“Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва рақамлаштириш, транспорт ва энергетика тармоқларида барқарор инфратузилмани яратиш, “яшил” саноат қувватларини ишга тушириш, “ақлли” қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли.

Президентимиз “Муқобил энергетика соҳасига инвестиция ва технологияларни жалб этмасдан ва “яшил” водородни ишлаб чиқаришни йўлга қўймасдан туриб, Марказий Осиё минтақасини барқарор ривожлантириш мумкин эмас. Биз қайта тикланувчи энергия ресурсларига бой Марказий Осиё жаҳон энергетика бозорларига “яшил” энергия етказиб берадиган йирик экспортчига айланиши учун катта қадамлар ташлаяпмиз. Марказий Осиёни “яшил” иқтисодиёт ва “тоза” энергия марказларидан бирига айлантирамиз”, дея таъкидлади.

Ўзбекистон “яшил” тараққиёт йўлида кўп векторли халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқда. “Яшил” тараққиёт йўлидаги ислоҳотларни амалга оширишда халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар муҳим ўрин тутади. Жумладан, ШҲТнинг халқаро миқёсдаги нуфузи ошиб, глобал муаммоларни ҳал этишда етакчи ташкилотлардан бирига айланмоқда.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2024 йилда ШҲТга аъзо мамлакатлар майдони Евроосиё қитъасининг 65 фоизини ташкил этган ва 35 миллион километр квадратга тенг. Умумий аҳолиси 3,5 миллиард кишидан ортиқ. Ялпи ички маҳсулоти ҳажми эса қиёсий нархларда жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 33,7 фоизини ташкил этади.

ШҲТ фаолияти фақат сиёсий ва ҳарбий масалаларни ҳал этиш билан чекланиб қолгани йўқ. Ташкилот доирасида иқтисодий ҳамкорликнинг ҳам муваффақиятли ривожланаётгани кузатилмоқда. Унинг иқтисодий ҳамкорлиги товарлар, капиталлар, хизматлар ва технологияларнинг эркин ҳаракатланиши, савдо ва инвестициялар учун қулай шарт-шароит яратиш, транспорт ва коммуникация соҳасидаги инфратузилмадан самарали фойдаланиш, аъзо давлатларнинг транзит имкониятларини янада ошириш, энергетика тизимини ривожлантириш каби қатор глобал мақсад ва вазифаларни қамраб олади. Иқтисодий нуқтаи назардан, энергетика соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш ШҲТга аъзо бўлишда жалб этувчи омилдир. Жумладан, ШҲТ Энергетика клуби фаолиятида Осиёнинг кўплаб давлатлари иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда.

Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг аксарияти иқлим ўзгариши, сув тақчиллиги, энергетика хавфсизлиги, атроф-муҳит ифлосланиши каби муаммоларга дуч келаётган мамлакатлардир. Бу масалалар иқтисодиёт, ижтимоий барқарорлик ва минтақа мамлакатлари хавфсизлигига бевосита таъсир кўрсатиб, глобал иқлим ўзгариши шароитида янада долзарб ва салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда.

Биринчидан, инсоният тоза ва хавфсиз ичимлик сувдан фойдаланиш билан боғлиқ жиддий муаммога дуч келмоқда. Аҳоли сонининг ортиб бориши, урбанизация жараёни жадаллашуви, иқлим ўзгариши ва сув ҳавзаларининг ифлосланиши шароитида тоза ичимлик сувдан фойдаланиш имконияти чекланиб бормоқда. Халқаро ташкилотларнинг ҳисоб-китобига кўра, 2050 йилга қадар дунёда сув истеъмоли 1,5 баробар ортиши мумкин ва ушбу ҳолат сув ресурслари тақчиллигини янада кучайтиради.

Иккинчидан, энергетика хавфсизлиги ШҲТ доирасида муҳокама қилинаётган яна бир муҳим йўналиш бўлиб, энергия истеъмолининг ортиши ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Аъзо мамлакатлар энергия ресурсларини ишлаб чиқарувчи, транзитини амалга оширувчи ва истеъмолчи давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратмоқда. ШҲТ аъзолари томонидан 2030 йилга қадар қабул қилинган Энергетика соҳасида ҳамкорлик стратегиясида трансчегаравий инфратузилмаларни модернизациялаш ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш масалаларига устувор аҳамият берилган.

Ўзбекистонда энергетика хавфсизлигини “яшил” иқтисодиёт моделига ўтиш орқали таъминлаш устувор вазифадир. Жумладан, Президентимиз тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида сўзлаган нутқида “Биз иқтисодиётимизни барқарор энергия ресурслари билан таъминлаш учун айнан “яшил” энергетикани ривожлантиришга қаттиқ бел боғлаганмиз. Ўтган қисқа даврда бу соҳага қарийб 6 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келди. Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 59 миллиарддан 82 миллиард киловатт-соатга етди. Кейинги беш йилда бу кўрсаткич 120 миллиард киловатт-соатдан ошиб, “яшил” энергия улуши 54 фоизга етади”, деб таъкидлади.

Учинчидан, илғор, ресурс тежайдиган, энергия самарадор, “яшил” технологияларни ривожлантириш. Ушбу технологиялар атмосферага чиқарилаётган иссиқхона гази миқдорини кескин қисқартириш, атроф-муҳитга инсон томонидан етказилаётган зарарни камайтириш, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш учун хизмат қилади.

ШҲТнинг шу билан боғлиқ тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик дастурлари амалга оширилмоқда. Истиқболда тикланадиган энергетика соҳасига юқори технологияларни жорий этиш ва инвестицияларни рағбатлантиришнинг комплекс режаси ишлаб чиқилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, 2024 йилда ШҲТда “Яшил белбоғ” дастурини 2024-2026 йилларда амалиётга татбиқ этишнинг ҳамкорликдаги режаси ишлаб чиқилди ва амалга оширилмоқда.

Тўртинчидан, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари глобал муаммо сифатида инсониятнинг барқарор ривожланишига жиддий таъсир кўрсата бошлади. Ушбу муаммони ҳал этиш дунё ҳамжамиятидан БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси тамойилларига асосланган ҳолда биргаликда ҳаракат қилиш зарурлигини талаб этади. Бунинг учун жамият ва иқтисодиётни барқарор инклюзив ривожланиш йўлига ўтказиш зарур.

ШҲТ доирасида муҳокама этилган масалалар орасида энергетика мавзусига устувор аҳамият берилгани бежиз эмас. Ташкилот таркибида энергия ресурслари етказиб берувчи, истеъмол қилувчи ва транзит имконияти юқори йирик мамлакатлар мавжуд. Шу боис, Энергетика соҳасида ҳамкорлик концепцияси қабул қилиниши ва Энергетика вазирликларининг мажлисини ташкил этиш ушбу йўналишнинг устувор аҳамиятга эга эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Аъзо мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиш даражасида табақаланиши ва энергия ресурслари нотекис тақсимлангани соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш, фаолиятдаги энергетика инфратузимасини модернизациялаш ва янгиларини қуриш учун илғор хориж тажрибасидан фойдаланиш долзарблигини янада оширади.

ШҲТнинг йирик аъзоларидан бири – Хитой энергетика соҳасида “яшил” технологияларга ўтиш борасида мувофаққиятли ислоҳотларни амалга ошираётгани билан ажралиб туради. Мамлакат миллий иқлим маркази маълумотларига кўра, 2024 йилда ўрнатилган қуёш ва шамол энергетикасининг қуввати 1,25 миллиард киловаттга тенглашди.

Прогнозларга кўра, Ўзбекистонда 2035 йилга қадар электр энергияси истеъмоли ҳозиргига нисбатан 1,7 баробар ортиши кутилмоқда. Ўсиб бораётган талабни қондириш учун энергетика соҳасида узоқ муддатли ривожлантириш дастурлари қабул қилинган.

Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик ташқи савдо ҳамкорларидан. Ундан келаётган инвестиция асосан энергетика, инфраструктура, транспорт ва саноат соҳаларига қаратилган. Мисол учун, йирик транспорт ва логистика лойиҳалари туфайли биргина 2024 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 12,4 миллиард доллардан ошди. Шу билан бирга, Хитойнинг Ўзбекистондаги тўғридан-тўғри инвестициялари 10 миллиард доллардан ошган.

Бундан ташқари, Хитой компаниялари мамлакатимиздаги “яшил” энергетика дастурларига фаол жалб қилинган. Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида қуёш электр станциялари ишга туширилди. Улар умумий ҳисобда 1,5 гигаваттдан ортиқ тоза энергия ишлаб чиқармоқда.

ШҲТ доирасида энергетика бозори учун рақобатбардош нархлар таклиф этилаётгани Ўзбекистон учун улкан имконият яратади. Арзон “яшил” технологиялар ва арзон нарх сиёсати туфайли мазкур нуфузли ташкилот аъзолари энергетика соҳасида Ўзекистоннинг стратегик шеригига айланиши мумкин.

Абдураҳим ВАҲОБОВ

Ўзбекистон Миллий университети

Макроиқтисодиёт кафедраси мудири,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессори

Шуҳрат ҲОЖИБОҚИЕВ,

Макроиқтисодиёт кафедраси катта ўқитувчиси.