Трумен номидаги тинчлик тадқиқоти институти Марказий Осиё бўлими бошлиғи Зеев Левин мулоҳазалари: 

– Жорий йилда илм-фан, таълим ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган давлат дастури республикада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар бўйича Ўзбекистон раҳбариятининг давомли сиёсатини белгилаб берди. Президент Шавкат Мирзиёев сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ислоҳотларни изчиллик билан давом эттиришга интилмоқда. Мен унинг сиёсатини яхлит ва кўп тармоқли ёндашувлар асосида кўраман. Ўйлайманки, ташқи сиёсат, иқтисодиёт ва жамиятни ҳар томонлама ислоҳ қилиш республиканинг керакли самарадорликка эришишини таъминлайди.

“Сўғдиёна” журнали муҳаррири, шашка бўйича жаҳон чемпиони Маркиэл Фазилов:

- Ўзбекистон бағрикенглик ва меҳмондўстлик чуқур илдиз отган кўп миллатли мамлакат. Бу ерда кўплаб миллат ва динларнинг вакиллари дўстлик ва ҳамжиҳатликда яшаётгани эътирофга моликдир. Ўзбек халқининг меҳмондўстлиги азалдан бутун дунёга маълум. Шуни таъкидлаш керакки, Бухоро яҳудийлари ҳам ўзбек заминига бўлган илиқ ва самимий муносабатларини сақлаб қолишган.

 Сўнгги йилларда Президент  Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилди. Республикада миллатлараро муносабатлар бўйича қўмита тузилган. Ҳа, Ўзбекистон очиқ эшиклар сиёсатини олиб бормоқда. Кўпгина мамлакатлар фуқаролари учун кириш визалари бекор қилинди. Эндиликда Исроил фуқаролари ҳам Ўзбекистондаги ватанларига визасиз ташриф буюришлари мумкин.