Унда Арманистон, Белорус, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлари ва вазир ўринбосарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев АСМ МДҲ масалалари бўйича ҳукуматлараро кенгаш раиси этиб кейинги муддатга тайинланди.
МДҲ агросаноат мажмуаси масалалари бўйича ҳукуматлараро кенгаш 1993 йил 29 мартдаги Агросаноат мажмуаси соҳасидаги давлатлараро ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси 2018 йилнинг 26 июлида Кенгаш фаолиятига тўлақонли аъзо сифатида қўшилган.
МДҲ АСМ масалалари бўйича ҳукуматлараро кенгаш йиғилиши доирасида бир қатор масалалар, жумладан Ўзбекистон томонидан кўтарилган МДҲнинг аъзо давлатлари ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб кириш тартибларини соддалаштириш масаласи муҳокама қилинди, деб хабар беради Қишлоқ хўжалик вазирлиги матбуот хизмати.
Мажлисда МДҲ давлатлари билан савдо-сотиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда етакчи ўринни эгаллаши ва кўп йиллар давомида жадал суръатларда ўсишни намойиш этиши таъкидланди.
Шунингдек, экспортга чекловлар қўйилиши сабабли савдо-сотиқдаги узилишлар қатор ижтимоий аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ошишига олиб келиши мумкинлиги алоҳида тилга олинди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда етиштириладиган маҳсулотларнинг 70-80 фоизга яқини Ҳамдўстлик давлатларига йўналтирилади. Жумладан, узум, карам, помидор, ўрик, олма, хурмо ва бошқа 37 турдаги мева-сабзавот учун МДҲ давлатлари асосий харидор ҳисобланади.