Томонлар делегацияларига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳромжон Аълоев ва Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин бошчилик қилди.
Маслаҳатлашувлар иштирокчилари Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик муносабатларининг кенг кўламли масалаларини, икки давлат Раҳбарларининг учрашувлари якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга оширишни муҳокама қилдилар, шунингдек, 2023 йилга мўлжалланган режаларни белгилаб олдилар.
Томонлар конструктив сиёсий мулоқотни янада фаоллаштиришга тайёр эканликларини билдирдилар. Ўзбекистон ва Россия парламентлари, ҳукуматлари ва иқтисодий тузилмалари томонидан ўтказиладиган тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.
Халқаро институтлар доирасидаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
Маслаҳатлашувларда маданий-гуманитар алмашинувларни жадаллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.