Ҳужжат республика магистрал электр тармоқлари тизимини ривожлантириш, унинг ишончлилиги ва хавфсизлигини ошириш, тизимли аварияларнинг олдини олиш, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида қабул қилинди.
Қарор билан “Диспетчерлик бошқаруви ва маълумотларни йиғиш дастурий-аппарат комплексини (SCADA) жорий қилиш” ва “Жаҳон банки иштирокида магистрал электр тармоқлари подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш (II фаза)” инвестиция лойиҳаларининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари ҳамда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун жалб қилинган ва маблағлар иқтисод қилиниши кутилаётган халқаро молия институтларининг кредитлари рўйхати тасдиқланди.
Шунингдек, электр ускуналарда диспетчерлик бошқаруви тезкорлигини таъминлаш мақсадида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ таркибидаги корхоналар ва “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тасарруфида бўлган 110-500 кВ кучланишли тақсимловчи қурилмалар “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ тасарруфига баланс қиймати бўйича штат бирликлари билан бирга ўтказилади, дея хабар беради Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати.