Учрашув давомида сиёсат, савдо, инвестициялар, таълим соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, маданий-гуманитар мулоқотни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Турли даражаларда ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар ва ташрифларнинг алоҳида жиҳатлари муҳокама қилинади.

Ўзбекистон ва Сербиянинг салмоқли савдо-иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида товарлар ассортиментини кенгайтириш, Ўзбекистон-Сербия ҳукуматлараро комиссиясини ташкил этиш ва унинг йиғилишини ўтказиш, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати энергетика соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш таклиф қилинди.

Инвестицияларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, меҳнат ресурсларини жалб қилиш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик, сертификатлаштириш, шунингдек, фан ва технологиялар соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик бўйича қатор икки томонлама битимларни имзолаш масалаларини ишлаб чиқиш бўйича келишиб олинди.

Томонлар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида туризмни эътироф этдилар. Сербиялик инвесторларнинг Ўзбекистонда янги туризм инфратузилмасини қуриш ва мавжуд обектрларни реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари, маданият ва соғлиқни сақлаш муассасалари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришдан Ўзбекистон ва Сербиянинг манфаатдорлиги қайд этилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Сербия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида Ҳамкорлик ва маслаҳатлашувлар тўғрисидаги протокол имзоланди. Ҳужжат икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилишини тартибга солади.