Жасур альпинистимиз беқарор об-ҳаво шароити, турли мураккабликларга қарамай эришган ютуғини Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлади.

7 июнь куни Сергей Денисенко юртимизга қайтиб келди. Шу муносабат билан Тошкент халқаро аэропортида қаҳрамон ҳамюртимиз кенг жамоатчилик вакиллари томонидан тантанали кутиб олинди.

– Чўққиларни забт этмоқ учун жисмоний тайёргарликнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун жуда катта руҳий қувват ҳам керак, – дейди Сергей Денисенко. – Ҳеч бир муболағасиз айтишим керакки, мен бундай руҳий кучни юртимиздан, ундаги катта ислоҳотлар тўлқинидан олдим. Мамлакатимизда амалга оширилаётган катта ўзгаришлар ҳаммамизни қувонтиради, ҳаяжонга солади. Илгари тасаввур ҳам қилолмаган кенг кўламдаги уй-жойлар қурилиши, янги-янги иш ўринлари, ёшларнинг таълим олиши учун яратилаётган қулай шароит ва имкониятлар, Президентимиз томонидан берилаётган мотивация, интилишлар, ташаббусларнинг қўллаб-қувватлови, халқаро спорт мусобақаларидаги ғалабаларимиз, хуллас, барча-барчаси мени дунёнинг энг баланд чўққисига олиб чиқди.

Эверест чўққисида ўтириб кўз ўнгимдан болаликдаги орзуларим, ота-онам, дўстларим, яқинларимнинг мунис сиймоси, жонажон Ўзбекистонимизнинг сўлим манзаралари бирма-бир ўта бошлади. Забт этилган маррада инсон ўзини Ватанига дахлдор сезар экан.

Ҳаммаси учун раҳмат. Янги марраларни забт этишдан тўхтамаймиз. Бундай интилишлар, муваффақиятлар юртимиз бўйлаб давом этишига ишонаман.