Мана шу қизғин ва шукуҳли жараёндаги изчил ўзгаришларнинг бир қисми соғлиқни сақлаш соҳаси билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Чунки ривожланган, замонавий тиббиётсиз соғлом миллат ва халқни, ҳар жиҳатдан расо ва тўкис генофондни тасаввур қилиб бўлмайди. Биз интилаётган янги уйғониш даврига эса ўткир тафаккур, соғлом ақл, баркамол вужуд орқали етиб борилади.

2025 йил тиббиёт соҳасидаги қизғин ташаббус ва саъй-ҳаракатлар йили сифатида ҳам тарихга муҳрланмоқда. Хусусан, шу йил 7 май куни Президентимиз раислигида тиббиётнинг бирламчи бўғини ва ихтисослашган муассасаларда хизматлар сифатини ошириш, дори истеъмолини тартибга солиш ҳамда тиббий таълимни такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашга доир ҳал қилувчи вазифалар белгиланди.

Жумладан, “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастури бошланиши эълон қилинди. Мана шу ташаббус доирасида қатор салмоқли натижаларга эришилди. Тизимни рақамлаштириш жараёнини давом эттириш, бирламчи бўғинни аҳолига яқинлаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш каби йўналишларда қилинган ишлар катта мақсадлар йўлида мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.

Бу жараёнда давлат тиббиёт муассасалари билан бирга хусусий клиникалар ҳам фаол иштирок этди. Чунки мақсад муштарак ва ягона — халқимизнинг саломатлигини сақлаш, касалликларнинг олдини олиш ва самарали даволаш орқали сифатли турмуш даражасини таъминлаш. Мана шу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ Жанубий Корея тажрибасига асосланган, беморни бошдан-оёқ текширувдан ўтказишни назарда тутувчи замонавий даволаш-профилактика тизимини ишга туширдик. Одатда тирикчилик важи туфайли айрим юртдошларимизнинг соғлиғига эътибор бермагани, касалликнинг охирги босқичидагина шифокорга мурожаат этганини танқид қиламиз. Менимча, бу халқимизнинг чидамлилик, сабр-бардош ва матонат туйғулари билан боғлиқ.

Азалдан бобо-момоларимиз бирор жойи оғриса, дарров ётиб олишни ўзига лозим кўрмаган. Фарзандларининг саломатлиги, бекам-кўст вояга етиши ҳақида қайғурган. Бола-чақаси уйли-жойли бўлгач эса уларга иқтисодий жиҳатдан оғири тушишини истамаган. Ҳозир халқимизнинг иқтисодий ҳолати анча барқарор. Фарзандлар ҳам ота-оналарининг саломатлиги, узоқ яшаши ҳақида қайғурмоқда. Биз ишга туширган янги текширув-профилактика тизими мана шундай юртдошларимизнинг талаб ва истаклари ҳосиласидир. Қолаверса, бу давлатимиз юритаётган сиёсат нечоғлиқ тўғри ва адолатли эканини кўрсатади.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 ноябрь куни тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан ўтказган учрашуви соғлиқни сақлаш соҳасида аввал берилган топшириқлар ижросини кўриб чиқиш, эришилган натижаларни мустаҳкамлаш ва аниқланган камчиликларни ҳал қилишнинг самарали усулларини йўлга қўйиш борасида навбатдаги салмоқли қадам бўлди.

Президентимиз соғлиқни сақлаш соҳасидаги янгиланиш ва ўсиш кўрсаткичлари хусусида тўхталар экан, фаолиятимизга алоқадор ҳамда бизни руҳлантирадиган муҳим жиҳатни — тиббиётда хусусий сектор улуши ортиб бораётганини алоҳида қайд этди. Жумладан, сўнгги саккиз йилда хусусий клиника ва лабораториялар сони 3 карра кўпайиб, 9000 га, улардаги шифо ўринлари 57 мингга, шунингдек, улар кўрсатаётган тиббий хизмат турлари эса 50 тадан қарийб 130 тага етгани таъкидланди.

Бугун хусусий клиникалар давлат шифохоналари билан тенгма-тенг туриб, айрим юқори технологик хизматлар бўйича олдинга ҳам ўтиб кетгани, масалан, жарроҳликда робот технологиялари ҳам биринчилардан бўлиб хусусий секторда қўллангани эътироф этилди. Ҳатто хусусий клиникаларнинг замонавий аппаратларни самарали ишлатиш тажрибасини ўрганиш кераклиги қайд этилди. Бу эътироф ишларимиз бесамар кетмаётгани, юртдошларимиз саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашга интилишимиз давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганининг ифодасидир.

Давлатимиз раҳбари қайси соҳа ривожи ҳақида сўз юритмасин, унда ўтказилаётган ислоҳотлар марказига халқни рози қилиш масаласини қўяди. Жумладан, мазкур йиғилишда ҳам Президентимиз масаланинг шу жиҳатига урғу бераркан, бундай деди: “Бугун одамларнинг ҳаётга муносабати ҳам, талаб ва эҳтиёжлари, дунёқараши ҳам тубдан ўзгарди.

Бу бошқа соҳалар қатори тиббиётда ҳам сифатни ошириш, замонавий ёндашувлар олиб кириш бўйича олдимизга янги вазифаларни қўймоқда. Шу боис, тиббиётда халқнинг баҳосини эшитадиган тизимни жорий қиламиз”.

Ҳақиқатан ҳам шундай: бугун одамларнинг тиббий хизматга муносабати, талаби мутлақо бошқача. Энг илғор ва замонавий муолажа хизматларидан фойдаланишни истайди. Бу эса барча турдаги тиббиёт муассасалари жамоасидан илм-фан ютуқлари билан ҳамнафас ва ҳамқадам бўлиш, даволашнинг энг самарали услуб ва технологияларини ўрганиш ва амалиётга жорий этиш, замонавий текширув, таҳлил қилиш ва ташхислаш жиҳозларини қўллашни талаб этади. Бусиз ҳеч қайси клиниканинг фаолияти ривожланмайди ва аҳолининг тиббий хизматларга талабини қаноатлантира олмайди. Чунки айни пайтда соҳадаги рақобат ниҳоятда қизғин.

Мамлакатимизда тиббий хизматлар сифатини оширишга қаратилган юксак эътибор, берилаётган имконият ва имтиёзлар туфайли клиникалар фаолиятига ҳар куни янгилик кириб келяпти. Даволашнинг янгидан-янги усулларини йўлга қўйяпти. Мижозлар ишончини қозонишга қаратилган муттасил саъй-ҳаракатлар соҳа ривожланишига ижобий таъсир этяпти.

Президентимиз ҳозир тиббий хизматларнинг 30 фоизи хусусий сектор томонидан кўрсатилаётгани, илғор ташаббуслар ҳам улардан чиқаётганини таъкидлаб, хусусий шерикликни кенгайтириш бўйича барча таклифларни кўриб чиқишга тайёрлигини билдиргани хусусий клиникалар фаолиятига мутлақо бошқача стимул беради.

Йиғилишда хусусий тиббиёт клиникаларида кўрсатилаётган хизмат нархлари арзон экани, келгусида ҳам тиббиётда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва уларга қўшимча шароитларни яратиш давом эттирилиши таъкидланди. Хусусан, келгуси йилдан тиббий ускуна, жиҳоз ва тез ёрдам машиналарини олиб кириш бўйича имтиёз 3 йилга узайтириладиган бўлди. Умумий овқатланиш корхоналарига ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш бўйича берилган имтиёз хусусий тиббиёт ташкилотларига ҳам қўлланади.

Замонавий кўп тармоқли клиникаларни ташкил қилиш ва уларни жиҳозлаш учун тадбиркорларга 200 миллион долларлик имтиёзли ресурс ажратилади. Бу маблағ келгуси йилдан бошлаб тадбиркорларга 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан 17 фоиз ставкада берилади. Бу имтиёзлар ниҳоятда катта қўллаб-қувватлов. Уларнинг аҳамиятини хусусий клиника раҳбари сифатида мен ва бошқа ҳамкасбларим жуда яхши биламиз.

Давлат ниманинг ҳисобидан имтиёз беради? Албатта, ўз манфаати, даромад манбаини бой бериш эвазига. Бу Ўзбекистон ўз халқининг саломатлиги, тансиҳатлиги учун ҳамма нарсага тайёр эканига яққол далилдир. Учрашувда Президентимиз айтган оташин жумлалар юрагимда муҳрланиб қолди: “Мен шифокор эгнидаги оқ либосни нафақат касб белгиси, балки Ватанга чексиз садоқат рамзи деб биламан”.

Оқ ранг — поклик, мусаффолик, ҳалоллик, раҳмдиллик, меҳр-шафқат белгиси. Демак, эгнига тиббиёт ходими либосини кийган инсон мана шу фазилатлар қатори Ватанга, халққа, Президентга садоқатни ҳам зиммасига олган бўлади. Биз жамоамизга профессионал, шу билан бирга, эгнидаги либосга муносиб ходимларни қабул қилишга алоҳида эътибор қаратамиз. Чунки шифокор, умуман, тиббиёт нафақат шифо улашувчи, беморлар дардига дармон бўлувчи юксак малакали мутахассис, балки ширинсухан, хушмуомала, инсон қадрини биринчи ўринга қўювчи меҳр-шафқат соҳиби бўлиши ҳам шарт. Ўзим гувоҳи бўлган бир мисолни айтиб бермоқчиман. Яқин тарихимизда атрофимиздаги давлатларда шифокор бўлиб ишлаётган юртдошларимизнинг мижози кўп бўлган. Хусусий клиника раҳбари бунинг сабабига қизиқиб қолган. Чунки шифохонадаги бошқа мутахассислар ҳам юқори малакали, ҳатто тажрибали ҳам. Шунда беморлар орасида сўровнома ўтказилади. Натижага қаранг: келган хасталарга ўзбек шифокорининг хушмуомалалиги, ширинсуханлиги маъқул бўлган экан. Касал одамнинг кўнгли ниҳоятда нозик бўлади, сал нарсани ҳам юрагига яқин олади. Буни яхши билган ва амал қилган шифокорнинг иши икки карра осон битади: мижози унга ишонади ва хасталикни тез енгади. Ҳамкасбларим билан мулоқотда мана шу ҳақиқатни доим уқтираман.

Айни пайтда мамлакатимизнинг қўшни давлатлар билан яқин алоқалари кун сайин мустаҳкамланиб, дўстона сиёсат самараси юртимиздаги клиникаларга келаётган мижозлар сонида ҳам яққол кўринмоқда. Биргина бизнинг клиникага 2023 йили қўшни давлатлардан 1861 та, бошқа хорижий мамлакатлардан 625 та мурожаат бўлган. Жорий йилда бу кўрсаткич мос равишда 2328 ва 863 тани ташкил этди. Бу нафақат бизга, балки ўзбек тиббиётига билдирилаётган ишонч белгиси. Уни оқлаш учун янада кўп ва илмга таяниб, меҳнат қилишимиз, ўқиб изланишимиз, замонавий медицина ютуқларини фаолиятимизга татбиқ этиб боришимиз шарт. Мамлакатимизни минтақанинг тиббиёт хабига айлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар суръати биздан шуни талаб қилмоқда.

Ҳусниддинхўжа ҲОМИДХЎЖАЕВ,

“DAVO” клиникаси раҳбари