Жонажон Ўзбекистонимизнинг бетакрор табиати, унинг бой ўсимлик ва ҳайвонот олами, гўзал боғ ва хиёбонлари миллий бойлигимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Бу неъматларни аждодларимиз бир неча юз йиллар асраб-авайлаб, келгуси авлодлар учун улкан мерос қилиб қолдирган.

Аждодларимиз ўз юртини, яшаган манзил-маконини обод қилиш, боғу бўстонлар яратишга катта эътибор қаратган. Амир Темур бобомиз бунёд этган, Алишер Навоий бобомиз ташаббуси билан яратилган боғу роғлар, Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан барпо этилган “Боғи Бобур” ҳали-ҳамон тиллардан тушмайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган “Янги Ўзбекистон” боғи ҳам ана шу эзгу анъаналар давоми бўлиб, мамлакатимизда янги Ўзбекистон давлатини барпо этиш йўлидаги интилиш ва ислоҳотларимизнинг гўзал тимсолига айланди. Боғ марказий қисмидаги Мустақиллик монументи халқимизнинг тарихий хотираси, орзу-умидлари билан ҳамоҳанг муҳташам бадиий обида сифатида барчамиз учун қадрлидир.

Бу гўзал боғнинг салобатига қараб, Ўзбекистон халқ шоираси Зулфияхонимнинг “Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали...”, деган сатри ёдимизга тушади. Ҳақиқатан ҳам, ушбу боғда пойтахтимиз аҳолиси, мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқларидан, хориждан келадиган меҳмонлар яйраб дам олиши, одамларимиз оиласи, фарзанд ва набиралари билан бирга мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча шароит яратилмоқда. Ҳадемай бу маскандаги ниҳоллар кўкка бўй чўзиб, сўлим хиёбон тусига киради. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида барпо этилаётган янги боғ ва хиёбонлар учун намуна бўлиб хизмат қилади.

Қадрли юртдошлар!

Доно халқимизда “Умрингдан бир кун қолса ҳам кўчат эк”, деган пурҳикмат нақл бор. Ота-боболаримиздан мерос миллий қадрият ва анъаналаримизнинг ажралмас қисми бўлмиш дарахт экиш, боғу гулзорлар яратиш борасидаги гўзал одатларимиз бугунги кунда янги маъно-мазмун билан бойиб, кенг миқёсда давом этмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига асос солинди. Мазкур халқ ҳаракати натижасида ҳар йили миллионлаб туп дарахт ниҳоллари экилмоқда, янги ўрмон ва боғлар яратилмоқда. Яшил ўрмон ва дарахтзорлар, боғу роғлар атроф-муҳитни мусаффо сақлаш, экологик тизимни ва иқлимни барқарорлаштириш, тупроқ ва ҳавони тозалашда ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, яшиллик олами — бу тоза ҳаво, соғлом ҳаёт, узоқ умр демакдир.

Шунинг учун ҳар биримиз бугунги ва келажак авлодлар олдидаги масъулият ва жавобгарлигимизни чуқур ҳис қилиб, “Яшил макон” лойиҳаси атрофида янада жипс бўлиб бирлашайлик!

Хонадонларимиз, томорқалар, маҳаллаларимиз, кўп қаватли уйларимиз атрофига терак, тут, узум каби юртимиз иқлим шароитига мос дарахтлар экиб, уларни авайлаб, парваришлаб боғ-роғларни кўпайтирайлик!

Кўп миллатли Ўзбекистон халқи жорий йилда бўлиб ўтган муҳим сиёсий тадбирлар — янгиланган Конституциямиз бўйича умумхалқ референдуми ҳамда Президент сайловида юксак фаоллик, дахлдорлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик фазилатларини кўрсатди. Ватан ва халқ манфаати йўлида қандай қудратли кучга айланиши мумкинлигини бутун дунёга намоён этди.

Барчамиз учун муқаддас бешик бўлган она Ватанимизнинг бетакрор табиати, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини сақлаб қолиш, уни авлодларимизга безавол етказишда ҳам ана шундай хислатларимизни, буюк бунёдкорлик салоҳиятимизни амалда намоён этайлик!

Ерга ниҳол экиш, парваришлаб янги боғларга айланиши учун эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишда шахсий намуна кўрсатиб, ташаббускор бўлайлик!

Бутун дунёда иқлим ўзгаришлари рўй бериб, глобал исишнинг салбий таъсири тобора кучайиб бораётган бугунги мураккаб даврда она табиатга беписанд муносабатда бўлиш, унга зарар етказиш ҳолатларига муросасиз бўлайлик!

Одамларимизга асрлар давомида ўз исботини топиб келган “Нимани хор қилсанг, ўшанга зор бўласан”, деган ҳаёт ҳақиқатининг туб моҳиятини, табиатга хиёнат Ватанга хиёнат билан баробар гуноҳ эканини тушунтирайлик!

Нега деганда, орамизда дарахтларни шафқатсизларча кесиб, пуллаётган кимсалар борлиги яхши аён. Ўзи умрида битта ҳам ниҳол экмасдан, дарахтларга болта ураётган, дарахт кесишни касбга айлантириб олган сохта тадбиркорлар, маънавий қашшоқ кимсаларга қарши ҳаммамиз биргаликда курашайлик!

Мамлакатимизнинг айрим жойларида “Яшил макон” лойиҳасига бефарқлик билан қаралаётгани оқибатида катта маблағ, моддий ва меҳнат ресурслари ҳисобига экилган кўчатлар қуриб қолаётган, дарахтзорлар пайҳон қилинаётган ҳолатлар ҳам, афсуски, тез-тез учрамоқда.

Азиз нуронийлар, доно отахон ва оқила онахонлар!

Бу борада авваламбор сиз, азизларга мурожаат қилаётганимиз, албатта, бежиз эмас. Янги Ўзбекистонимизда тарихий ўзгариш ва ислоҳотлар, эзгу ғоя ва ташаббусларни рўёбга чиқариш жараёнида сизлар ҳамиша фаол бўлиб, қимматли фикр ва мулоҳазангиз, доно маслаҳатингиз, амалий ҳаракатларингиз билан муносиб ҳисса қўшиб келмоқдасиз. Бой ҳаётий тажрибангиз, дуо ва тилакларингиз ҳамиша халқимиз учун катта таянч ва суянч бўлиб келади.

Бугунги кунда она табиатга муносабат, “Яшил макон” лойиҳасидан кўзланган мақсад-муддао ҳақида халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида суҳбатлар қуриб, унинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ишларида фаол, фарзанд ва набираларимиз учун қулай табиий муҳит яратишда бош-қош бўлиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Ота-боболаримиздан мерос анъана – оилада янги фарзанд дунёга келганида унга атаб, албатта, дарахт экишни қайта тиклаб, ҳаётимиз қоидасига айлантирсак, айни муддао бўлади. Никоҳдан ўтаётган ёшларимиз мана шундай бахтли онлардан эсдалик сифатида яхши ният билан ерга ниҳол экса, анъаналаримиз яна бир гўзал одат билан бойиган бўлар эди. Келин-куёвларимиз эккан ниҳолларнинг илдизи ерга чуқур ўрнашиб, улғайиб, улкан дарахтга айланиб мева берганидек, ёшларимизнинг оиласи ҳам, албатта, мустаҳкам, баракали, тинч-тотув бўлади.

Пиру бадавлат отахон-онахонлар, фахрийлар, зиёлилар ва азму шижоатли ёшларимиз биргаликда маҳаллалардаги бўш ерлар, дала четлари, ариқ ва зовурлар бўйларига терак кўчатлари ва қаламчалари экишни ташкиллаштирайлик!

Бир туп ниҳолдан 8 тадан 12 тагача қаламча олиш мумкин. Бу қаламчаларни сифатли экиб, парваришласак, кузгача ҳар бири кўчатга айланади. Оддий қаламчадан кўчат ва ёғоч етиштириш тоза ҳаво, яхшигина даромад манбаи эканини унутмайлик!

“Бир нуроний — ўн нафар ёшга масъул”, “Устоз ва шогирд” тамойиллари асосида фарзанд ва набираларимиз, маҳаллалар ёшларини ёнимизга олиб, ҳовлилар, кўп қаватли уйлар, шифохоналар, ишлаб чиқариш корхоналари, таълим-тарбия муассасалари атрофига дарахт ва гуллар экишни йўлга қўйиш муҳим вазифамиз ҳисобланади.

“Нуроний” жамғармаси бу борада Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Соғлиқни сақлаш, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари ҳамда бошқа тегишли идоралар, давлат ва жамоат ташкилотларини ҳамкорликка чақиради.

Азиз ота-оналар!

Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган гап бежиз айтилмаган. Чинакам инсоний туйғулар, аввало, оила бағрида камол топади. Фарзандларимиз қалбида она табиатга меҳр уйғотиш, атроф-муҳитга эҳтиёткор муносабатда бўлиш туйғуларини тарбиялашда оиланинг ўрни ва таъсири ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Бобоси ва отаси билан бирга дарахт эккан, парвариш қилишда иштирок этган боланинг онгу тафаккури ўзгача бўлади. Она юртга меҳр ва садоқат руҳида камол топади. Ўзи эккан ниҳол униб-ўсаётганини кўрган боланинг қалбидаги орзу-мақсадлари ҳам юксак бўлади. Шунинг учун дарахт экаётганда, ниҳолларни парваришлаётганда фарзандларимизни ёнимизга олиб, уларга тупроқ билан тиллашишни, ниҳол экиб, ундиришни ўргатайлик! Парваришлаган ниҳоли Ватанимиз кўркига кўрк қўшишини англатайлик!

Муҳтарам маҳалла фаоллари!

Бугунги кунда ҳам айрим маҳаллаларда, кўча ва гузарларда қаровсиз ётган ерлар, қуриб-қовжираб қолган дарахтларни кўрамиз. Бу бизга умуман ярашмайдиган ҳолат. Маҳаллаларимиз қиёфаси фаолиятимиз натижасини кўрсатадиган омиллардан бири эканини унутишга ҳаққимиз йўқ.

Шу боис, бу йўналишдаги фаолиятимизни танқидий кўриб чиқиб, ишни тизимли асосда йўлга қўйиш чораларини кўришимиз лозим. Маҳаллаларимиз ҳудудини обод қилиш, зиёратгоҳ ва қабристонларни ободонлаштириш каби савобли ишлар ҳамиша эътиборимиз марказида туриши зарур.

Президентимиз томонидан илгари сурилган “Обод хонадон” дастурини амалга оширишда жонбозлик кўрсатиб, юртимизда ҳар жиҳатдан обод хонадонларни кўпайтириш, уларни бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтиришимиз лозим.

Ҳурматли уста боғбон ва миришкор фермерлар!

Бозор ва дастурхонларимиз тўкинлиги сизларнинг заҳматли меҳнатингиз натижасидир. Она табиатимизни асраш, юртимизда мевали ва манзарали боғлар, яшил ҳудудларни кенгайтиришда сиз, азизларнинг билим ва тажрибангиз ниҳоятда муҳимдир.

Шундай экан, дала четларига тут ва узум кўчатларини экиш тажрибасини кенг оммалаштирайлик. Тутзорлар ерни эрозиядан, экинларни турли табиий офатлардан ҳимоя қилиш билан бирга ипакчилик саноати ривожининг бош омилидир. Узум ва унинг майизи дастурхонларимиз кўрки ва экспорт салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутади. Тут ва узум мўл ҳосил ва катта даромад манбаидир. Шундай экан, дала четларига тут ва узум кўчатлари тўлиқ экилишига эришайлик!

Азиз ёшлар!

Жонажон Ўзбекистонимиз, унинг ерости ва ерусти бойликлари, ўсимлик дунёси, яшил ўрмон ва боғлари ҳаммаси сизники! Бундай саховатли заминни ҳимоя қилиш, асраб-авайлаш сизнинг бурчингиз. Шундай экан, она заминимизга меҳрингизни беринг. Табиатимизга нисбатан адолатсиз муносабатдан хулоса чиқаринг, бундай хатоларни такрорламанг. Ўзингиздан кейинги нурли келажак учун бугундан бошлаб боғ яратинг!

Қадрли ватандошлар!

Шу кунларда Президентимизнинг жорий йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида мустақиллик байрамига катта тайёргарлик кўрмоқдамиз. Шу муносабат билан ҳар бир оила “Мустақилликнинг 32 йиллигига 32 туп дарахт” шиори остида хонадонларимиз, маҳалла гузарлари, йўл бўйларига мевали ва манзарали дарахтлар экайлик!

Шунингдек, 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни, 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни, 21 март — Наврўз умуммиллий байрамлари муносабати билан устозларимиз, оналаримиз, бувиларимиз, оталаримиз, яқинларимиз, ўғил-қизларимизга атаб ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароитига мос терак, тут, узум, манзарали ва мевали ниҳоллар экиб, парваришлашни анъанага айлантирайлик. Ерга қадалган ҳар бир ниҳол орзу-умидларимиз рўёбидек улғайсин! Халқимиз айтганидек, ҳар биримиздан яхши боғ қолсин!

Бу эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!