Ўзбекистон ва Эрон Ислом Республикаси ҳукуматлари ўртасида 2022 йил 14 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида имзоланган ишбилармон ва илмий доиралар вакиллари ҳамда сайёҳлик гуруҳлари учун виза бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш тўғрисидаги битим 13 октябрдан кучга кирди.

Ҳужжатга кўра, томонлар паритет асосда ва миллий қонунчилигимиз қоидаларига мувофиқ томонлар давлатларининг ишбилармон ва илмий доиралари вакиллари, шунингдек, туристик гуруҳлари учун виза беришнинг соддалаштирилган тартибини жорий қилади.

Бунда «ишбилармон доиралар вакиллари» деганда бир Томон давлатининг бошқа Томон ҳудудида инвестиция ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи фуқаролари тушунилади;

«илмий доиралар вакиллари» — бир Томон давлатининг бошқа Томон ҳудудида фан ва илмий фаолиятни амалга оширувчи фуқаролари;

«Туристик гуруҳ» — бир Томон давлатининг бир вақтнинг ўзида бошқа Томон ҳудудига  туристик мақсадларда кирувчи 5 (беш) дан 20 (йигирма) кишигача бўлган фуқаролари.

Томонлар давлатларининг ваколатли органлари иштирокчи давлатларнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тегишли ҳужжатларни олгандан сўнг, уларни 3 (уч) иш куни ичида (ҳужжат олинган кундан ташқари) кўриб чиқади ва ҳужжатлар маъқулланган тақдирда виза бериш учун тасдиқнома расмийлаштиради.

Томонлар давлатларининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари қуйидаги визаларни тақдим этадилар:

бир томон давлатининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида бошқа томон давлатига ташриф буюрувчи ишбилармон доиралари вакиллари учун амал қилиш муддати 6 (олти) ойгача бўлган кўп марталик кириш визаси;

бир томон давлатининг фан ва илмий фаолиятни амалга ошириш мақсадида бошқа томон давлатига ташриф буюрувчи илмий доиралар вакиллари учун 1 (бир) ойгача амал қиладиган виза;

бир томон давлатининг турист сифатида, туристлар гуруҳлари таркибида бошқа томон давлатига ташриф буюрувчи фуқаролари учун 30 (ўттиз) кунгача бўлган туристик виза;

Алоҳида ҳолларда, агар қўшимча кўриб чиқиш талаб этилса, виза бериш муддати 10 (ўн) кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.