Охирги бир неча йил барча соҳаларда амалда оширилган ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар, туб ислоҳотлар ва бу борада эришилган улкан ютуқлар миқёс жиҳатидан мустақил Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган ҳодиса бўлди ва халқаро муносабатлар, ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий алоқаларда янги даврни бошлаб берди. Айни пайтда, муваффақият билан амалга оширилган муҳим ташқи сиёсий ташаббуслар натижаси ўлароқ, халқаро майдонда кенг миқёсдаги юксак натижаларга эришилмоқда.

Маълумки, замонавий халқаро муносабатлар уларда кўп томонлама дипломатиянинг роли ортиб бораётганлиги билан ҳам характерланади. Кўп томонлама дипломатия халқаро ҳаётнинг Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ) ва бошқа универсал халқаро ташкилотларнинг фаолияти билан боғлиқ кўплаб муҳим жабҳаларини қамраб олади. Ўтган қисқа даврда Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг белгиловчи асосий йўналишларидан бири — турли хил универсал ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида БМТ ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар билан шериклигимиз сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

Халқаро муносабатлардаги ҳозирги мураккаб шароитда Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятида жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашув, шу жумладан, БМТ билан ҳар томонлама ўзаро манфаатли ва конструктив ҳамкорлик алоқаларини янада тараққий эттириш йўналиши жадал илгариламоқда ва уни тартибга солишга қаратилган давлат сиёсати ҳам эволюцион ривожланиш йўлидан кетмоқда.

БМТнинг юқори минбаридан Ўзбекистон бугун дунёни ташвишга солаётган долзарб масалалар бўйича нафақат муносабат билдирувчи, балки уларнинг ечими бўйича аниқ таклиф бераётган, кун тартибини ўз мавқеига эга давлат сифатида ўзини намоён қилмоқда.

БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш”, “Маърифат ва диний бағрикенглик”, “Марказий осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш” деб номланган учта махсус резолюциялари қабул қилиниши БМТ Бош Ассамблеяси томонидан бир овоздан маъқулланиши Ўзбекистоннинг БМТ фаолиятига қўшаётган ҳиссасининг эътирофидир. Ўзбекистон БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини қабул қилишга доир яна бир ташаббусни илгари сурмоқда.

Ўзбекистон ва БМТ: ўзаро ҳамкорлик 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) халқаро тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган, давлатлар халқаро ҳаёти ва ҳамкорлигининг барча йўналишларида фаолият кўрсатадиган бетакрор, тарихан муҳим ва универсал ташкилотдир. 1945 йил 24 октябрда кучга кирган БМТ Низомида ташкилотнинг тузилмаси, можароларни ҳал қилиш ва тажовузкор ҳаракатлар, тинчлик ва хавфсизликка таҳдидларга жавоб беришнинг асосий тамойиллари мустаҳкамланган. Ушбу сана БМТ ташкил топган кун сифатида бутун дунёда кенг нишонланади. Ташкилот тузилгандан кейин ўтган деярли 75 йил ичида биринчи ва иккинчи жаҳон урушларига ўхшаш уруш бошқа юзага келмаслиги учун халқаро муносабатларни мустаҳкамлади. Ҳозирги кунда БМТ замонавий халқаро муносабатларнинг бутун тизимидаги марказий институционал бўғин ҳисобланадиган муқобили йўқ универсал ташкилотдир.

Маълумки, бундан 28 йил олдин, 1992 йил 2 март куни янги суверен давлат —Ўзбекистон Республикаси жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди. Шундан буён биз ўз масалаларимизни ҳал этишда ҳар доим БМТнинг кўмагига таяниб келмоқдамиз.

Дунёда кечаётган ҳозирги глобаллашув жараёни инсоният тараққиётига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга, ўзида турли таҳдид ва хавф-хатарларни ҳам намоён этмоқда. Ана шундай шароитда давримизнинг энг обрўли халқаро тузилмаси — БМТ билан тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида самарали ҳамкорлик қилиш халқимизнинг туб миллий манфаатларига тўлиқ мос келади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи Ўзбекистон—БМТ муносабатларининг янги босқичини бошлаб берди. Президентнинг сессияда сўзлаган нутқида, “Биз қатъий ишонамиз, БМТ бундан кейин ҳам халқаро муносабатларда ҳал қилувчи ўрин тутади” деган фикри республикамизнинг ташқи сиёсий позициясини изоҳлаб берди. Мазкур мустаҳкам сиёсий-дипломатик позиция давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган глобал ва минтақавий аҳамиятга эга ташаббусларда яна бир бор ўз ифодасини топди.

БМТ дастурлари сони ортмоқда

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда БМТнинг ўндан ортиқ дастурлари, жамғармалари ва агентликлари, жумладан, БМТ Тараққиёт дастури (БМТ ТД), Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО), Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (БМТ НЖБ), ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури (ЮНЕЙДС), Гендер тенглиги ҳамда аёллар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалалари бўйича тузилмаси (БМТ - аёллар), Марказий Осиёда Превентив дипломатия минтақавий маркази, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ ҳўжалиги ташкилоти ҳамда БМТ ТД раҳбарлиги остида БМТ кўнгиллилар дастури сингари бир қатор ихтисослашган муассасалари фаолият олиб бормоқда.

Ўз навбатида Нью-Йорк шаҳрида Доимий ваколатхона ва Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги Доимий ваколатхона фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон кейинги йилларда БМТнинг Женевадаги бўлими билан ҳамкорликни янада кучайтирмоқда. Ўзбекистон БМТнинг Бош Ассамблеяси ва бошқа ихтисослаштирилган муассасалари фаолиятидаги ўз иштирокини ҳам фаоллаштирди

Мамлакатимизга БМТ Бош котиби, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар, БМТнинг Диний эътиқод бўйича, Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси бўйича махсус маърузачиларининг амалга оширган ташрифлари катта аҳамиятга эга бўлди.

2018 йилнинг ноябрь ойида БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди ташкил этилди. Мазкур фондга шу куннинг ўзида Хитой, Норвегия, Қатар сингари бир қатор давлатлардан донорлик маблағлари келиб тушгани, буларнинг барчаси Орол муаммосининг чин маънодаги бутунжаҳон муаммоси сифатида тан олинганлигидан далолат беради.

Бундан беш йил аввал БМТга аъзо давлатлар 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш кун тартибини қабул қилганди. Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича Миллий индикаторлар муваффақият билан амалда татбиқ этилмоқда. Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсати БМТнинг 2015—2030 йилларда амалга оширилиши лозим бўлган Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда тўлиқ ҳамоҳанг бўлиб, мамлакатимиз Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича ўзининг биринчи Ихтиёрий миллий шарҳини кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиб, БМТнинг Иқтисодий ва Ижтимоий кенгашига тақдим этди.

Ўзбекистон учта глобал онлайн мунозара-тадбирлар циклига қўшилди

Бугунги кунда БМТ олдида турган энг долзарб масалалар, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро аренада ўсиб бораётган ролини муҳокама қилиш мақсадида мамлакатимиз Мамлакатимиз БМТ Бош котиби илгари сурган “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 йиллиги: келажакка нигоҳ”мавзусида туркум Глобал мунозаралар ўтказиш ташаббусини тўла қўллаб-қувватлади. Шу ташаббус доирасида жорий йил давомида миллий ва халқаро ҳамкорларимиз билан учта глобал онлайн мунозара-тадбирлар циклига қўшилди.

Глобал мунозараларнинг биринчиси  “Ўзбекистон ва БМТ: Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги ҳамкорлик” деб номланди. Анжуман 2020 йил 26 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилди. Президент Шавкат Мирзиёев Форум иштирокчиларига мурожаатида таъкидлаганидек, “Ўзбекистон БМТнинг Низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро шартномаларнинг мақсад ва тамойилларига содиқ ҳамда ўз зиммамизга олган мажбуриятларимизни оғишмасдан бажариб келмоқдамиз. Бу биз амалга ошираётган, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар стратегиясининг энг муҳим йўналишларидан биридир”.

Глобал мунозараларнинг иккинчиси — 2020 йил  21 июль куни “Барқарор ривожланиш мақсадлари ва барқарор ижтимоий тараққиёт: COVID-19 асоратларидан кейин самарали тикланиш” мавзуида видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилди. Унда парламент палаталари, тегишли вазирлик ва идоралар, БМТ ва унинг ихтисослаштирилган тузилмалари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтказилган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Глобал мунозараларнинг учинчиси 2020 йилнинг 12-13 август кунлари ўтказилган “Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзуидаги Самарқанд веб-форуми. Бу глобал мунозара, Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, “Нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон ёшлари ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликни кучайтиришга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади”. Унда “Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” номли Самарқанд резолюцияси қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, 2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга — 2021-2023 йилларга сайланиши мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан тўлиқ эътироф этилаётгани белгиси ҳамда бу Ўзбекистоннинг БМТ доирасидаги муҳим халқаро ташаббуслар ижодкорига айланиб бораётганидан далолат.

Шу тариқа Ўзбекистон ҳамда БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муваффақият билан равнақ топмоқда. Бундан кейин ҳам Ўзбекистон Республикасининг жаҳондаги йирик халқаро ташкилот БМТ билан муносабатлари тенглик ва манфаатли шериклик асосида ривожланиб бораверади.

Шуҳрат РАҲМОНОВ,

Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази доценти,

юридик фанлар номзоди