Таъкидланганидек, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий-ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини такомиллаштириш борасида қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Бироқ, қонун ва қонун ости ҳужжатларини янада тартибга солиш доираларини белгилаш, уларда жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарликни, шунингдек хўжалик бошқаруви органларининг ваколатларига кирувчи масалаларни ҳамда корпоратив муносабатларни тартибга солишни назарда тутадиган ҳуқуқий нормалар аниқ белгилаш тақозо этмоқда.

Қонун 14 та моддадан иборат. Унга мувофиқ 7 та кодекс ҳамда 5 та қонунга, хусусан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Бюджет, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига, шунингдек «Нотариат тўғрисида»ги,

«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги, «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида»ги ҳамда «Давлат божи тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, кучли таъсир қилувчи моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилганлик учун жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда ҳамда мазкур жиноятларни малакалашда ва ҳуқуқни қўллашда ягона амалиёт шаклланиши таъминланмоқда.

Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиб, маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиб Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасида назарда тутилган санкция янги таҳрирда қабул қилинмоқда ҳамда мазкур модда иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда.

Ўсимлик дунёси объектларини йиғиш, тайёрлаш ва улардан фойдаланиш тартибини бузганлик учун, шунингдек Озон қатламига зарарли таъсир кўрсатишнинг олдини олишга доир талабларни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси сифатида қайд этилмоқда.

Шунингдек, «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонунга «йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома» тушунчаси, йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома тузиш учун асослар, транспорт воситалари эгалари ва суғурталовчиларнинг йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома тузиш чоғидаги ҳаракатлари билан боғлиқ нормалар киритилмоқда.

«Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида»ги Қонуннинг 20-моддаси янги таҳрирда қабул қилиниб, Ҳисоб палатасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси экспертизасини ва ўрта муддатли давр учун фискал стратегия таҳлилини ўтказиш соҳасидаги вазифалари белгиланмоқда.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши киритилиши аҳоли саломатлигини асраш, шунингдек кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйишга, бу турдаги жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.