Энг муҳими, мамлакатимизда инсонпарварлик сиёсатининг амалга оширилиши натижасида миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, шу заминда яшаб, меҳнат қилаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари юксак қадр топди.

Шу кунларда Ўзбекистон ва унинг кўпмиллатли халқи муҳим сиёсий жараён – Президент сайлови арафасида турибди. Кексаю ёш – барча бирдек мамлакат тараққиёти, келажаги учун муносиб, деб билган номзодга овоз беришга ҳозирланмоқда. Демак, 24 октябрь куни халқимиз ўз сиёсий иродасини билдириб, орзу-умидларини рўёбга чиқаришга қодир, фаровон ҳаёт асосчиси бўла оладиган ўз етакчисини сайлайди.

Бу жараёнда ҳамжиҳатлик, бағрикенглик тамойиллари ҳам ғоят муҳим аҳамият касб этиши табиий. Шу маънода таъкидлаш жоизки, юртимизда истиқомат қилаётган барча фуқаролар миллатидан қатъи назар тенг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга. Конституциямиз ва Сайлов кодексида Ўзбекистон фуқаролари жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар сайлаш, шунингдек, давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайланиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, қатор диний конфессия вакиллари дўст бўлиб, ҳамжиҳатликда яшаб келади. Юртимизда миллатлар дўстлигини янада мустаҳкамлаш, уларнинг эмин-эркин ҳаёт кечириши ва фаолият юритишини таъминлаш учун барча шароитлар яратилган. Энг муҳими, мамлакатимизда инсонпарварлик сиёсатининг амалга оширилиши натижасида миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, шу заминда яшаб, меҳнат қилаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари юксак қадр топди.

Сайлов жараёнларида ҳам бу борада қатор шароитлар яратилган. Жумладан, Сайлов кодексининг 31-моддасига мувофиқ, Сайлов бюллетенлари давлат тилида, шунингдек округ сайлов комиссиясининг қарорига биноан тегишли округ аҳолисининг кўпчилиги сўзлашадиган тилларда нашр этилади.

Шу билан бирга, Марказий сайлов комиссияси томонидан турли миллатлар манфаатларини инобатга олган ҳолда, Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли ҳамда Сайловолди дастури ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида чоп этилади.

Республика миқёсидаги газеталар томонидан номзодларга ўзбек, рус, тожик ва қозоқ тилларида ташвиқот учун бепул нашр майдони яратиб берилган. Хусусан, Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан Президентликка номзодлар учун сайловолди ташвиқоти даврида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг республика ва  маҳаллий телерадиоканалларида бепул ажратиладиган эфир ҳажми ва вақти, “Янги Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Овози тожик”, “Нурли жол” газеталарида ҳамда маҳаллий газеталарда бепул ажратиладиган нашр майдони тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлов кампаниясида миллатлараро тенглик, ҳамжиҳатликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Сайловни ўтказувчи округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари орасида турли миллат вакиллари борлиги фикримиз далилидир.

Жумладан, округ сайлов комиссияларида 232 нафар ўзбек, 12 нафар қорақалпоқ, 3 нафар қозоқ, 5 нафар рус, 2 нафардан тожик ва корейс ҳамда бошқа миллатга мансуб 7 нафар вакиллар бор. Участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларнинг эса 126 минг 532 нафари ўзбек, 4266 нафари қорақалпоқ, 3293 нафари қозоқ, 664 нафари рус, 5017 нафари тожик, 55 нафар корейс, шунингдек, 2217 нафари бошқа миллат вакилларидан ташкил топмоқда.

Албатта, бу рақамлар Ўзбекистонда бағрикенглик ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳити барқарорлигидан, қолаверса, Президент сайловида муносиб номзодга овоз беришга ҳеч бир фуқаро бефарқ эмаслигидан далолат.

Шуҳрат Ҳотамов,

Ўзбекистон Республикаси

Жамоат хавфсизлиги университети

доценти