Муҳокамаларда таъкидланганидек, Қонун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мақомини ҳамда сайлов тизимини такомиллаштиришга, сайлов иштирокчиларининг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришга, шу жумладан, маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўйича сайлов қонунчилигидаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган.

Қонун билан ҳар йиллик маҳаллий бюджетларда бўшаб қолган депутатлик ўринлари учун сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш тартиби, шунингдек, ушбу жараёнда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатлари белгиланади.

Ушбу ўзгаришлар вакиллик органлари фаолиятининг самарали ташкил этишга хизмат қилиши, фуқароларнинг ўз вакиллари орқали давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини ҳар томонлама амалга оширишлари учун шарт-шароит яратади.

Сенаторлар Қонун билан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасидан келиб чиқиб, қонунчиликка оғир ва ўта оғир жиноят содир этганлиги учун озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайлов ва референдумда иштирок этишга оид ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қўшимча кафолатлар белгиланганлигини ҳам қайд этдилар.

Қонун фуқаролар йиғинлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаши қайд этилди. Хусусан, Қонунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролар йиғини раисининг мақомига оид айрим қонун ҳужжатларининг нормалари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 127-моддасига мувофиқлаштириляпти.

Сенаторлар томонидан Қонун билан бўшаб қолган ўринларга ҳамда янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини ўтказиш тартиби билан боғлиқ айрим ҳуқуқий бўшлиқлар ҳам бартараф этилаётганлиги таъкидланди.

Ялпи мажлисда Қонун билан таклиф этилаётган янги нормалар ва тартиб-таомиллар Европа Иттифоқи, Грузия, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Озарбайжон, Беларус, Арманистон, Украина каби хорижий мамлакатлар тажрибасига ҳамоҳанглиги таъкидланди.

Муҳокамалар давомида Қонун халқаро стандартлар, хусусан, Европа Кенгаши Венеция комиссияси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти тавсиялари, Демократик сайловлар, сайловга доир ҳуқуқ ва эркинликлар стандартлари тўғрисидаги конвенция талабларига мос эканлиги таъкидланди.

Сенаторлар Қонун сайлов тизимини такомиллаштиришга, сайлов иштирокчиларининг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришга, фуқаролар йиғинлари фаолиятининг ва референдумда иштирок этишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этдилар.

Муҳокама якунида сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун маъқулланди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.