Тадбирда етакчи халқаро ва минтақавий спорт ташкилотлари раҳбарлари ва вакиллари, жумладан, Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясининг биринчи вице-президенти, Қатар Олимпия қўмитаси президенти Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Соний, Бутунжаҳон антидопинг агентлиги президенти Витольд Банька, Халқаро гимнастика федерацияси президенти Моринари Ватанабэ, Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Жалуд, “World Boxing” ташкилоти президенти Геннадий Головкин, Халқаро чим устида хоккей федерацияси президенти Муҳаммад Таййаб Икром, Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид, Халқаро самбо федерацияси президенти Василий Шестаков, Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси бош котиби Гунилла Линдберг ва Африка Олимпия қўмиталари ассоциацияси президенти Мустафо Берраф ҳам қатнашди.
Шунингдек, ассамблея ишида махсус меҳмонлар ва расмийлар, хусусан, Америка Қўшма Штатлари Президентининг махсус вакили Паоло Замполли, Россия Федерацияси спорт вазири Михаил Дегтярёв, Саудия Арабистони Подшоҳлиги спорт вазири Абдулазиз бин Туркий Ол Сауд, Қатар ёшлар ва спорт вазири Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Соний ҳамда бошқалар иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида тобора кучайиб бораётган глобал зиддиятларга қарамай, спорт давлатлар ва халқлар ўртасидаги мулоқот, ўзаро англашув ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг универсал воситаси сифатида ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон Президенти Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Сонийни Осиё Олимпия кенгаши президенти этиб сайлангани билан қутлаб, унинг юксак даражадаги касбий маҳорати, салмоқли халқаро тажрибаси ва нафақат Осиё қитъаси, балки бутун дунёда спорт ривожига қўшган улкан ҳиссасини таъкидлаб ўтди.
Ўзбекистоннинг Осиё Олимпия кенгаши билан кўп қиррали ҳамкорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Кенгаш Ижроия қўмитасининг 77-сессияси муваффақиятли ўтказилгани, республикамиз вакили Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президент этиб сайлангани ва 2029 йилги Ёшлар Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш учун Ўзбекистон танлангани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида ҳам сўз юритди.
Уч босқичли “Президент Олимпиадаси” комплекс спорт мусобақалари тизими йўлга қўйилди, замонавий спорт инфратузилмаси, хусусан, Олимпия шаҳарчаси барпо этилди, юқори малакали спортчиларни саралаш ва тайёрлаш тизими кенгайтирилмоқда.
Халқаро майдондаги юксак натижалар, жумладан, 2024 йилда Парижда бўлиб ўтган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчиларининг муваффақиятли иштирок этгани ҳамда юртимизда оммавий спорт ривожланиб, бугунги кунда 15 миллиондан ортиқ аҳоли мунтазам равишда жисмоний тарбия билан шуғулланаётгани қайд этилди.
Халқаро ва Осиё спорт ташкилотлари Ўзбекистон миллий спорт федерациялари билан 20 дан ортиқ битимлар имзолагани таъкидланди.
Хусусан, Халқаро оғир атлетика федерацияси Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Акбар Жўраев номидаги оғир атлетика спорт клубини замонавий илмий ёндашув асосида ривожлантиришга кўмаклашади, Бирлашган кураш дунёси ташкилоти Минтақавий спорт курашлари академиясини ташкил этади. Осиё волейбол конфедерацияси ҳар бир вилоятда 1 тадан волейбол бўйича спорт клубини бунёд этса, Чим устида хоккей халқаро федерациясининг техник кўмагида 2 та стадион қурилади.
Ўзбекистоннинг ҳалол спорт тамойилига амал қилиш ва допингга қарши курашнинг қатъий тарафдори бўлиб қолиши қайд этилди.
Бу борада Тошкентда Марказий Осиё минтақавий антидопинг ташкилотларининг йиғилиши ва халқаро форум ўтказилаётгани муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон барча давлатлар билан спорт соҳасида кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун очиқлигини тасдиқлаб, спорт дипломатиясини ривожлантириш ҳамда қўшма ташаббусларни илгари суришга тайёрлигини таъкидлади.
Тадбир якунида Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Соний олимпия ҳаракатини ривожлантириш, муҳим спорт ташаббусларини илгари суришга қўшаётган алоҳида ҳиссаси учун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг “Шон-шараф” ордени билан тақдирланди.