Ҳашар Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар партия ташкилоти, Тошкент шаҳар Махсустранс давлат унитар корхонаси ҳамда Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Шунингдек, Ислом Каримов номидаги техника университетининг бир гуруҳ экология йўналишида таҳсил оладиган талабалар ва «Ёшлар қаноти» етакчилари билан биргаликда полигонда чиқиндилар муаммоларини ўрганиш мақсадида экотур ҳам ташкил этилди.

Тадбирда шунингдек, Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар партия ташкилоти ходимлари, Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Тошкент шаҳар Махсустранс давлат ишлаб чиқариш бошқармаси, Ислом Каримов номидаги техника университетининг бир гуруҳ талабалари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгаши депутатлари, Оҳангарон чиқиндилар полигони ходимлари, «Ёшлар қаноти» етакчилари ва Экопартия фаоллари иштирок этди.

Ушбу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад – Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳудудида, жумладан чиқиндилар полигонида мавжуд муаммолар ҳақида мутахассислар ва у ерда яшовчи аҳоли фикрини ўрганиш, талаба ёшлар учун когнитив экскурсия ташкил қилиш, Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар партия ташкилоти, Тошкент шаҳар Махсустранс давлат унитар корхонаси ҳамда Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишлаб янги ЭКО боғ барпо этиш.

Экологик ҳашар давомида ЭКО боғ учун махсус ҳудуд тайёрланди, ҳудудда тозалаш ишлари олиб борилди. Шунингдек «Оҳангарон» чиқиндилар полигони ҳудудидаги мавжуд дарахтлар суғорилди.

БМТнинг маълумотига кўра, атроф-муҳит ифлосланиши, экологик ҳолатини ёмонлашиши оқибатида дунё бўйича бир йилнинг ўзида 12 миллион инсон оламдан кўз юмади ва булардан 3 миллиондан ортиғи гўдаклар ва ёш болаларни ташкил қилади.

Бу каби тадбирлар ўсиб келаётган ёш авлодда она табиатни севишга, теварак-атрофни осойишта ва покиза сақлаш ҳақидаги тушунчаларини шакллантиришга ёрдам бериб, ҳаёт сифатини ҳам яхшилайди.

Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши