Дарвозалар ўрнига гоҳ ғишт, гоҳ тош қўйиладиган чанг кўчадаги қўлбола ўйингоҳдан тўп тепиб қайтаркан, шуларни бола орзулари билан хаёлида гавдалантирмаган, олам-олам завқ туймаган одам кам топилса керак. Тактика билан бировнинг иши йўқ, чопганимиз-чопган, йиқилган-турган, йиғлаган, қувонган — сиз ҳам тўртбурчак майдонни ҳаётнинг кичик бир модели, унинг келгуси синовлари, баҳслари, ўйинларига тайёрлов экани ҳақида у вақтлар ўйлаб ҳам кўрмагансиз-ку, тўғрими?

Яқинда қишлоққа бордим. Ўзим­ча болалигимни тасаввуримда яхши­роқ жонлантирмоқчи бўлдимми, ҳар қалай хаёлларимга эргашиб, болалар майдончасига бориб қолибман. Йўқ, мен кўришни истаган манзарадан асар ҳам йўқ эди бу ерда. Ҳеч ким­нинг уст-боши чанг бўлмаган, текис, сунъий чим ётқизилган ям-яшил майдонда болакайлар шошилмай­гина, тартиб билан бир-бирига тўп узатарди. Бу ерда мен тушунишга қийналаётган бир нарса бор эди. Ас­лида, ўзим ҳали ёшман, болалигим ҳам яқин ўн-ўн беш йиллар нари- берисида кечган. Бироқ болакайлар нигоҳида нимадир фарқли эканини сезиб тургандек эдим, бу ишончми, умидми, қатъиятми ёки уларнинг барчасини ўзида мужассам этган да­дилликми, аниқ айтишим қийин…

Яшил майдон. Улкан стадион. Мадҳия, ўйин шиддати, гол завқи, ғалаба шукуҳи, мухлислар қувончи, кубок… Дарвозалар ўрнига гоҳ ғишт, гоҳ тош қўйиладиган чанг кўчадаги қўлбола ўйингоҳдан тўп тепиб қайтаркан, шуларни бола орзулари билан хаёлида гавдалантирмаган, олам-олам завқ туймаган одам кам топилса керак. Тактика билан бировнинг иши йўқ, чопганимиз-чопган, йиқилган-турган, йиғлаган, қувонган — сиз ҳам тўртбурчак майдонни ҳаётнинг кичик бир модели, унинг келгуси синовлари, баҳслари, ўйинларига тайёрлов экани ҳақида у вақтлар ўйлаб ҳам кўрмагансиз-ку, тўғрими?

Кишининг ташқи кўриниши — кийини­шидан тортиб, кўз қарашигача унинг ички оламини акс эттириши ҳақида албатта ўқи­ган, эшитгансиз. Майдончадаги болаларни кузата туриб ўйлаб қолдим: бу қоида жа­миятлар учун ҳам бирдек амал қилар экан. Яъни инфратузилма, шароит, имконият, ҳаракат, меҳнат — ҳаммаси жам бўлган му­ҳитда жамиятнинг умумкайфияти, ривож­ланиш ва шунга монанд самараси ҳам тезда бўй кўрсатади. Шу маънода, спортда, ху­сусан, футболда эришиладиган натижалар, ютуқлар, ҳатто муваффақиятсизликлар за­мирида ҳам катта бир фалсафа, ижтимоий- руҳий маъно-мазмун мужассам.

Демак, энг чекка ҳудудларда қурилган, қурилаётган майдончалару юзлаб-минглаб мухлисни бағрига сиғдира оладиган муҳта­шам ареналар қад ростлаётгани бугун ўша мини стадионларда хотиржам машғулот ўтаётган болакайларнинг эртага оламшу­мул муваффақиятларни реалликка айланти­ришига замин ҳозирлайди, олға бошлайди.

Чунончи, турли ёшдаги терма жамоа­ларимиз мунтазам юқори натижалар учун курашмоқда, юртимиз эса катта футбол фес­тивалларига мезбонлик қиляпти. Хусусан, ФИФА кенгаши томонидан Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг 2027 йилги U-20 жаҳон чемпионатига мезбон сифатида расман та­йинланиши мамлакатимиз спорт салоҳиятига юксак ишонч рамзи, катта масъулият бўлиш билан бирга дунё нигоҳида ҳам эмас, аввало, ўзимизга ислоҳотлар самарасини, тизимнинг ички таянчлари қай даражада етилганини кўрсатиб берадиган кўзгу вазифасини бажа­ради. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 15 декабрдаги “2027 йилги футбол бўйича U-20 Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”­ги қарори ҳам айни шу жиҳатларни назарда тутгани билан аҳамиятли, соҳадаги кейинги қадамларни аниқ белгилаб олиш учун дасту­риламал ҳужжат бўлди.

Шубҳасиз, мазкур мусобақага мезбон бў­лиш ҳуқуқи стадионлар маҳобати, ундаги ўриндиқлар сони билан ўлчанмайди. Бу тан­лов ортида узоқ вақт давомида шаклланган тартиб, масъулият, ички мувозанат ва ишонч ётади. Зеро, у, биринчи навбатда, халқ томони­дан қандай қарши олинади, қандай кузатилади, қандай хотира қолдиради — мана шу саволлар мезбонликнинг асл моҳиятини белгилайди. Шу нуқтада футбол ўзининг спорт қобиғидан чиқиб, мамлакатнинг ташкилий маданияти, жамоатчилик кайфияти ва ўзига ишончини на­моён этадиган майдонга айланади.

Бугунги натижалар эса босқичма-босқич тўпланган тажриба, майдонда ва унинг таш­қарисида шаклланган интизом орқали ўз ифо­дасини топди. Футбол атрофида юзага келган муҳит ўзгарди, майдонга чиқаётган авлод­нинг нигоҳида бошқача ишонч пайдо бўлди, томошабин ҳам энди фақат натижани эмас, жараённи ҳис қила бошлади. Шу боис, 2027 йилги U-20 жаҳон чемпионати билан боғлиқ қарорни алоҳида бир ҳодиса эмас, балки шу йўлнинг мантиқий давоми сифатида қабул қилиш тўғрироқ бўлади. Демак, қарор моҳия­тида нималар ётибди, у қайси босқичларнинг устига қурилди, қандай омиллар бу даража­гача етиб келишга замин ҳозирлади деган са­волларга жавоб излаш орқали истиқболдаги марралар борасида ҳам дадил фикр юритиш имкони туғилади. Зеро, бу ерда гап фақат турнир ҳақида эмас, футбол орқали шаклла­наётган ишонч, тартиб ва келажак ҳақидаги тасаввур ҳақида бормоқда.

Бошқарувдаги институционал ўзгаришлар

Ўзбек футболида сўнгги ўн йил ичида юз берган ўзгаришлар таблодаги ҳисоб билан бошланиб, ҳисоботлар билан якун топади­ган жараённи том маънода янги кўринишга келтирди. Бу давр, аввало, футболнинг ички бошқарув механизмларини қайта кўриб чиқиш, масъулият ва ваколатларни аниқ белгилаш, қарор қабул қилиш маданияти­ни шакллантириш босқичи сифатида кеч­ди. Бир пайтлар алоҳида-алоҳида ҳаракат қилган тузилмалар аста-секин ягона тизим ичида ишлай бошлади, мусобақалар тақви­ми тасодифга эмас, олдиндан режалашти­рилган мантиққа таянадиган бўлди, клуб­лар ва лигалар ўртасидаги муносабатлар тартибга солинди. Бу жараён ташқаридан қараганда кескин сакрашларсиз кечгани­га қарамай, аслида барқарорлик муҳитини пайдо қилди. Хусусан, 2018 йилдан футбол бошқарувида марказлашган, аниқ вазифа­ларга бўлинган модель шакллана бошлади. Футбол федерацияси тузилмаси янгиланди, профессионал лигалар фаолияти алоҳида йўналиш сифатида мустаҳкамланди, му­собақалар тақвими халқаро стандартларга мослаштирилди.

Шу йиллар мобайнида футболни бошқа­риш масаласига ёндашув ҳам ўзгарди. Нати­жани бугун олиш учун эртани қурбон қилиш одати аста-секин чекиниб, босқичма-босқич ривожланиш тамойили устуворлик касб эта бошлади. Бу сокин, бироқ қатъий ўзгариш­лар инфратузилмасиз ўз самарасини бермас эди. Бир неча йил аввал халқаро талабларга жавоб берадиган майдонлар сони жуда кам бўлган, кейинги даврда эса бу манзара изчил ўзгара бошлади. Стадионлар реконструкция қилинди, машғулот базалари янгиланди, ҳу­дудларда футбол учун доимий шароит яра­тилди. Муҳими, бу жараён марказий ҳудуд­лар билан чекланиб қолмади, вилоятларда, чекка-чекка қишлоқ-овулларда ҳам футбол билан шуғулланиш тизимли тус олди. Маш­ғулот майдонлари атрофида спорт тиббиёти, реабилитация, тикланиш жараёнларини қамраб олган муҳит шаклланди. Шу билан бирга, хорижий тажриба асосида ишлашга ўтилди, мутахассислар алмашинуви, малака ошириш жараёнлари футбол ичидаги билим айланишини тезлаштирди.

Мазкур жараёнда натижалар изчил ишлан­ган механизмнинг очиқ ифодаси ўлароқ бирин- кетин бўй кўрсатди. 2023 йилда Ўзбекистон U-20 терма жамоасининг Осиё чемпионлигини қўлга киритиши ёшлар футболи тарихида бу­рилиш нуқтаси сифатида қабул қилинди. Мусо­бақа давомида жамоа ўйини тартиб, жисмоний тайёргарлик ва босим остида тўғри қарор қабул қилиш қо­билияти билан ажралиб турди. Мазкур ғалаба бир турнир билан че­гараланиб қолмади, у ёшлар билан ишлаш­да танланган йўл­нинг тўғрилигини кўрсатиб берди. Шу йилнинг ўзида U-17 терма жамоамиз Осиё чемпионати­да ғалаба қозониб, ўсмирларимиз 2012 йилдан кейин яна бир бор бош сов­ринни боши узра кўтарди. Бундан кейин ҳам муваффақиятлардаги изчил­лик занжири узилмади. Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг Париж Олимпиадасига йўллан­ма олиши футболимиз тарихида янги саҳифа очди. Бу натижа ёшлар жамоаларидан катта футбол сари ўтиш жараёни узвий йўлга қўйил­ганининг амалдаги тасдиғи бўлди.

Муҳим жиҳати шундаки, бу ютуқлар ўзаро узвийлик касб этди, яъни U-17, U-20 ва U-23 жамоалари таркибида майдонга тушган футболчилар ўртасида мантиқий боғлиқлик кузатилди. Бир босқичда шакл­ланган интизом ва масъулият кейинги да­ражага ўтишда йўқолмади, аксинча, янада мустаҳкамланди. Бу жараёнда индивидуал техникадан кўра жамоавий фикрлаш ва ру­ҳий барқарорлик ҳал қилувчи омилга ай­ланди.

Охир-оқибат катта майдонда ҳам шу жа­раён ўз аксини топди. Йиллар давомида шакл­ланган тизим — интизом, масъулият ва руҳий барқарорлик миллий терма жамоа даражаси­да ҳам сезила бошлади. Узоқ йиллик орзу бў­либ келган манзилга ниҳоят қадам қўйдик: Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Бу натижа биргина саралаш ўйинларидаги ғалабалар билан изоҳланмайди, у олдиндан қурилган пойдеворнинг мантиқий чўқ­қиси сифатида намоён бўлди. Бу манзилга олиб борган йўл ёшлар футболидан бошлан­ган, босқичма-босқич мус­таҳкамланган, майдонда ва унинг ташқарисида қатъият билан қилинган меҳнат, бир бутун, яхлит механизмга айланган ти­зим орқали барпо этилди. Айнан мана шу узвийлик Ўзбекистон футболининг бугунги ҳолатини бел­гилаб берди ва уни янги синовларга тайёр ҳолда олиб чиқди.

Ижтимоий майдонга ҳам таъсир кўрсатувчи жараён

ФИФА сингари нуфузли ташкилотлар жа­ҳон миқёсидаги катта мусобақаларни шунча­ки тўғри келган мамлакатга топшириб қўя­вермайди. Яъни мезбонни танлашда, аввало, майдонларнинг чиройига эмас, майдон атро­фидаги тартибга қараб иш тутилади. Қандай кутиб олинади, қандай жойлаштирилади, ўйинлар қандай муҳитда ўтади, хавфсизлик, логистика, трансляция, томошабин оқими қандай бошқарилади — мана шу саволларга жавоб топилгандагина ишонч шаклланади. 2027 йилги ФИФА U-20 жаҳон чемпиона­тини Ўзбекистон ва Озарбайжонга ишониб топшириш қарори ана шу узоқ текширувлар натижасида қабул қилинди.

Бу ишончга секин-асталик билан эришил­ди, бир турнирдан кейин бошқасига ўтиб, си­новдан синовга уланиб борди. 2023 йил март ойида Ўзбекистон U-20 Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Бир неча шаҳарда ўтка­зилган ўйинлар ташкилий жиҳатдан узлуксиз кечди, жамоалар ва расмийлар учун зарур шароитлар яратилди, мусобақа аниқ жадвал асосида якунланди. Бу тажриба футзал йў­налишида янада кенгроқ кўламда синовдан ўтди. 2024 йилда ФИФА футзал бўйича жа­ҳон чемпионатини юртимизда ўтказиш қаро­рини қабул қилди ва мезбон шаҳарлар сифа­тида Тошкент, Бухоро ва Андижон танланди. Турнир доирасидаги тадбирлар, ўйинлар, ташкилий жараёнлар Ўзбекистоннинг глобал футбол протоколлари билан ишлашга тайёр­лигини кўрсатди. Айниқса, финал қуръа ма­росимининг Самарқанддаги Регистон майдо­нида ўтказилиши футбол тадбирини маданий макон билан уйғунлаштириш мумкинлигини намоён этди.

Бундай нуфузли турнирларни қабул қи­лиш учун ташкилот регламентига мос инфра­тузилма яратиш масаласи ҳам туради. ФИФА U-20 жаҳон чемпионати учун белгиланган талаблардан бири ярим финал ва финал уч­рашувларини камида 40 минг томошабинни сиғдира оладиган стадионда ўтказиш шарти­дир. Шу талабдан келиб чиқиб, Янги Тошкент ҳудудида 55 минг ўринли стадион қурилиши бошланди. Ушбу лойиҳа аниқ бир турнир эҳ­тиёжи билан боғланди ва глобал стандартлар асосида режалаштирилди.

Шу тариқа халқаро ишончнинг ички мантиғи аниқ кўрина бошлади. Аввал мин­тақа даражасидаги турнирлар, кейин ФИФА даражасидаги мусобақа орқали глобал стандартлар билан ишлаш тажрибаси орт­тирилди. Энди эса йигирма ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати ана шу йўлнинг мантиқий давомига айлан­моқда.

Мазкур спорт фестивалига пухта тайёр­гарлик кўришни назарда тутувчи қарор шу маънода ҳам муҳим ҳужжат бўлди. Унда, аввало, ташкилий масъулият масаласи аниқ­лаштирилди. Жаҳон чемпионатига тайёр­гарлик бир неча идора зиммасига юкланди, вазифалар ўзаро боғланган ҳолда тақсимлан­ди. Давлат бошқаруви, спорт тузилмалари, маҳаллий ҳокимият, хавфсизлик ва логистика йўналишлари ягона жараёнга бирлаштирила­ди. Бу ёндашув тайёргарликни бутун мамла­кат миқёсида мувофиқлаштирадиган ҳаракат­ни талаб қилади.

Шунингдек, ушбу қарор билан ФИФА ва Ўзбекистон футбол ассоциациясининг Тош­кент шаҳрида ФИФАнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий офисини очиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. Бу Ўзбекистон футболнинг минтақавий мар­казига айланиб бораётганини кўрсатадиган муҳим белгидир. ФИФАнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий офисини айнан Тошкентда жойлаштириш таклифини футбол бошқаруви, ташкилий маданият ва институционал тайёрлик масаласида мамла­катга билдирилган ишонч сифатида баҳолаш мумкин. Минтақавий офиснинг Тошкентда фаолият юритиши Марказий Осиё ҳудуди­даги футбол жараёнларини мувофиқлашти­риш, федерациялар ўртасидаги алоқаларни кучайтириш, ФИФА дастурлари ва ташаб­бусларини бевосита ҳудудда амалга ошириш имконини беради. Бу орқали Тошкент шун­чаки мезбон шаҳар эмас, балки минтақавий футбол қарорларининг муҳим муҳокама май­донига айланади.

Қарорда инфратузилма масалалари аниқ йўналишга эга. Стадионлар, машғулот база­лари, муҳандислик ва транспорт тизимлари турнир эҳтиёжидан келиб чиқиб режалаш­тирилади. Шу билан бирга, хавфсизлик ва ташкилий тартиб масалаларига алоҳида аҳа­мият қаратилади. Жаҳон чемпионати ўйин­ларининг майдондаги жараёни билан бирга стадион ташқарисидаги муҳит ҳам назоратга олинади. Томошабинлар оқими, жамоалар ҳаракати, расмий делегациялар билан иш­лаш, трансляция аниқ тартибга солинади. Бундай ёндашув турнир фақат спорт мусоба­қаси эмас, мураккаб ижтимоий жараён сифа­тида кўрилаётганидан дарак. Шундай қилиб, қарор мазмунидан кўринадики, бу масалада асосий мақсад бир неча ҳафта давом этадиган мусобақани ўтказиш билан чекланмайди. Гап ундан кейин ҳам ишлайдиган тизимни шакл­лантириш ҳақида бормоқда.

Бундан келиб чиқадики, 2027 йилги U-20 жаҳон чемпионати якунлангач, майдонлар бўшаб қолмайди, трибуналар сукутга чўм­майди. Катта турнирнинг энг муҳим саволи ҳам айнан шу ерда туғилади: кейин-чи, кейин нима бўлади, ҳаммаси қандай давом этади? Чунки ҳақиқий мезбонлик мусобақа туга­ганидан кейинги босқичларда баҳоланади. Стадионлар ишлашда давом этадими, тизим ўз маромини йўқотмайдими, ёшлар учун очилган эшиклар ёпилиб қолмайдими — ма­саланинг моҳияти ана шу саволлар атрофида шаклланади.

Турнирдан кейинги энг муҳим вазифа ёшлар билан ишлаш жараёнида намоён бў­лади. Жаҳон чемпионати даврида юзлаб ёш футболчилар, мураббийлар, мутахассислар глобал футбол муҳитини бевосита кўради, унинг талаблари ва суръатини ҳис қилади. Бу тажриба машғулот майдонларига, футбол мактабларига, селекция жараёнларига кўча­ди. Бир авлод ўз кўзи билан кўрган даражани меъёр сифатида қабул қилади, кейинги авлод­га ҳам айни талабни қўяди. Шу тарзда фут­бол ичида ички стандарт пайдо бўлади.

Яна бир муҳим жиҳат ташкилий маданият билан боғлиқ. Жаҳон чемпионати давомида ишлайдиган логистика, хавфсизлик, медиа ва сервис тизими кейинчалик бошқа йирик спорт тадбирларига ҳам асос бўлиб хизмат қилади. Ўйин кунидаги тартиб умумий бош­қарув маданиятининг бир бўлаги сифатида қаралади. Бу тажриба спорт доирасидан чи­қиб, кенгроқ ижтимоий майдонга ҳам таъсир кўрсатади.

Асосийси, бу жараён Ўзбекистон футбо­лини бошқаларга кўз-кўз қилиш учун амал­га оширилмаяпти. У, аввало, ўзимиз учун. Келажакдаги футболчилар, мураббийлар, мухлислар, халқимиз — сизу биз учун. Шу боис, бу йўлни бир қарор билан бошлаб, бир турнир билан тугатиб бўлмайди. Футбол ти­рик жараён. У доим ҳаракатда бўлишни талаб қилади. Ўзбекистон футболи ҳозир айнан шу ҳолатда.

Аслиддин АБДУРАЗЗОҚОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири