Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойида кузатувчи давлат мақомини олган Евроосиё иқтисодий иттифоқи — 2014 йилда Россия Федерацияси, Беларусь Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида тузилган шартнома асосида ташкил этилган халқаро ташкилот ҳисобланади. Бу иттифоққа 2015 йилда Арманистон ва Қирғизистон аъзо бўлиб кирган, Молдова ва Куба кузатувчи мақомига эга.
ЕОИИнинг мақсади — аъзо давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини ошириш борасида барқарор ривожланиш учун шароитлар яратиш, товарлар, хизматлар, капитал ва иш ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга ҳаракат қилиш, глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини ошириш, ҳар томонлама модернизациялаш ва ўзаро кооперация ривожлантиришдан иборат.
Евроосиё иқтисодий кенгаши (ЕОИИ) мамлакатлари географик жойлашуви ва тарихий алоқалар нуқтаи назардан Ўзбекистоннинг ўзаро манфаатли савдо шериклари ҳисобланади. Кейинги йилларда эса республикамизда мазкур ташкилотга аъзо давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада фаоллашди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ошаётганлиги, мамлакатимиз ташқи савдо-инвестицион муносабатларда фаол иштирокчига айланиб, минтақада муҳим роль ўйнаб келаётганлиги ўзаро икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг фаоллашишида яққол намоён бўлмоқда. Шу жиҳатдан, Ўзбекистоннинг барча тегишли омилларни пухта таҳлил қилган ва ҳисобга олган ҳолда, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ўзаро ҳамкорлик қилиши муҳим аҳамиятга эга.
Хусусан, “тўртта эркинлик” бозори: инсонлар, маблағ, хизматлар ва товарларнинг эркин ҳаракатланиши деб эълон қилинган Евроосиё иқтисодий иттифоқи катта географик майдонни эгаллаганлигини алоҳида қайд этиш жоиз бўлади. Солиқлар, божлар ва ҳаражатлар тартибга солинган ва камайтирилгани боис, ягона ҳудуд ва иқтисодий макондан фойдаланиш иштирокчиларга ички, шерикчилик (эркин зона чегарасида) ва халқаро савдони енгиллаштиради. Масалан, мева-сабзавотлар, тўқимачилик-трикотаж маҳсулотларига бўлган барқарор ўсиш суръатини ҳисобга олган ҳолда, ушбу ташкилот билан ҳамкорлик қилиш маҳсулот экспортини кўпайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Яна бир муҳим жиҳат — меҳнат миграцияси омили. Бугунги кунда ЕОИИга кирмайдиган мамлакатларнинг визаси бўлмаган фуқаролари учун қўйилган тақиқларнинг мавжудлиги ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг аҳволини қийинлаштирмоқда. Жумладан, юртимиздан борган мигрантларга дорихоналар, стационар бўлмаган чакана савдо объектлари, бозорлар, дўкон ва бозорларда меҳнат қилиш лозим кўрилмайди.
ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш фуқароларимизга ташкилот доирасидаги умумий меҳнат бозорининг барча афзаликлари ва имтиёзларидан фойдаланиш, меҳнат шартномасига эга шахсларга Россияда муддатсиз қолиш имконини беради.
Шунингдек, ЕОИИ аъзоси бўлмаган МДҲ мамлакатларининг “визасиз” фуқаролари қонуний ишга жойлашишлари учун патент олишлари керак. Меҳнат патенти учун тўлов бекор қилинганда, мигрантлар учун жами тўғридан-тўғри фойда йилига уч миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Қолаверса, бундай фуқаролар ташкилотга аъзо мамлактга ташриф буюрганларидан ярим йил ўтгач, солиқ тўловчилар тоифасига ўтказилади. Масалан, Россияда 30 фоизли солиқ ўрнига 13 фоизли даромад солиғи тўлай бошлайди.
Маълумки, Ўзбекистонда олинган деярли барча дипломлар бутун ЕОИИ ҳудудида тан олинади. Бу иш берувчи фуқароларга нисбатан қўйилган чекловларнинг бекор қилиниши ва тартиб-таомилларнинг соддалаштирилишига олиб келди. Мазкур қулайлик ташкилотга аъзо мамлакатлар меҳнат бозорида уларнинг рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради.
Ушбу жиҳатлар Олий ва ўрта махсус таълими дипломларининг сўзсиз тан олиниши, интеллектуал мулк ва илмий-техник интеграциянинг ҳимоя қилиниши каби масалаларга ҳам тааллуқлидир. Ўзбекистон фуқаролари учун ташкилотнинг банк тизимидаги молиявий хизматлар, жумладан, қарзлар, кредитлар ва пенсия жамғармаларидан фойдаланиши енгиллашади.
ЕОИИ мамлакатларидан қайта экспорт қилиш орқали арзон тоапрлар, хусусан, машинасозлик, қора металлургия, озиқ-овқат, гўшт-сут, ёғ маҳсулотлари ва маиший буюмларнинг юртимизга кириб келиши кутилмоқда.
Бу бир томондан тармоқнинг рақобатбардошлигини кучайтириш, бошқа тарафлама ЕОИИда фаолиятнинг шартли шароитларига янада муваффақиятли мослашиш учун иқтисодиётнинг муайян секторлари учун ўтиш даври зарурлигини ҳисобга олиш чораларини назарда тутадиган тактикани ишлаб чиқиш муҳимлигини белгилайди. Бундай шароитда миллий иқтисодиёт, ташқи савдо ва миграция оқимларини тўғри диверсификация қилиш ЕОИИ билан амалий ва оқилона сиёсат юритишга ёрдам беради.
Бундай ёндашув 14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг видеоанжуман шаклидаги навбатдан ташқари йиғилишидаги иштироки доирасида ҳам намоён бўлди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини олганидан буён ушбу интеграциявий бирлашманинг давлатимиз раҳбари иштирокида ўтган учинчи саммити бўлди.
Йиғилиш таҳлиллари шуни кўрсатдики, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳам аниқ натижаларга эришишга қаратилган фаол ва ташаббускор ташқи сиёсат юритмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистоннинг табиий савдо ва иқтисодий ҳамкорлари — ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Мисол учун пандемия шароитида мамлакатимизнинг ташкилотга аъзо давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми барқарор ортиб бораётгани таъкидланди. Савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш муҳим эканини алоҳида қайд этилди.
Бу борада давлатимиз раҳбари илгари сурган ўзаро савдода мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, техник регламент ва стандартларни уйғунлаштириш, божхона тартиботларни рақамлаштириш бўйича қўшма “йўл харита”сини ишлаб чиқиш таклифини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон саноат кооперациясини чуқурлаштириш орқали минтақалараро қўшилган қиймат занжирларини яратишда ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини алоҳида эътироф этиш лозим. Тошкент шаҳрида ҳар йили “Иннопром — Марказий Осиё” саноат форумининг ўтказилиши бунинг учун янги имкониятлар очади.
Миллий иқтисодиётларнинг барқарор ривожланишида муҳим омил сифатида транспорт йўлаклари тармоғи ва логистика инфратузилмасини такомиллаштириш муҳим экани, шубҳасиз, қизиқиш уйғотади. Бу борада биз, тадбиркорлар фикрини ифода этувчи сиёсий куч сифатида давлатимиз раҳбари илгари сурган Ўзбекистон томонидан Россия ва Қозоғистон билан биргаликда йўлга қўйилаётган зарур товарларни тез фурсатда ўзаро етказиб бериш бўйича “Агроэкспресс” лойиҳасига қўшилиш таклифини маъқуллаймиз.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишидаги навбатдаги иштироки ЕОИИ билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, ташкилотга аъзо мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва яқин шерикликни ривожлантириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари