Тадбирнинг асосий воқеаси сифатида “Ўзбекистон маданий мероси – дунё тўпламларида” туркумидаги китоб-альбомларнинг 40 та янги жилди тақдимотларини кўрсатиш мумкин. Пандемия даврида ҳам Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамиятининг фаолияти тўхтаб қолгани йўқ, аксинча янада муваффақиятли давом этди. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш билан шуғулланиб келаётган ўнлаб ўзбекистонлик ва чет эллик шарқшунос олимлар янги китоблар учун маълумотлар тўплашди.
Қайд этиш лозимки, Бутунжаҳон жамиятининг навбатдаги конгрессида мамлакатимиздан, шунингдек, Россия, АҚШ, Германия, Италия, Венгрия, Франция, Буюк Британия, Туркия, Япония, Албания, Австрия, Афғонистон, Қозоғистон, Греция, Исроил, Ҳиндистон, Иордания, Эрон, Хитой, Ливан, Мўғулистон, БАА, Нидерландия, Украина, Польша сингари 40 га яқин мамлакатдан 350 нафар тарихчи ва шарқшунос олимлар иштирок этиши кутилмоқда.
Конгресс Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг фаолиятига бағишланган ялпи йиғилиш билан бошланади. Жаҳоннинг музей ва кутубхоналарига “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” туркумига оид китоб-альбомларнинг 500 жилдини тантанали топшириш маросими ҳам бўлиб ўтади.