Нашрларда таъкидланишича, сўнгги беш йилдаги ислоҳотлар Ўзбекистон тараққиётида янги босқични бошлаб берди ва «Янги Ўзбекистон» концепцияси ҳақиқатга айланди, деб хабар беради «Дунё» АА.
Мақолалар муаллифларининг сўзларига кўра, янги стратегиянинг еттита устувор йўналиши мамлакатда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, фуқаролар ва этник гуруҳлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, одамларнинг маънавий оламини янада ривожлантириш, Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, кам таъминланган аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, халқаро майдонда мамлакатнинг обрў-эътиборини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Стратегияда, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари бузилиши, жумладан, қийноқларга қарши курашиш, адолатни таъминлаш, одам савдосига, коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, гендер тенглик, қонун устуворлиги ҳамда инсон ҳуқуқларига ҳурматни таъминлаш бўйича бошқа муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидлаган.
«Мазкур саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон Конституциясининг асосий тамойилини амалга оширишда янги туртки беради. Мамлакат Бош қомусининг 7-моддасида «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир», деб қайд этилган, — дейилади нашрда. — Ўзбекистон Президентининг мамлакат келажагини барпо этиш бўйича Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида «давлат инсон учун» тамойилининг асосий ғоя сифатида илгари сурилиши ҳам бежиз эмас».
Материалда қайд этилишича, Ўзбекистон қийноқларнинг олдини олишнинг миллий механизмлари ҳақида махсус қонун қабул қилиш ниятида. Президент Фуқаролик кодексининг янги таҳририни қабул қилиш ва адолатни таъминлаш ташаббуси билан чиқди. Ҳукумат инсон ҳуқуқлари бўйича жамоатчилик хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратишга ҳаракат қилмоқда. Болалар ҳуқуқлари бўйича махсус курслар ўтказиб келинмоқда, жамиятда аёллар ролини ошириш ва уларга бепул юридик маслаҳат кўрсатиш тизими ривожланмоқда.
«Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга содиқлигини тасдиқлади. Бу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ислоҳотларнинг муваффақиятига хизмат қилади. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва конституциявий эркинликларига ҳурмат билан ёндашиш эса халқаро майдонда Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини янада мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, глобал фуқаролик жамиятини, ривожланаётган иқтисодиётни ва сиёсий плюрализмни қуришда аҳолининг самарали салоҳиятини очишга ёрдам беради», — деб ёзади Италия оммавий ахборот воситалари.