Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга расмий ташрифи давомида икки ҳукумат ўртасида инглиз тилини ўқитиш ҳамда олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида иккита англашув Меморандуми имзоланган эди.

АҚШ билан самарали ҳамкорлигимизнинг яна бир ёрқин намунаси – бу Тошкентда Вебстер университети марказининг очилишидир. Ҳозирда, унда иқтисодиёт, бизнес бошқаруви, медиакоммуникация, инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш мутахассисликлари бўйича бакалавр ва магистратура дастурлари амалга ошириляпти.

Шу билан бирга, вазир А.Тошқулов Ўзбекистон АҚШ билан кўпроқ техника ва муҳандислик соҳасидаги фанларни ривожлантириш, шу соҳаларда кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ бўлган ҳамкорликдан манфаатдорлигини билдирди. Шулар қаторида энергетика ва муқобил энергия манбалари, машинасозлик, архитектура ва қурилиш, тўқимачилик ва кимё саноати технологиялари, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва фармацевтика каби муҳим соҳалар ҳам бор.

Ўз навбатида Элчи Дениел Розенблум ўтган йил давомида оғир пандемия шароитларига қарамасдан икки томоннинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли талабаларга таълим бериш ва профессор-ўқитувчилар билан тажриба алмашиш учун бир қатор америкалик олим ва мутахассисларни жалб қилинганлигини таъкидлади.

Элчи Розенблюм икки томон ҳамкорлик қилаётган соҳаларни санаб ўтди. Биринчи навбатда, бу Марказий Осиё университетлари шериклик дастури (UniCEN). Ушбу дастур Ўзбекистоннинг 22 та университетини америкалик ҳамкасблар билан бирлаштириб, муҳандислик, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги, инглиз тили, экотуризм, давлат бошқаруви ва бизнес йўналишларини қамраб олади.

Профессор-ўқитувчиларини малакасини ошириш дастури (The Faculty Enrichment Program) Ўзбекистон университетларидан бир нечта гуруҳ ўқитувчиларни тажриба орттириш учун АҚШга юборади.

Элчи ўз навбатида ушбу имкониятларни Ўзбекистоннинг янада кўпроқ университетларига кенгайтириш йўлида вазирлик билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди, деб хабар беради Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати.