Ташриф доирасида «Ўзбекистон-Польша» парламентлараро дўстлик гуруҳларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, шунингдек, Польша Сенати раиси ўринбосари  Б. Борусевич, Сейм вице-спикери Р. Терлиск ва Мазовия вилояти маршали (раҳбари) А. Струзик билан  учрашувлар ўтказилди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон-Польша муносабатларининг ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари, хусусан, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш, уни янги мазмун билан бойитиш, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасида ўзаро тажриба алмашишни фаоллаштириш масалалари муҳокама этилди.

Мулоқот чоғида икки томонлама парламентлараро мулоқот изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасида ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни фаоллаштиришда ўзаро қизиқиш билдирилди.

Томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни яна-да ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини ҳам кўриб чиқдилар. Иқтисодиётнинг тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати, аграр ва энергетика секторларидаги лойиҳалари устувор йўналишлар сифатида белгиланди.

Икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш мақсадида польшалик парламент аъзолари Польша-Ўзбекистон иқтисодий форумини ўтказишни таклиф қилдилар.

Меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликнинг ишончли икки томонлама асосларини шакллантириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.