“Ўзбекистон қишлоқ аҳолисининг қарийб учдан икки қисми қишлоқ хўжалиги ҳисобига кун кўрмоқда ва уларнинг кўпчилиги озиқ-овқатга бўлган жаҳон талаби ўсиб бораётганини ўзида ҳис қилмоқда, - дейилади мақолада. - Бу босимни камайтириш учун Ўзбекистон 2030 йилгача қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган тармоқ дастури бўйича режаларни амалга оширишни тезлаштирди”.
Нашрда қайд этилганидек, мазкур дастур доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ошириш мақсадида 1,1 миллион гектар ташландиқ ерни босқичма-босқич тиклаш бошланди. Маълумотларга кўра, асосий эътибор лалмикор ва яйловларни ўзлаштириш йўли сифатида сувни тежайдиган технологиялар, жумладан, дискрет суғориш ва эгилувчан қувурларга, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўли сифатида экинларни диверсификация қилишга қаратилган.
“Бундан ташқари, юридик ва жисмоний шахсларга қишлоқ хўжалиги ерлари иккиламчи ижарага берилди, ёрдамчи хўжаликларда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш кафолатланди, пахта хомашёси ва ғалла учун давлат томонидан белгиланган харид нархлари бекор қилинди”, - дея хабар бермоқда CNN.
Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг очлик ва қашшоқликка қарши курашиш стратегияси доирасида у БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан «Келажак авлод учун “ақлли” қишлоқ хўжалиги» лойиҳаси бўйича кучларни бирлаштирган. Унинг мақсади барқарор ишлаб чиқаришни таъминлаш, шунингдек, иссиқхона сабзавотларини йиғишдан кейин қайта ишлаш ва сотиш учун илғор технологиялардан фойдаланишдир.
“Ушбу лойиҳа қишлоқ хўжалигининг келажаги илғор технологиялар эканини исботламоқда. Айниқса, иссиқхоналар ҳақида гап кетганда бу фикр янада долзарбдир. Лойиҳа иқлим шароитини бошқариш, ҳосилдорлик даражасини ошириш ва назорат жараёнларини оптималлаштиришга хизмат қилади. Ўзбекистон фермерлари учун бу барқарор иқлим таъсирига дош бера оладиган ва агробизнеснинг кейинги авлодига хизмат кўрсатиш учун етарли даражада мослашувчан ақлли инфратузилмани яратиш имкониятини беради”, - дейилади мақолада.
«Cable News Network» (CNN) — штаб-квартираси Жоржия штатининг Атланта шаҳрида жойлашган бўлиб, 1980 йилда ташкил этилган ва туну-кун янгиликларни ёритувчи биринчи телеканал хисобланади. CNN доимий обуначи сифатида дунё бўйлаб 449 миллиондан ортиқ телетомашабинга эга. Ижтимоий тармоқлардаги обуначилар сони: Твиттер – 53,3 миллион киши, Фейcбук – 38 миллион киши, Инстаграм – 14,7 миллион киши.