Давлат ва хусусий сектор вакиллари, спорт ташкилотлари раҳбарлари ҳамда 170 минг нафарга яқин ходимларни банд қилган 200 дан ортиқ тадбиркорлар иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда тадбиркорлик субъектларини спортга жалб қилиш ва улар ўртасида мусобақалар ўтказилишини тизимли тарзда йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон корпоратив спорт ассоциацияси ташкил этилди.

Унда Савдо-саноат палатаси раиси Д.Ваҳобов Ўзбекистон корпоратив спорт ассоциацияси раиси, "AKFA GROUP" асосчиси Ж. Ортиқхўжаев раисининг биринчи ўринбосари, "International Beverages Tashkent" МЧЖ ХК директорлар кенгаши раиси Ш.Эргашев раис ўринбосари, Ш.Сатторов ижрочи директор этиб сайланди.

Учрашувда корпоратив спортни ривожлантириш ва оммалаштириш, ассоциация томонидан тадбиркорлар ўртасида спорт мусобақаларини тизимли ташкил этиш асносида маҳоратли ёшларни саралаш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, турли спорт турлари бўйича ассоциация Бошқарув кенгаши аъзолари сифатида қуйидаги йирик тадбиркорлар белгиланди:

  • Бекзод Маматқулов — футбол ва футзал;
  • Зафар Ҳошимов — баскетбол;
  • Баҳодир Абдуллаев — стол тенниси;
  • Мурод Назаров — енгил атлетика.