Учрашувда шунингдек, «VEON» компаниялар гуруҳи маслаҳатчиси Борис Тадич, «VEON» компаниялар гуруҳининг ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ва ҳукумат идоралари билан ўзаро муносабатлар бўйича ижрочи вице-президент Виктор Бирюков ҳамда «Unitel» МЧЖ ижрочи директори Анджей Малиновскийлар иштирок этишди.

Учрашувнинг асосий мавзуси – «Unitel» МЧЖ томонидан Ўзбекистон Республикасида халқаро Интернет тармоғига киришни эркинлаштириш бўйича тайёрланган лойиҳанинг муҳокамаси бўлди.

Мазкур лойиҳа амалга оширилса, Ўзбекистондаги ахборот технологиялари соҳасига қўшимча тарзда чет эл инвестицияларини олиб кириш имконини беради (6 миллион доллардан зиёд) шунингдек, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳолига интернет учун сарфланадиган маблағни камайтириш имконини беради.

Бундан ташқари учрашув давомида соҳадаги бошқа долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Шахрух Шарахметов хизмат кўрсатиш услубларини қайта кўриб чиқиш ва контент-провайдерлар хизматини яхшилаш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Зеро, бугунги кунда истеъмолчилар тармоқда йўқ рақамларни адашиб терганда, унинг розилигисиз пуллик хизмат кўрсатиш контент-провайдерларга уланиб қолмоқда.

Шунингдек, Қўмита раиси мобил маълумотларни узатиш хизмати учун товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган тадбиркорлик субъектларини аниқлашда янгича ёндашув ҳақида маълумот берди. Зеро, жорий йил 20 майдан бошлаб «Unitel» МЧЖ мобил маълумотларни узатиш хизмати учун товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган тадбиркорлик субъектларининг Давлат реестрига киритилди, авваллари «Unitel» МЧЖ мобил алоқалари бўйича хизмат кўрсатувчи сифатида Давлат реестри рўйхатида эди.

Учрашув сўнгида томонлар бошланган ҳамкорликни давом эттиришга, ҳамда келгусида бу каби суҳбатларни давомий бўлишига келишиб олишди, деб хабар беради Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати.