Тадқиқотнинг асосий мақсади – фойдаланилган автомобиллар комплектациясининг уларнинг нархларига таъсир даражасини баҳолаш қилиб белгилаб олинди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 3 миллиондан ортиқроқ енгил автомобиллар руйхатдан ўтган бўлиб, автомобил савдосининг катта қисми иккиламчи бозорда амалга ошади. Икииламчи бозорнинг ҳажми йилига тахминан 2 миллиард долларни ташкил этган ҳолда, ҳар йили 400-500 мингга яқин олди-сотди шартномалари амалга оширилади. Шу нуқтаи назардан, иккиламчи бозордаги автомобиллар нархларининг шаклланиш қонуниятларини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистонда (қайта) рўйхатдан ўтган транспорт воситалари сони (2018 йил январь = 100%)

Узоқ йиллар давомида автомобилларнинг нархи уларнинг ишлаб чиқарилган йилига боғлиқ бўлмаган, аммо сўнгги йилларда вазият ўзгара бошлади. Бу, асосан, янги машина сотиб олишдаги тўсиқларнинг камайиши билан боғлиқ.

Дастлабки таҳлиллар шуни кўрсатдики, ҳозирги кунда ўрта ҳисобда автоуловнинг бир йилга эскириши унинг нархини 600 долларга пасайтиради. Бироқ, бу ҳисоблаш усули автомобилнинг турли хил хусусиятларини нархга таъсир қилиш эҳтимолини инобатга олмайди. Шу сабабли, ушбу камчиликларни ҳисобга олган ҳолда муқобил усуллардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Веб-скрапинг усули

Ўзбекистоннинг иккиламчи автомобил бозорини таҳлил қилиш учун интернет маълумотларини йиғиш ва қайта ишлашга мослашган махсус веб-скрапинг усули ишлатилди. Дастурнинг асосий хусусиятларидан бири бу машина ўрганиши (Machine learning) усулларидан фойдаланишидир.

Рақамли иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиш даврида кибер майдонда содир бўлаётган воқеалар тўғрисида ўз вақтида ва сифатли маълумот олиш зарурияти ошиб бормоқда. Катта ҳажмдаги маълумотлар ҳар йили муҳим аҳамият касб этмоқда ва ҳозирги кунда ҳар қандай замонавий ташкилот, шунингдек, ҳукуматлар учун катта ҳажмдаги маълумотлардан фойдаланган ҳолда муаммоларни қайта ишлаш бошқарувнинг муҳим жиҳатларидан биридир.

Бироқ, глобал Интернет тармоғида мавжуд бўлган маълумотлар миқдори жуда катта, баъзи тахминларга кўра, 2020 йилда у 40 триллион гигабайтга етиши мумкин ва бу кўрсаткич янада тезроқ ўсиб боради. Шунинг билан бирга, бугунги кунда веб-сайтларни қайта ишлаш, машина ўрганиши ва сунъий интеллект воситалари каби рақамли технологиялар ёрдамида интернетдан маълумотларни олиш осонлашмоқда.

Маълумот учун: веб-скрапинг (web-scraping) – интернетдан маълумотларни автоматик равишда олиш ва йиғиш учун зарур бўлган дастурий таъминот тизими. Веб-скрапинг ишлатишнинг энг кенг тарқалган йўналишларига веб-индекслаш, электрон тижоратда нархларни кузатиш ва таққослаш, бозор тадқиқотлари, маҳсулотларни таҳлил қилиш, савдо маълумотларини тўплаш, шунингдек, ижтимоий тармоқларни ўрганиш киради.

Русуми ва йиллар бўйича ўртача автомобил нархлари, АҚШ долларида

(веб-скрапинг усули орқали йиғилган)

Русум 2014 2015 2016 2017 2018 2019 2020
Chevrolet Captiva, 2 позици 16593 19000 - 24000 - - -
Chevrolet Captiva, 3 позици 19271 20122 20740 19500 - - -
Chevrolet Captiva, 4 позици 20071 21143 24728 25364 28492 35000 36500
Chevrolet Cobalt, 1 позици 7338 7721 8516 8472 8610 8850 -
Chevrolet Cobalt, 2 евро 8107 8025 8306 8043 9471 9742 10467
Chevrolet Cobalt, 2 позици 7971 8150 8459 8768 9141 9647 10041
Chevrolet Cobalt, 3 позици 8292 8379 9231 9236 8225 10273 9982
Chevrolet Cobalt, 4 позици 8184 9029 9350 9967 9813 10595 11349
Chevrolet Damas 6181 6372 6666 7150 7282 7779 8046
Chevrolet Labo - 7450 8063 8280 8748 9186 9007
Chevrolet Lacetti 9213 9262 10000 10900 12233 11235 12413
Chevrolet Lacetti, 1 позиция 8695 9072 9387 9728 10255 11258 11883
Chevrolet Lacetti, 1 позиция 9176 8936 9618 10383 10765 11271 11965
Chevrolet Lacetti, 2 позиция 9009 9215 10000 10100 10889 11105 11833
Chevrolet Lacetti, 3 позиция 9545 10063 9680 11554 11853 12757 13881
Chevrolet Malibu 2 - - - 23978 26212 27457 28051
Chevrolet Malibu, 2 позиция 14977 15466 16493 22700 27438 23934 28857
Chevrolet Malibu, 3 позиция 16033 16900 17750 28000 26350 26789 28352
Chevrolet Matiz 4688 4470 4283 5554 5042 - -
Chevrolet Matiz Best, 2 позиция 5100 4813 6000 5433 5189 - -
Chevrolet Matiz Best, 3 позиция 4543 5063 5404 5513 5108 - -
Chevrolet Matiz, 1 позиция 4394 4493 4055 4862 5216 - -
Chevrolet Matiz, 2 позиция 4435 4504 4765 5180 4875 6000 -
Chevrolet Matiz, 3 позиция 4812 4746 4580 5367 5667 5792 -
Chevrolet Matiz, 4 позиция 4639 4942 5275 5271 5950 - -
Chevrolet Nexia 2 6551 7259 6643 7300 8203 - -
Chevrolet Nexia 3, 2 позици - - 7816 7985 8037 8375 8819
Chevrolet Nexia 3, 4 позици 9000   8478 8498 8907 9461 10182
Chevrolet Spark, 1 позиция 5302 6205 5931 6000 7000 - 8165
Chevrolet Spark, 2 евро позиция 5989 6127 6859 6955 6968 7321 7776
Chevrolet Spark, 2 позиция 5932 6027 6311 6515 6843 7124 7500
Chevrolet Spark, 3 позиция 6022 6235 6336 7140 7528 7714 8714
Chevrolet Spark, 4 позиция 6050 6672 8167 7413 7863 8565 8846
Chevrolet Tracker, 2 позици - - - - 17000 18948 19814
Daewoo Damas 5000 - - - - - 7782
Daewoo Lacetti 9500 8217 9487 9094 - - -
Daewoo Matiz (Standart) 4363 4441 4583 5050 - - -
Daewoo Matiz Best     4550 5000 5500 - -
Daewoo Nexia 5936 5761 6200 - - - 8429
Daewoo Nexia II 6364 6529 6543 - - - -
Kia Carnival - 22915 27199 26500 32833 35000 37500
Ravon Nexia R3 - - 8205 8028 8487 8098 10079
Ravon R4 7908 8200 9500 9094 9570 10014 10534
ВАЗ (Lada) Largus 9061 10455 11214 12249 12825 13918 13624
ВАЗ (Lada) Vesta - 8200 10500 10669 11429 12507 13382
ВАЗ (Lada) Нива 8000 7129 - 11584 10200 10800 12140

Маълумотлар тавсифи

Олинган маълумотларнинг манбаи Uznet тармоғидаги электрон тижорат сайтлари ва савдо майдончалари ҳисобланиб, тахминан 20 минг автомобиллар ҳақида маълумотлар тўпланди. Ҳар бир транспорт воситасининг нархи, русуми, позицияси, ишлаб чиқарилган йили, двигател тури, юрган масофаси, ранги ва бошқа параметрлари бўйича маълумотлар базаси яратилди.

Дастлабки маълумотлар автомобилларнинг ҳақиқий таснифига зид бўлган маълумотлардан тозалангандан сўнг тадқиқ қилинадиган автомобиллар сони 10 минг даражасида сақланиб қолди.

Автомобил кўрсаткичи Кузатувлар сони Ўртача қиймат Стандарт оғиш Минимал қиймат Максимал қиймат
Нархи 10863 7500 4382 750 65000
Ишлаб чиқарилган йили 10863 2012 6 1990 2020
Юрган масофаси 10863 112752 109496 1 500000
Кондиционери бор 10863 0,05 0,22 0 1
Ойналарнинг қорайтирилганлиги 10863 0,04 0,20 0 1
Блютуз бор 10863 0,02 0,15 0 1
Линзали оптика тизими бор 10863 0,01 0,08 0 1
Сигнализацияли 10863 0,01 0,12 0 1
Бошқалар

Таъкидлаш жоизки, бирор бир омилнинг нархга “соф” ҳолдаги таъсирини билиш учун бошқа жиҳатлар бўйича бир хил ва фақат таъсири ўрганилаётган омил бўйича фарқ қиладиган автомобиллар нархларини солиштирилиши мақсадга мувофиқ. Аммо ўхшаш автомобилларнинг сони юздан ортиқ бўлган ҳолатларда икки гуруҳдаги (масалан, фақат ёши бўйича фарқ қиладиган) автомобилларнинг ўртача нархлари солиштирилади.

Марка, ранг, сотилиш жойи ва бошқа жиҳатлари бир хил бўлган ва фақат ёшида фарқ қиладиган автомобиллар солиштириб кўрилганда бир йилга эскириш нархни ўртача 300-400 долларгача пасайишига олиб келиши аниқланди. Шу билан бирга, натижаларга кўра, автоуловнинг юриб ўтган масофаси унинг нархга сезиларли таъсир қилмайди. Буни икки нарса билан изоҳласа бўлади. Биринчидан, ишлаб чиқарилган йили юриб ўтилган масофани аллақачон ўзида акс эттиради, иккинчидан, одометрдаги рақамларни орқага айлантириш амалиёти кенг тарқалганлиги нарх ва юрилган масофа ўртасидаги боғлиқликнинг кўринмай қолишига олиб келади. Шунга ўхшаш фикрлар бу соҳадаги бошқа мутахассислар томонидан ҳам келтириб ўтилган.

Aвтомобилнинг ишлаб чиқарилган йили ўртача юриб ўтган масофаси орасида боғлиқлик мавжуд

Манба: Интернет маълумотларидан фойдаланган ҳолда муаллифларнинг ҳисоб-китоблари.

Шу билан бирга, натижалар шуни кўрсатадики, бир хил марка, позиция, ишлаб чиқарилган йил, аксессуарлар билан жиҳозланган автомобиллар учун ойналарни қорайтирилганлиги нархни ўртача 350 долларга оширади. Бугунги кунга қадар ойнани қорайтиришнинг энг кенг тарқалган турига рухсат олиш учун қарийб 220 доллар тўлаш керак бўлган, қўшимча ўрнатиш харажатларини ҳам инобатга олганда бу натижаларнинг ишончлилиги тасдиқланади. Бундан ташқари, кондиционер совутиш тизими мавжудлиги автомобил нархини 170-200 долларга оширади, шунингдек, аудио тизими ўрнатилганлиги нархни қўшимча 100-120 долларга, Bluetooth имконияти мавжудлиги 240 долларга, премиум русумдаги автомобилларда линзали оптика ўрнатилганлиги 420 долларга қимматлаштиради.

Аммо, сигнализацияли ва сигнализация ўрнатилмаган бир хил характеристикали автоуловлар нархлари ўртасида сезиларли фарқ топилмади. Шунга ўхшаш парда, туман чироқлари, ксенон, сезгичлар, гидравликали бошқарув тизими, люк мавжудлигининг нархга сезиларли таъсири аниқланмади.

Бир хил параметрларга эга бўлган автомобиллар таққослаганда "Каптива" 4 ва 1-позитциялари нархлардаги фарқ 9500 долларни, “Кобалт” 4 ва 1-позитциялари нархлардаги фарқ 1400 долларни, "Кобалт" евро ва миллий версия нархлардаги фарқ 300 долларни, "Лаcетти" 3 ва 1-позиция нархлардаги фарқ 700 долларни, газли ва газсиз "Лаcетти" нархлардаги фарқ 400 долларни ташкил этди.

"Малибу 2" ва "Малибу 1" маркалари ўртасидаги фарқ тахминан 9000 долларни ташкил этди. “Матиз” ва “Нексия 2” маркалари учун автомобилнинг позицияси амалда нархга таъсир қилмаслиги аниқланди, максимал фарқ фақат 100-150 долларгача етиши мумкин.

Шунингдек, натижалар "Нехиа 2"нинг "Донс" ва "Сонс" сериясига тегишлилиги унинг нархига таъсир этмаслигини кўрсатади . Спарк учун иккиламчи бозорда 4-чи ва 1-позициялар қийматининг фарқи 1200 долларни ташкил қилди ва евро версия нархи 300 долларга қимматроқлиги аниқланди.

Ҳар хил русумдаги ва позициядаги автомобилларнинг ўртача нархи (АҚШ долларида)

Ранг ҳам автомобилларнинг нархига таъсир қилиши бор гап. Жигарранг, қора, нам асфалт ва қизил ранг нархнинг ошишига олиб келиши аниқланди. Бундан билиш мумкинки, қора ранг эндиликда ноқулайлик (ювиш учун харажатларнинг кўплиги) рамзи эмас, балки “шохоналик” рамзига айланиб қолган.

Нархга ижобий таъсир қилувчи ранглар қаторида оқ рангнинг йўқлигини бу ранг машинанинг нархига эмас, балки ликвидлигини (сотиб олиш ва сотиш интенсивлиги) ошишига ҳисса қўшиши билан изоҳланиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, интернет-ахборот манбаларидан фойдаланган ҳолда катта ҳажмдаги маълумотларни олиш ва қайта ишлаш бозорларни янада тизимли ва кенг миқёсда таҳлил қилиш, бозорлар ҳолатини тушунтирувчи омилларни аниқлашда кенг имкониятларни яратади.

Бахтиёр Исмоилов,

Бахтишод Хамидов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази