Полшанинг Лодз шаҳрида 10 майдан 13 майгача БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФAО) Европа минтақавий конференциясининг 33-сессияси гибрид форматда бўлиб ўтмоқда.
Икки йилда бир марта ўтказиладиган Минтақавий конференция расмий форум бўлиб, унинг доирасида Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги ФAОга аъзо барча мамлакатларнинг қишлоқ хўжалиги вазирлари ва бошқа юқори даражадаги расмийлари озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш масалаларини муҳокама қилиш учун йиғилишади ва бу билан минтақанинг озиқ-овқат тизимлари барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшишади.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев конференцияда сўзга чиқиб, ФAОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий конференциясининг 32-сессияси якунлари бўйича маъруза қилди. Вазир ўтган йили ноябрь ойида мазкур конференциянинг 2022 йилгача раиси этиб сайланган эди.
Владимир Рахманин, ФAО бош директори ўринбосари ҳамда Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили таъкидлаганидек, “Вазир Ходжаев ўз нутқида Ўзбекистонда ўзи раислик қилган ФAОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий конференциясининг 32-сессияси доирасида олиб борилган ишларнинг барча жиҳатларини акс эттириб берди. Шу нуқтаи назардан, у озиқ-овқат хавфсизлиги, агро-озиқ-овқат тизимлари ва бошқа кўплаб соҳаларга оид масалаларга тўхталди. Вазир, шунингдек, минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик ва ФAО билан ҳамкорлик муҳимлигини ҳам таъкидлаб ўтди. ФAО минтақавий бюроси 2020-2022 йилларда минтақавий конференцияга самарали ва конструктив раислик қилгани учун вазир Ходжаевга миннатдорчилик билдиради. Биз Ўзбекистон билан минтақавий ва глобал миқёсда самарали ҳамкорликни давом эттиришдан умидвормиз”.