Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик ва парламентлараро ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Т.Нарбаева парламентлараро ҳамкорлик, қонун ижодкорлигининг турли жиҳатлари бўйича ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Жумладан, парламент аъзолари кўмагида, биринчи навбатда, икки томонлама келишувларнинг ҳуқуқий асосларини таъминлаб, уларни юқори даражада амалга ошириш доирасида янги сезиларли натижаларга эришиш зарурдир. Бу йўналишда Олий Мажлис ва Жогорку Кенеш ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссия муҳим роль ўйнаши керак.

Ўз навбатида, Н.Шакиев Ўзбекистон Республикаси билан дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш Қирғизистон Республикаси ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини, ўрнатилган яқин, ишончли алоқалар, тўғридан-тўғри ва мунтазам мулоқотлар шарофати билан барча даражаларда сўнгги йилларда икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда сезиларли ижобий динамика кузатилаётганлигини таъкидлади.

Учрашувда томонлар чегарадош ҳудудлар депутатлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш, икки томонлама савдо ҳажмини янада ошириш, шунингдек, маданият, таълим, фан ва санъат соҳаларида икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини муҳокама қилди.

Учрашув якунида Парламентлараро комиссиянинг учинчи мажлисини 2023 йилнинг бошида Ўзбекистон ҳудудларидан бирида ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.