, электрон тижоратда савдони ташкил қилиш корхоналарнинг рақобатини кучайтиради, монополиядан чиқаради ва маҳсулотларнинг сифатини ошириш имкониятини яратади.

Янги Ўзбекистоннинг ҳозирги ривожланаётган тараққиётида электрон тижоратни тадбиркорлик фаолиятининг энг истиқболли йўналишларидан бири сифатида кўриш мумкин. Соҳа мутахассисларининг фикрича, республикада электрон тижоратни ривожлантириш учун барча зарур шарт-шароитлар ва ресурслар мавжуд. Жумладан, аҳолининг компьютер саводхонлиги даражасининг ўсиши, паст трафик нархлар билан юқори сифатли интернетнинг мамлакат бўйлаб тарқалаётгани ва бошқалар.

Аслида ҳам, электрон тижоратни ривожлантиришнинг асосий омилларидан бири глобал интернетдан фойдаланиш ҳисобланади. Техник нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси интернети мамлакатда электрон тижоратни ривожлантиришга тайёр. Мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сонининг тезлик билан ўсиши ва ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши кузатилмоқда. Бу интернет орқали тижорат алоқалари доираси сезиларли даражада кенгайишига олиб келяпти.

Тадбиркорнинг асосий “қуроли”

Электрон тижоратга бирор-бир компаниянинг рақамли технологиялар ва улар берадиган имтиёзларга асосланган, фойда келтирадиган фаолияти сифатида ҳам қаралади. Янги тижорат муҳитига жалб қилинган харидорлар маълум имкониятлар ва имтиёзларга эга бўладилар. Ташкилотлар олдида турган вазифалар ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда анча тез ва энг кам харажат билан ҳал этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 17 ноябрдаги “Электрон тижорат маъмурчилигини такомиллаштириш ва уни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, электрон тижорат фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларга солиқ имтиёзлари белгилаб берилган. Шу асосда мамлакатимизда электрон тижорат соҳасида интернет орқали тақдим этиладиган хизматлар кўрсатадиган корхона ва ташкилотлар сони ортиб боряпти.

Масалан, 2019 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро ва Сурҳондарё вилоятларида электрон тижорат фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар мавжуд бўлмаган. 2020 йилдан ушбу ҳудудларда шундай корхоналар пайдо бўла бошлади. Тошкент шаҳрида эса ўтган йили электрон тижорат фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар сони 301 тага етиб, 2019 йилга нисбатан 2,3 баробарга ошгани сезиларли ўсиш кўрсаткичидир.

Электрон тижоратни ривожлантириш имкониятларини баҳолаш учун нафақат интернет тармоғига уланиш ва ташкилотларнинг замонавий компъютерлар билан техник жиҳозланиши, балки веб-сайт ва электрон почта манзилининг мавжудлиги ҳам катта аҳамиятга эга. Ташкилотнинг шахсий веб-сайти электрон иқтисодий муносабатлар иштирокчилари ўртасидаги ўзаро алоқа имкониятларини сезиларли кенгайтиради. Унда ташкилот тўғрисидаги барча маълумотлар жойлаштириб борилиши баробарида, тезкор буюртмалар ҳам қабул қилиш мумкин.

Таҳлилларга кўра, ҳозир юртимиз миқёсидаги онлайн харидларнинг аксарияти маҳаллий дўконларда амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасидаги онлайн-харидорлар учун асосий мамлакат эса Хитой Халқ Республикаси ҳисобланади. Демак, аҳоли ва ташкилотларнинг электрон тижорат муҳитига жалб этилиши, хориж бозорига чиқиш ва чет эллик ҳамкорлар билан ишлаш кўрсаткичлари ҳозирча етарли даражада эмас.

Ваҳоланки, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ)да ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда электрон тижорат даромадлари улушини ошириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир. Бунда онлайн дўконлар сони ортиб бораётгани ва харидорлар ҳам бунга мослашаётгани қувонарли албатта. Аммо тизимни қиёсий жиҳатдан янада кенгроқ ўрганиш талаб этилади. Шу орқали қатор таклифлар ҳам ўртага ташланади.

Масалан, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг электрон шаклларида ахборот хавфсизлигини таъминловчи алоқа ва телекоммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш лозим. Шунингдек, электрон тижорат соҳасидаги амалдаги меъёрий-ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш ва мувофиқлаштириш, бизнес учун электрон тижоратни қўллаб-қувватловчи онлайн иловаларни ишлаб чиқиш, мамлакат фуқаролари ўртасида электрон тижорат бўйича саводхонликни оширишга қаратилган тарғибот тадбирларини доимий ўтказиш, электрон пул бозорини ривожлантириш ва электрон ҳамёнларни оммалаштиришга кўмаклашиш электрон тижоратни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Умуман, бир нарса аёнки, электрон тижоратнинг мамлакат иқтисодиётидаги улуши яқин келажакда доимий равишда ошиб боради. У нафақат иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлар фаолияти, балки аҳоли турмуш даражасига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Зуҳриддин ШОДМОНОВ,

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги

“Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази” директори ўринбосари