Учрашув аввалида Агентликнинг ташкил этилиши, фаолияти ва асосий вазифалари ҳақида қисқача маълумот берилди. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат бошқаруви академияси ва “Эл-юрт умиди” жамғармасининг кадрларни тайёрлаш ва давлат хизматини малакали ходимлар билан таъминлашнинг яхлит катта тизими эканлиги маълум қилинди.
Бугунги кунда Агентлик Туркия Инсон ресурслари офиси билан яқиндан ҳамкорлик олиб бораётганлиги, Туркиянинг иқтисодий-эркин зоналарни ташкил этиш, қурилиш, туризм соҳаларидаги тажриба ва эришган ютуқларини ўрганиш фойдали бўлиши қайд этилди.
Ўз навбатида О.Бекар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик фаол ривожланиб бораётганлигини маълум қилди. Туркия Республикаси Президентининг жорий йил 29-30 март кунлари Ўзбекистонга ташрифи доирасида Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши якунлари бўйича Қўшма баёнотнинг имзоланиши Туркия Инсон ресурлари офиси билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда катта туртки бўлганини билдирди.
О.Бекар Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ўзбекистонлик давлат хизматчиларининг Туркияда мақсадли ва самарали малака оширишини ташкил қилишда амалий ёрдамга тайёрлигини маълум қилди.
Элчи Ўзбекистонда сўнгги беш йилда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, катта ўзгаришларни юқори баҳолади ва эндиликда давлат хизматида юқори малакали кадрлар сонини кўпайтириш муҳимлигини билдирди. Ўзбекистоннинг барча соҳаларда ҳар томонлама ривожланишидан Туркия манфаатдор эканлигини таъкидлади. Шунингдек, элчихона бошқа соҳаларда ҳам малака ошириш ва стажировкаларни ташкил қилиш имкониятлари ҳақида доимий хабардор қилиб боришини маълум қилди.
Учрашувда давлат хизмати соҳасини ривожлантириш бўйича келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари белгиланди.