Унда маълум қилинганидек,  ташриф дастурига мувофиқ, Парижда олий даражадаги икки томонлама музокаралар, Миллий Ассамблея – Франция парламентининг қуйи палатасида учрашув, шунингдек, Франциянинг етакчи компаниялари ва банклари раҳбарлари иштирокида бизнес тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.

“Кун тартибига конструктив сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, биринчи навбатда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, фаол гуманитар ва маърифий алмашувни давом эттириш масалалари киритилган, деб ёзади агентлик. Саммит якунида ўндан ортиқ муҳим икки томонлама ҳужжатлар, шунингдек, инвестиция шартномалари ва савдо битимлари тўплами қабул қилиниши режалаштирилган”.

Ташриф давомида Франция пойтахтидаги жаҳонга машҳур Лувр музейи ва Араб дунёсининг нуфузли институтида Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий меросига оид ноёб кўргазмалар очилиши ҳам маълум қилинган.

Алоҳида таъкидланганидек,  Франция Ўзбекистоннинг Европадаги энг муҳим бизнес шерикларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Франция сармоядорларининг 16 та, жумладан, юз фоизлик францияликлар сармояси асосидаги 2 та компания фаолият кўрсатаётир.

“Франция Ўзбекистон мустақиллигини 1992 йил 3 январь куни тан олган, икки мамлакат ўртасида дипломатия муносабатлари 1992 йил 1 мартда ўрнатилган”, деб ёзади «Fars news» АА.