– Жаноб Меҳмет Эрол, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстона муносабатларни янги босқичда, кўтаринки руҳда давом эттириш даври бошланмоқда. Куни кеча Туркия Республикаси  Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг бизнинг юртга ташрифи, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг дўстлик руҳидаги қарашлари ҳам шундан далолат беради. Шу маънода, суҳбатимизни Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичидан бошласак. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг  тараққиёт стратегияси ислоҳотларни амалга оширишда қанчалик муҳим, деб ўйлайсиз?

– Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, ўзбек халқи ва ўзбек давлати эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Ҳужжатдан кўзланган асосий мақсад, бу – “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш учун зарур чора-тадбирларни амалга ошириш ва керакли механизмларни фаоллаштиришдан иборат. Шу нуқтаи назардан, мазкур ҳужжатни янги Ўзбекистоннинг кейинги беш йилга мўлжалланган "Йўл харитаси десак, асло муболаға бўлмайди. Бир нарсани тан олиш керак, Президент Шавкат Мирзиёев ўз лавозимига киришиши ҳамоноқ Ўзбекистон дунё билан конструктив алоқаларни ўрнатди. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатнинг иқтисодий ҳаётида шиддатли бурилиш ясади. Чунки Ўзбекистон иқтисодиётни либераллаштириш жараёнларини рағбатлантирмоқда, хусусийлаштириш босқичи изчиллик билан амалга оширилиб, монополияга қарши курашмоқда ва натижада мамлакатда рақобатбардош эркин бозор тартиби барпо этиляпти.

Шубҳасиз, ушбу ислоҳотлар  Ўзбекистонга инвестициялар оқимини тезлаштиради. Сармоялар ҳисобига аҳолининг бандлиги таъминланади, ишсизлик даражаси камаяди.

Бундан ташқари, нархларда юзага келган барқарорлик инфляциянинг пасайишига олиб келади. Бундай ҳолатда ўзбек халқининг харид қобилияти ошади. Ўзбекистонда инфляция даражаси 2017 йилнинг декабрь ойида 18,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилнинг декабрь ойидаёқ 10 фоизга тушди. Шу билан бир қаторда, 2023 йилнинг декабрь ойигача инфляцияни 5 фоизга тушириш мақсад қилинган. Бу, шубҳасиз, Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган қатъий қадамларнинг самарали натижасидир.

Тараққиёт стратегияси доирасида Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот беш йил ичида 1,6 баробар ошиши кўзда тутилган. Шунингдек, 2030 йилга бориб, аҳоли жон бошига даромадни 4 минг долларга етказиш мақсад қилинган. Бу мақсадларга эришиш учун барча тармоқларда, хусусан, саноат, машинасозлик, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, энергетика соҳаларида юқори ўсиш суръатларига эришиш белгиланган.

Дарҳақиқат, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида мамлакатни иқтисодий ривожлантириш доирасида амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларнинг мақсадли вазифалари белгилаб берилган. Бу, янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида қўлланилиши керак бўлган стратегиядир.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда энергетика, кимё ва фармацевтика саноатлари, қайта тикланувчи энергия манбалари, мебелсозлик, туризм каби тармоқларни кенгайтириш бўйича амалга ошириладиган ислоҳотлар Тараққиёт стратегияс ида белгилаб берилган йўналишга мос келади. Шунингдек, стратегияда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик сиёсатида ўзини ўзи таъминлаши кўзда тутилган. Демак, келажакда юртингиз озиқ-овқат хавфсизлиги тўлиқ таъминланган давлатга айланади. Бу умр кўриш давомийлигини ошириш ва соғлом жамият барпо этиш демакдир.

Буларнинг барчасига эришиш учун бошқарувда шаффофлик, қонун устуворлиги тамойили ҳукмрон бўлиши мақсад қилинган. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган янги Ўзбекистон замирида айнан шу мақсадлар жам бўлган.

Дунёнинг нуфузли давлатларидан бирига айланишни мақсад қилган Ўзбекистон фаровон жамият барпо этиш учун иқтисодиётни либераллаштириш жараёнига катта эътибор қаратмоқда. Бу Ўзбекистон ҳукуматининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш борасидаги саъй-ҳаракатларида ҳам яққол кўзга ташланаётир.

Бугун Ўзбекистоннинг “Учинчи  Ренессанс даври” ўзбек халқи манфаатлари устувор бўлган, фаровон жамият қуришга интилувчи оқилона стратегияга асосланади. Бу стратегия ҳамда унда белгиланган “Йўл харитаси” жиддий ислоҳотлар қатъийлик билан амалга ошишини таъминлайди.

– Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг қайси жиҳатларини халқаро муносабатлар нуқтаи назаридан энг аҳамиятлиси, деб ҳисоблайсиз? 

– Бу ерда бир нарсани таъкидлаб ўтиш жоиз, Ўзбекистоннинг иқтисодиётни либераллаштириш борасида олиб бораётган сиёсати унинг ташқи сиёсати билан чамбарчас боғлиқ. Шавкат Мирзиёев ўз лавозимига киришганидан буён Ўзбекистон халқаро муносабатларда ўзининг тинчликсевар позициясига алоҳида аҳамият қаратди. Шу билан биргаликда, ўзаро манфаатли ҳамкорлик сиёсати орқали ҳар бир давлат учун нуфузли ва салоҳиятли ҳамкорга айлана олди.

Ҳозирда Афғонистондаги воқеалар ривожи асносида кўплаб давлатлар ўз миллий манфаатларига эришиш йўлида катта сиёсат олиб бормоқда. Ўзбекистон эса, кўпроқ халқ дипломатиясига устуворлик қаратмоқда. Бу ёндашув Афғонистонни халқаро ҳамжамиятдан ажратиб қўйишдан кўра, уни минтақавий жараёнларга жалб этишга ундамоқда.

Шу ўринда, Ўзбекистоннинг 2017–2021 йиллар давомида илгари суриб келган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида минтақавий ҳамкорликка  хизмат қилувчи бир қатор ташаббусларини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Жумладан, Марказий Осиёдан Ҳинд океани портларига чиқадиган трансафғон транспорт коридорлари (“Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” ҳамда “Мозори-Шариф – Ҳирот” темир йўллари), “Сурхон – Пули Хумри” электр узатиш тармоғи, Термиз халқаро савдо маркази, Ўзбекистон ва Афғонистон чегараолди эркин иқтисодий зоналари барпо этиш каби йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси нафақат мамлакат конструктив дипломатиясининг ютуғи, балки Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўра биладиган раҳбар эканидан ҳам далолатдир.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотига ҳам ўз ҳиссасини қўша бошлади. Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев Ғарб билан муносабатларини ривожлантирмоқда. Ўзбекистоннинг кўп векторли ташқи сиёсати мамлакатни сармоядорлар учун жозибадор қилиш имконини бермоқда. Умуман олганда, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати мамлакатни иқтисодий ривожлантириш мақсадларига хизмат қиляпти.

Ўзбекистон давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши асносида халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлмоқда. Бу бевосита Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида эришилиши кўзда тутилган иқтисодий натижалар билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Зеро, Ўзбекистон ҳукумати ташқи сиёсатда шаклланган муносабатларни сармояга айлантиради ва бу босқичма-босқич мамлакат орзусини рўёбга чиқаради.

Марказий Осиё – Каспий – Кавказ – Туркия – Европа орқали Хитой, Россия, Турк дунёси давлатлари, халқаро ташкилотлар билан икки томонлама алоқаларини ривожлантирган Ўзбекист он “Ўрта коридор” орқали Ғарбга йўл очади. Чунки Ўзбекистоннинг  тараққиёт стратегиясида барча давлатлар билан ҳамкорлик қилиш, жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувга катта аҳамият берилган.

Назаримда, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси Туркиянинг тараққиёт режа ва истиқболлари билан жуда ўхшаш. Шу маънода, ҳар икки давлат ҳам ўз халқининг тинч ва фаровон турмуши учун хизмат қилишни, жаҳон иқтисодиётининг қудратли дастагига айланишни мақсад қилган.

– 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига ҳисса қўшадими? Бу борада ҳам ўз фикрингизни билдирсангиз.

– Шавкат Мирзиёевнинг Президент этиб сайланиши Туркия ва Ўзбекистон муносабатларида муҳим воқеа бўлди, десам асло муболаға бўлмайди. Мамлакатларимиз ҳамкорлиги, айниқса, сўнгги беш йилда анча жонланди. Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил октябрда Туркияга ҳамда Режеп Таййип Эрдоғаннинг 2018 йил апрелда Ўзбекистонга давлат ташрифлари ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаб, самарали ҳамкорликка кенг йўл очди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, олий даражадаги Ўзбекистон – Туркия стратегик шериклик кенгашининг ташкил этилиши икки давлат ўртасидаги яқин ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишида муҳим роль ўйнади. Албатта, бу ўзгаришларда Президент  Шавкат Мирзиёевнинг ҳиссаси катта. Зеро,  Ўзбекистон раҳбари 2020 йилда Туркияга ташрифи чоғида бундай деган эди:

“Сўнгги икки йилда амалга оширган ишларимиз келажакда тарихнинг зарҳал саҳифаларига муҳрланишига ишончимиз комил. Бугун бўлиб ўтган олий даражадаги Стратегик шериклик кенгашининг биринчи йиғилиши дўстона муносабатларимиз тарихида янги саҳифа очди”.

Ҳа, таъкидлаш жоизки, бу кенгаш икки томонлама муносабатлар тарихида янги мулоқот форматидир. У 2018 йилда давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотига мувофиқ тузилган.

2021 йилда Президент Шавкат  Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Туркияга ташриф буюрди. Ташриф чоғида Ўзбекистон раҳбари қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

“...Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Ўзбекистоннинг қардош давлатлар билан умумий савдо айланмаси икки баравар кўпайди. Қолаверса, кўрсаткичлар бугунги салоҳиятимизга мутлақо муносиб эмас, десак хато бўлмайди... Аъзо мамлакатларда, хусусан, Туркияда бу соҳада тўпланган тажрибани ҳисобга олиб, “ақлли шаҳарлар”ни қуриш ва инновацияларни ривожлантириш бўйича таж риба алмашиш учун экспертлар ва IТ-мутахассислар учун  доимий платформа яратиш муҳим аҳамиятга эга...”.

Мана, куни кеча Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Ташриф доирасида олий даражадаги Ўзбекистон – Туркия стратегик шериклик кенгашининг иккинчи йиғилишида икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Изчил мулоқотлар ва муштарак интилишлар натижаси ҳамкорлик ривожида яққол намоён бўлмоқда. Масалан, кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш 2,5 баробарга ўсиб, 3,6 миллиард доллардан ошди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Туркия инвестицияси иштирокида 1500 дан зиёд корхона фаолият юритиб, 500 миллион долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Эътироф этиш керакки, бу жараёнлар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида ҳам изчил давом этади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Туркияга мис, плита, рух, нефть мойлари, ўғит, консерва маҳсулотлари, олтин, қўрғошин, ипак экспорт қилмоқда. Туркиядан эса дори-дармон, трейлер, пластмасса буюмлар, тозалаш воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш машиналари импорт қилинмоқда.

Бугун Ўзбекистон ҳукумати иқтисодиётни ривожлантириш йўлида бор имкониятларидан самарали фойдаланишга бел боғлаган. Шу нуқтаи назардан, у 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида “Йўл харитаси”ни яратишга муваффақ бўлди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистонда туркиялик сармоядорлар сонининг ошишига туртки бўлиши шубҳасиз.

Бу борада бизда ҳам катта рағбат бор. Умуман олганда, Туркия ўз тадбиркорларининг Ўзбекистонга инвестиция киритишини ҳамиша қўллаб-қувватлаб келган. Зеро, Ўзбекистон Республикаси билан Туркия Республикаси ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш стратегик муҳим аҳамиятга эга эканини унутмаслигимиз зарур.


“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Анвар Шеров суҳбатлашди.

“Янги Ўзбекистон” газетаси № 65 (587), 2022 йил 1 апрель.